Линклар

Яманда вафот этган ўзбек шифокори Муборакда дафн қилинди

  • Садриддин Ашур

Ямандаги ўзбек-тожик шифокорлари

Ямандаги ўзбек-тожик шифокорлари

Шартнома асосида Яман араб республикасида ишлаган ўзбекистонлик шифокор уйга қайтишидан сал олдин вафот қилди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, оиласи билан Яманда истиқомат қилган шифокор Ўзбекистонга кетиш учун ҳужжатларини расмийлаштиргани Сана шаҳрига келганда меҳмонхонада ўлиб қолган. Унинг жасади Қашқадарё вилоятининг Муборак туманига олиб келиниб, дафн қилинган.

Ямандаги Ҳудейда вилоятининг Базил туманида шифокор бўлиб ишлаган 43 яшар Илҳом Қурбоновнинг жасади ўтган ойнинг охирида ўзи истиқомат қилган Қашқадарё вилоятининг Муборак туманига олиб келиниб, дафн қилинди.

Яман шаҳрининг пойтахти Сана шаҳрида шифокорлик қилаётган ўзбекистонлик шифокорлардан бирининг айтишича, у таниш бўлган Илҳом Қурбонов юрак хуружидан вафот этган:

- Меҳмонхона хонасини очаётганда мен ўзим бор эдим. Полиция келди, экспертлар келди. Расмга туширишди. Ўлиб ётган жойида бурнидан қон келиб турган эди. Бу юракнинг бирданига тўхтаб қолгани белгиси эди, деди шифокор.

Илҳом Қурбоновни яхши таниган тожикистонлик шифокорлардан бирининг айтишича, у Ўзбекистонга қайтишга тайёргарлик кўраётган эди:

- Мен бу йигитни яхши танийман. Ноябрь ойининг бошларида Санага, менинг олдимга келиб, Ямандан қандай қилиб чиқиб кетиш мумкинлигини суриштирди. Россиянинг МЧСи самолёти билан кетмоқчи эди. Шаҳардаги меҳмонхоналардан бирида яшаётганди. Унинг кетишига ёрдам бераётган араблардан бири билан доим алоқада бўлган. 12 ноябрь куни арабга телефон қилиб маззам бўлмаяпти, дебди. Араб ишимни тугатиб олдингга ўтаман, дебди. Шомдан кейин борса хонасининг эшиги ёпиқ экан. Телефон қилса жавоб бермасмиш. Кейин полиция чақириб, эшикни бузиб киришса ўлиб ётган экан, - деди шифокор.

Унинг айтишича, Илҳом Қурбоновнинг ўлимига нима сабаб бўлгани аниқ эмас:

- Унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган дейишди. Лекин бу юзаки хулоса, чунки жасад ёриб кўрилмаган, деди шифокор.

Санадаги ўзбек шифокорига кўра, Илҳом Қурбоновнинг жасади маҳаллий ташкилотлардан бирининг кўмагида Ўзбекистонга юборилган:

- Илҳомнинг хотини ҳам дўхтир бўлган. Ўзи билан бирга ишларди. Бир нафар фарзанди бор эди. Илҳомнинг хотини келганидан сўнг биз Санадаги ўзбеклар ўзимиз ёрдам қилиб пул йиғдик. Санадаги ташкилотлардан бири билан гаплашдик. Ташкилот йўл ҳужжатларини қилиб берди. Илҳомнинг хотини 25 ноябрь куни эрининг жасадини Иордания ва Туркия орқали Тошкентга олиб кетди, деди шифокор.

Яман республикасида юзлаб ўзбекистонлик шифокорлар шахсий контракт орқали меҳнат қилишади.

Исми сир қолишини сўраган ўзбекистонлик шифокорлардан бирининг айтишича, жорий йил бошида Саудия етакчилигидаги коалиция ҳарбий самолётлари Яман шаҳарларини бомбардимон қилишни бошлаганидан сўнг юзлаб ўзбекистонлик шифокорлар Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг самолётларида бу мамлакатни тарк этган эди:

- Бомбардимон катта шаҳарларда бўлган эди. Биз жануб вилоятларида ишлаймиз. Биз томон тинчлик. Ўшанда анча шифокорлар чиқиб кетган эди. Ҳозир энди анча тинчиди, ўша шифокорлар яна қайтиб келяпти экан. Баъзи маълумотларда Яманда 3000дан ортиқ ўзбекистонлик шифокор бор дейилади. Бу анча бўрттирилган кўрсаткич. Чунки мен аниқ биламан, мен яшайдиган вилоятда 22 нафар ўзбек шифокори бор. Яманда 12та вилоят бўладиган бўлса, ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг, - деди шифокор.

Санадаги ўзбек шифокорининг айтишича, айни пайтда Яманни бомбардимон қилиш тўхтаган:

- Бир ойлар бўлди Сана тинчиб қолди. Бошқа бомба ташлагани йўқ. Ким билади, балки яна ташлаб қолиши мумкин, деди шифокор.

Ямандаги нотинчликлар жорий йилнинг аввалида бошланган эди. Бу мамлакатда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик шифокорларнинг айримлари Яманда Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчилари ҳокимиятни эгаллашга ҳаракат қилаётган шиа исёнчилари билан жангларни бошлаб юборганидан сўнг Россия элчихонаси кўмагида мамлакатни тарк этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG