Линклар

logo-print

Яккаланиб қолаётган Россия


Украин карикатурачиси Юрий Журавелнинг Путин ва у олиб бораётган сиёсатга оид карикатураси.

Украин карикатурачиси Юрий Журавелнинг Путин ва у олиб бораётган сиёсатга оид карикатураси.

Фаоллар Москвада Туркия байроқларини ёқиб юборди ва мамлакатнинг Россиядаги элчихонасини тухум ва тошлар билан тошбўрон қилди. Қримда эса бир гуруҳ фаол Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ифодаловчи қўғирчоқни ёқиб юборди.

Россияда бир неча Туркия фуқароси виза қоидаларини бузганликда айбланиб, қўлга олинди. Кремль Туркия фуқароларининг Россияга визасиз саёҳат қилишига чек қўйди ва Туркияга буюртма рейсларни бекор қилди.

Яқиндагина Туркия Россиянининг яқин “дўст”ларидан бир эди. Бор-йўғи бир йил олдин президент Владимир Путин Эрдўғонни Ғарб босимини писанд қилмайдиган “кучли характерли киши”, деб мақтаган.

Россиянинг Су-24 учоғининг уриб туширилиши Россия ва Туркия ўртасидаги ҳозирги жанжалнинг асосий сабабчиси ўлароқ кўрилмоқда. Туркия рус самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига изнсиз киргани ҳақида Москвани бир неча марта огоҳлантирганидан кейин ўққа тутганини айтмоқда.

Аммо коса тагида нимкоса бор: бу можаронинг асосий сабаби янада чуқурроқ бўлиб, унинг таъсири Москва ва Анқарара ўртасидаги алоқа билангина чекланганман.

Кремль ёвуз дунёга қарши курашётган “Россия қалъаси” ҳақидаги эртакдан бундан аввал ҳам муваффақиятли равишда фойдаланган. Бугунги кунда бу эртак ҳақиқатга айланмоқда.

Сиёсий таҳличи Леонид Бершидский “Блумберг” нашрида чоп этилган мақоласида: “Путиннинг Россияси суст эмас, шунчаки у потенциал дўстларни ҳам ўзига қарши қилгани учун ёлғиз ва севимсиздир”, деб ёзди.

Кремль сиёсатини кузатиб борувчи Татьяна Становая ҳам politcom.ru сайтида: “Россия жаҳон миқёсида ёлғиз ва хўрланган аҳволга тушиб қолди”, деб ёзди.

Қрим аннексияси, Донбассдаги аралашув ҳамда MH17 рейсининг уриб туширилиши ортидан Смоленскнинг ғарб тарафида Москванинг ҳеч бир чинакам дўсти қолмади.

Европада Россиянинг хайрихоҳлигига ишонувчилар қолмади. Яқин ҳамкор Германия ашаддий танқидчига айланди. Одатда нейтрал бўлиб келган Швеция ва Финландия НАТОга қўшилиш ҳақида ўйлай бошлади.

Россия эски дўсти Украинани ашаддий душманга айлантирди. Узоқ йиллар шундай бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Путин тузуми ҳатто автократик Белорусни ҳам борган сари кўпроқ ташвишлантирмоқда.

Москванинг Суриядаги фуқаролик урушига аралашиши ва президент Башар ал Ассад тузумини мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатлари, “Исломий давлат” жангарилари билан курашиш ниқоби остида Ассадга қарши мухолифатни мўлжалга олиши жанубда жойлашган кучли ўйинчиларни, жумладан, Туркия, Саудия Арабистони ҳамда Форс кўрфази мамлакатларини тескари қилди.

Бундан ташқари, ўсиб бораётган Хитой заифлашиб бораётган Россияни кичик ҳамкорга айлантириши аён бўлганидан кейин, Кремль бу мамлакатдан ҳам йироқлаша бошлади.

“Независимая газета”да яқинда чоп этилган мақолада: “Россияда бирорта ҳам кучли стратегик ҳамкор йўқ: унинг барча иттифоқлари вақтинча ва улар исталган пайтда душманликка айланиши мумкин”, дейилади.

