Линклар

Каримов қизларнинг эрга тегиш ёшини қонунсиз ўзгартирди


Президент Ислом Каримов Наманганга сафари пайтида қизларни эрта эрга беришни ўзига қарши чиқиш билан қиёслади

Президент Ислом Каримов Наманганга сафари пайтида қизларни эрта эрга беришни ўзига қарши чиқиш билан қиёслади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган ҳафта Наманганга сафари пайтида қизларни 20 ёшдан аввал турмушга бермаслик тўғрисида қилган панду-насиҳатлари ортидан нафақат Наманган, бошқа вилоятларда ҳам эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тезкор чора-тадбирлар кўрила бошлади. Ўзбекистон оила кодексида аёлларнинг никоҳ ёши 17 ёш, деб белгиланганига қарамасдан, президентнинг ноқонуний талабини бажаришга хотин-қизлар қўмитасидан тортиб, маҳалла қўмиталаригача сафарбар этилди. 20 ёшгача бўлган ўнлаб қизларнинг тўйлари тўхтатилмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги Озодлик манбасига кўра, Каримовнинг қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларига чек қўйиш талаби бўйича тезкор чоралар кўрила бошлаган. Айниқса, ҳокими янги тайинланган Наманган вилоятида кундалик тарзда турли тадбирлар ўтказилмоқда, дейди шахси сир қолиши шарти билан гапирган мулозим.

“Наманганда президент ташрифининг эртасигаёқ коллежларда хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази, “Камолот” ёшлар ҳаракати ва қатор бошқа ташкилотлар мутасаддилари иштирокида учрашувлар ўтказилди. Масалан, 27 ноябрь куни Наманган шаҳридаги камида иккита касб-ҳунар коллежида бундай учрашув ўтказилганини биламан. Қарийб бир ҳафтадан бери туманлар, қишлоқ ва маҳаллаларда бундай учрашувлар мунтазам давом этяпти. Қизлар эрта турмуш қуриш ниятларидан қайтиш, акс ҳолда бунинг оқибатлари бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириляпти. Бундай тадбирлар бошқа вилоятларда ҳам ўтказиляпти”, дейди Озодликнинг ҳукуматдаги манбаси.

Ўзбек қизларини эрта турмушга бермаслик кейинги йилларда президент Ислом Каримов тез-тез тилга оладиган мавзулардан бирига айланган. Лекин Наманган вилоятига 26 ноябрь кунги сафари давомида президент бу хусусдаги талабни қаттиқроқ оҳангда қўйди.

Қизларни 20 ёшдан эрта турмушга берадиганларни ўзига қарши чиқувчиларга тенглаштирган президент бу масалага прокуратура ҳам эътибор қаратиши лозимлиги тўғрисида кўрсатма берди.

"Туман прокурорлари бунга эътибор қаратишлари керак. Бу қонунларимизда кўрсатилган. Агар одамлар тушунмаса ва қизларини эрга бериб юборишга шошилса, биз уларга тушунтириб қўйишимиз керак. Менинг ўзим шу масъулиятни зиммамга оламан", дея таъкидлади президент Каримов.

Каримовнинг қизларни 20 ёшдан эрта турмушга бериш қонунга зид, деган иддаолари ҳақиқатга зиддир. Чунки Ўзбекистон Оила кодексининг 15 моддасига кўра, “Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади”.

Айни моддада узрли сабабларга кўра, аёлларнинг ҳатто 16 ёшдан турмушга чиқишига изн берилиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган.

Дарвоқе президентнинг ўзи ҳам тўнғич қизини 19 ёшда турмушга узатгани маълум.

Лекин президент талабининг ўзи қонунга зид бўлишига қарамасдан вилоятларда 18-19 ёшдаги қизларнинг тўйларини тўхтатиш тўғрисида маҳалла қўмиталарига топшириқ берилган, дейди Вазирлар маҳкамасидаги Озодлик манбаси.

“Ўзи шу пайтгача ҳам вилоят хотин-қизлар қўмиталари, “Оила” марказлари қизлар орасида эрта турмушга чиқмаслик тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилаётган эди. имкон қадар коллежни битириб олгандан кейин турмушга чиқишлари сўралаётган эди. Президент Наманганда айтганларидан кейин бунинг кучайишини кутишимиз мумкин. Чунки ҳозир 20 ёшгача бўлган қизларнинг нечта тўйи тўхтатилгани тўғрисида рақамлар талаб қилинмоқда”, дейди суҳбатдош.

Дарвоқе президентнинг ўзи ҳам тўнғич қизи Гулнора Каримовани 19 ёшида турмушга чиқарган.

Дарвоқе президентнинг ўзи ҳам тўнғич қизи Гулнора Каримовани 19 ёшида турмушга чиқарган.

Наманган вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбасига кўра, ҳозирда маҳалла қўмиталарига 20 ёшгача бўлган қизларини турмушга чиқаришга тайёргарлик кўраётган оилалар рўйхатини тузиш вазифаси топширилган.

“Бундай оилаларга тўйларни кейинга қолдириш тавсия қилинмоқда. Бундан ташқари коллежларга ҳам топшириқ берилган. Шу пайтгача, 1-2 курс талаба қизларига турмушга чиқишга изн берилмаган бўлса, ҳозир ҳатто 3-курс қизларини ҳам турмушга чиқиш масаласини ўқишни битириб бўлгандан кейинга қолдириш талаб қилиняпти. Ўзи йил бошидан бери коллежларда 1-2 курсда ўқийдиган қизларнинг 80дан ошиқ тўйи тўхтатилган эди”, дейди суҳбатдош.

Қўшни Фарғона вилоятида ҳам қизларни эрта эрга тегишига йўл қўймаслик чораларига эътибор кучайгани кузатилмоқда. Вилоятнинг энг консерватив ҳисобланган Марғилон шаҳридаги маҳалла фаолларидан бирига кўра, президентнинг ўтган ҳафтадаги баёнотидан кейин шу пайтгача амал қилиб келган чораларни янада кучайтириш тўғрисида топшириқ келганини айтади.

“Марғилонда қизларни тезда турмушга чиқариш кўп кузатилади. Лекин кейинги йилларда ота-оналар билан қизларини 17-18 ёш эмас, 19-20дан кейин турмушга чиқариш тўғрисида суҳбатлар уюштириб келаётган эдик. Ҳозир қизларни иложи борича 21 ёшгача турмушга бермай туриш тўғрисида тушунтириш олиб бориш тўғрисида кўрсатма бор. Президент айтдику, “қизларни эрта барвақт эрга берманг, шу илтимосимни қабул қилсангиз, сиздан умрбод рози бўламан”, деб. Шунга ҳозир президентнинг гапи ерда қолмасин учун ишни кучайтиряпмиз”, дейди марғилонлик маҳалла фаоли.

Унинг айтишича, сўнгги ойларда Марғилонда 17-18 ёшдаги қизларнинг 25га яқин тўйини тўхтатишга эришилган.

2012 йилда Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси аёлларнинг турмушга чиқиш ёшини 17 ёшдан 18 ёшга кўтариш таклифи билан чиққан, лекин бунга доир ўзгартишлар жорий этилгани йўқ.

Халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра, дунё бўйлаб 20-24 ёшда бўлган ҳар уч аёлдан бири 18 ёшидан аввал турмушга чиққан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG