Линклар

АЭХА: Эрон ядро қуроли ишлаб чиқаришга бир муддат ҳаракат қилган


Атом энергияси халқаро агентлиги логотипи.

Атом энергияси халқаро агентлиги логотипи.

Эрон ядро қуроли яратиш бўйича, йўқ деганда, 2003 йил охиригача муайян ишларни олиб борган, бироқ бу ишларнинг ҳаммаси режалаштириш ва тамал экспериментлардан нарига ўтмаган.

Бу тахминни ўртага ташлаган Атом энергияси халқаро агентлиги вакилларига кўра, Теҳрон томонидан “мувофиқлаштирилган хатти-ҳаракатлар”нинг катта қисми 2003 йилдан сўнг тўхтатилган, аммо айрим тадқиқотлар 2009 йилгача давом эттирилган.

Халқаро агентлик Эрон ядро қуроли ишлаб чиқариш билан шуғулланган-шуғулланмаганига оид тахминлар юзасидан 10 йилдан буён текширувлар ўтказиб келади.

АЭХА экспертлари фикрича, Эрон бу борада “илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда муайян техник малака ва имкониятларга эга бўлишдан нарига ўтмаган”. Ташкилот ҳисоботида “Эрон 2009 йилдан кейин атом бомбаси яратиш билан шуғулланганини исботловчи ишонарли фактлар йўқ”лиги қайд этилган.

Агентликнинг бу ҳисоботи Эрон ядро қуроли ишлаб чиққан-чиқмаганига оид текширувнинг муҳим босқичи бўлиб ҳисобланади. Бу ҳисобот ортидан Эронга нисбатан киритилган иқтисодий санкциялар олиб ташланиши мумкин.

Шу йил июлида дунёдаги етакчи давлатлар Теҳрон расмийлари билан халқаро санкциялар олиб ташланиши эвазига бу мамлакат ядровий дастурини чеклашга қаратилган тарихий келишувга эришганди. 15 декабрь куни АЭХА ҳисоботини муҳокама қилиш бўйича ташкилот кенгаши мажлиси ўтказилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG