Линклар

logo-print

Эрдўғон Москва илгари сурган айбловларни "тухматва бўҳтон" дея атади


Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россияни тухмат ва бўҳтонда айблади. Анқара раҳбари 2 декабрь куни Москва тарафидан илгари сурилган Туркия “Исломий давлат” эксртемист гуруҳидан нефть сотиб олиши тўғрисидаги айбловларга шу тарзда жавоб қайтарди.

Чоршанба куни Қатар Университетида қилган чиқишида Эрдўғон “Туркия Даишдан (ИШИД-таҳр) нефть сотиб оляпти қабилидаги бўҳтонни тарқатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея таъкидлади.

Туркия раҳбарининг баёноти Москвада Россия Мудофаа вазирлиги Эрдўғон ва унинг оила аъзолари ИШИД билан ноқонуний нефть савдоси билан шуғулланаётгани тўғрисидаги иддаоларни эълон қилишидан бир неча соат ўтиб янгради.

Москвада 2 декабрь куни уюштирилган брифингда Россия Мудофаа вазирлиги расмийлари ўз ихтиёрида “Исломий давлат” Туркияга нефть етказиб берадиган учта йўлга оид маълумотлар борлигини иддао қилди.

Россия Мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов “мамлакатнинг юқори сиёсий етакчилари, президент Эрдўғон ва унинг оиласи бу жиноий бизнес билан шуғулланади”, дея таъкидлади.

Антонов Эрдўғоннинг ўғли Туркиядаги етакчи энергия ширкатига раҳбарлик қилиши ва куёви яқинда Туркия энергия вазири этиб тайинланганини таъкидлади.

“Ажойиб оилавий бизнесни қаранг!” дея кесатиб гапирди Антонов. “ИШИДдан сотиб олинган нефтни назорат қилиш каби ишни фақатгина яқин одамларгагина ишониш мумкинлиги табиийдир”, деди у.

Лекин Антонов Эрдўғон ёки унинг оила аъзоларидан бирортаси “Исломий давлат” билан нефть савдоси билан шуғулланишига ишора қилувчи ҳеч бир далил-исботни тақдим этмади.

Қатарда чиқиш қилган Эрдўғон “бу каби иддаоларни илгари сурувчи одам уларни исботлаши керак. Агар улар буни исботлашса, мен президент курсисида бир дақиқа ҳам қолмайман. Лекин бундай иддаоларни илгари сурганлар уларни исботлай олмаса, ўз лавозимидан воз кечишлари керак”, дея баён қилди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Туркия Суриянинг “Исломий давлат” гуруҳи назоратидаги минтақалари билан чегараларни ёпиши лозимлигини баён қилди. 2 декабрь куни қилган чиқишида Керри Анқара экстремист гуруҳи контрабанда мақсадларида ишлатадиган йўлларни тўсиб қўйишдан манфаатдор, дея таъкидлади.

Ироқ разведка хизмати ва АҚШ расмийларига кўра, “Исломий давлат” гуруҳи Ироқ ва Сурияда босиб олган мантақалардан қазиб олинган нефть савдосида ойига 50 миллион АҚШ долларигача фойда кўради.

Рссия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар 24 ноябрь куни русларга қарашли Су24 жанговар учоғи туркларнинг F-16 қирувчиси томонидан уриб туширилиши ортидан ёмонлашди. Туркия ўз ҳаво ҳудудларини бузиб киргани учун уриб туширган рус учоғининг бир пилоти ҳалок бўлди.

Россия Президенти Владмир Путин Анқарага нисбатан иқтисодий санкцияларни жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Путин ҳам Туркияни “Исломий давлат” жангариларидан нефть сотиб олишда айблаб, Россия учоғи Туркияга нефть етказиладиган йўлларни нишонга олгани учун уриб туширилганини иддао қилди.

Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли 1 декабрь куни қилган чиқишида бу “асоссиз” иддаолар Россия учоғининг уриб туширилишига унинг Туркия ҳаво ҳудудини бузиб ўтгани сабаб бўлгани “хаспўшлашга қаратилган”, дея таъкидлади.

Эрдўғон Россия Туркияга нисбатан иқтисодий санкцияларни жорий этиш орқали вазиятни янада кескинлаштираётганидан таассуф билдирди.

Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар янада ёмонлашишини истамаслигини айтган Эрдўғон "олвога мой қуйиш ҳеч кимнинг манфаатида эмас", дея таъкидлади.

XS
SM
MD
LG