Линклар

logo-print

Россиялик адвокатга Умарали Назаров ўлимига оид тафсилотларни очиқлаш тақиқлаб қўйилди


Россияда нобуд бўлган Умарали Назаровнинг фотосурати.

Россияда нобуд бўлган Умарали Назаровнинг фотосурати.

Петербург касалхонасида жон берган тожикистонлик болакай Умарали Назаровнинг ота-онаси адвокатига ишга оид маълумотларни очиқлаш тақиқлаб қўйилди.

Адвокат Юрий Серов ТАСС агентлиги мухбири билан суҳбатда дастлабки тергов тафсилотларини очиқламаслик ҳақида ҳужжат имзолаганини маълум қилган. Аввалроқ адвокатлар Петербургда бўлган Умаралининг отаси Рустам Назаровни жабрланувчи томон дея тан олинишига эришишга ҳаракат қилажакларини билдиргандилар.

Тожикистонлик 5 ойлик болакайнинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши “шахс ўз профессионал мажбуриятларини тегишли йўсинда бажармагани учун эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган ўлим” моддаси бўйича очилган.

Ноябрь ойи ўртасида Умаралининг онаси Зарина Юнусова суд қарори билан Россиядан бадарға қилинган. Петербургдан Душанбега учган Зарина ўша рейсда ўғлининг тобутини ватанига олиб келганди.

Умарали Назаров 13 октябрь куни миграция қонунчилигини бузганлиги учун ушланган онасидан тортиб олинганидан бир неча соат ўтгач жон берган.

11 ноябрь куни экспертиза болакайнинг ўлимига юқумли касаллик сабаб бўлгани ҳақида хулоса берган. Боланинг ота-онаси эса унинг соппа-соғ бўлганини айтмоқда.

Умаралининг ўлими Россияда ҳам, Тожикистонда ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Хусусан, Петербургда мазкур ишни ҳар томонлама текшириш талаби билан қатор пикетлар ўтказилди.

XS
SM
MD
LG