Москванинг яккаланиши Путин 2012 йилда Кремлга қайтганидан кейин дуч келган ички сиёсий дилеммадан бошланган.

Ўша пайтгача сиёсий тузумнинг қонунийлиги ўсиб бораётган яшаш даражаси ва президентга содиқ бўлган ўрта синф вакилларига боғлиқ бўлган. Аммо бу сиёсий “келишув” 2011-12 йиллардаги намойишлар ва тушиб бораётган нефть нархи сабаб барбод бўлди.

Натижада Путин “ҳарбий доҳий услубидаги лидерлик ҳамда доимий фавқулодда аҳвол ярата оладиган янги легитимлик ўйлаб топишга мажбур бўлди”, деб ёзди Ташқи ишлар бўйича Европа қўмитасининг катта ходими Кадри Лиик. “Кучли етакчилик имижини сақлаб қолиш ва стагнация ҳисси туғилиши олдини олиш учун журъатлилик қўл келади, ҳатто бошқа йўли йўқ деса ҳам бўлади”, деб ёзди Лиик.

Ушбу “ҳарбий доҳийлик”нинг муҳим элементи Россияни халқаро қоида ва тартиблар келтириб чиқарадиган чекловлардан озод қилиш бўлган. Путиннинг “янги йўли”да ирода кучи билан мамлакатни супердавлат статусига қайта олиб чиқиш кўзда тутилган.

Россия қўлидан келгани учун Қримни аннексия қилиб олди ва Донбассга кириб борди. Кўнгли хушлагани учун НАТО ҳаво ҳудудини бузди. Надежда Савченко, Олег Сенцов ва Эстон Кохвер каби бошқа мамлакат фуқароларини ўғлирлаб кетиб, асир тутди ва дунёни бирор чора кўришга журъат қилишга чорлади.

“Ведомости” нашрида яқинда чоп этилган мақолада Москвада иш олиб борувчи халқаро алоқалар таҳлилчиси Владимир Фролов бу сиёсатни “озод қилиш дипломатияси” деб атаб, бу сиёсат ундан аввалги йигирма йил давомида Москва эришган ҳамкорликлардан воз кечишини айтди.

“Россия танлаган янги йўналиш мамлакат ҳар қандай таъсир ва чекловлардан эркин деганидир, - деб ёзди Фролов. - Бу эркинлик Россия халқаро қонунларга амал қилишга мажбур эмас, дегани… ва Россиянинг дунёда етакчи ролни қўлга киритишга уринишларини тўхтатиб бўлмаслигини англатади”.

Ушбу яккаланиш дипломатияси, табиийки, халқаро ёлғизланишга ва яккамоховликка олиб келади.

Фролов айтганидек, ҳозирча Москва “ташқи сиёсатни иқтисодий қизиқиш ва имкониятлардан ажратишга” муваффақ бўлиб келмоқда. Аммо бу барқарор йўл эмас.

Шундай бўлса-да, яккаланган ва ранжиган давлатлар, айниқса, ядровий қуролга, катта армияга ва мўл-кўл табиий бойликларга эга яккаланган ва ранжиган мамалакатлар катта зиён келтириши мумкин.

Бу дегани ҳозирча бизни “Мўрт империя: Россияда қандай қилиб Владимир Путинга меҳр ва нафрат уйғонгани” деб номланувчи китобнинг муаллифи Бен Жуда тили билан айтганда “зўравонлик билан йуғрилган янги норма” кутмоқда.

“Проспект” журналида чоп этилган мақоласида Жуда: “Ақл бовар қилмайдиган ҳодисалар рўй беради, тезда қабул қилинади ва қора фонда хиралашиб, йўқ бўлиб кетади. Ҳозир кулранг урушларга гувоҳ бўляпмиз: ўрмалаётган олишувлар, вакиллар тўқнашувлари ҳамда Россия билан жанжаллар содир бўлмоқда”, деб ёзди.

Озод Европа-Озодлик радиоси мухбири Брайан Уитморнинг ушбу мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG