Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:06

Кремль туркийзабонларнинг ТУРКСОЙ билан алоқасига қарши чиқмоқда


ТУРКСОЙнинг Бошқирдистон пойтахти Уфадаги анжумани очилиши пайтида олинган сурат.
ТУРКСОЙнинг Бошқирдистон пойтахти Уфадаги анжумани очилиши пайтида олинган сурат.

Россия Федерал ҳукуматининг тавсияси билан Бошқирдистон, Олтой, Тива, Хакасия республикалари турк тилли мамлакатлар бирлашмаси бўлган ТУРКСОЙ ташкилоти билан алоқаларни узадиган бўлди. Ҳозирча Федерал ҳукумат тавсиясига Татаристон ва Саха-Ёқутистон жавоб бермай турибди.

Россия Маданият вазирлиги тавсияси билан Бошқирдистон, Олтой, Тива, Хакасия республикалари ТУРКСОЙ ташкилоти билан алоқаларни узишини расман тасдиқлади. Ҳозирча Татаристон ва Саха-Ёқутистон республикалари Маданият вазирлигининг бу тавсиясига на ижобий, на салбий муносабатини билдиргани йўқ.

Татаристон Фанлар академияси вице-президенти, маҳаллий парламентнинг “Единая Россия” фракцияси депутати Рафаил Ҳакимов Федерал ҳукуматнинг бу тавсиясини “носоғлом сиёсат”, деб баҳолади.

-ТУРКСОЙнинг сиёсатга нима алоқаси бор? Бу биргина Туркия томонидан ташкил қилинган ташкилот эмас. ТУРКСОЙ дунёдаги туркий тилли мамлакатларни бошини бирлаштирувчи ташкилот. Унга Россиянинг яқин ҳамкорлари бўлган Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам аъзо бўлган. Россия Маданият вазирлиги мазкур ташкилот билан алоқаларни ўзи хоҳлаган пайтда уза оладими, деган савол ҳам ўринли бўлар эди. Бу иш Россия қонунларига зид келади. Татаристоннинг ўз конституцияси бор. Мана шу конституция доирасида Татаристон Россия билан шартнома имзолаган. Шартномада халқаро муносабатларни ўзимиз мустақил белгилашимиз қайд этилган,- деди Рафаил Ҳакимов Озодликнинг татар-бошқирд хизматига берган суҳбатида.

Татаристондаги бир қатор маданият, фан ва сиёсат арбоблари Россия Федерал ҳукумати тавсияси регионлар билан марказий ҳукумат ўртасидаги алоқаларнинг ёмонлашувига сабаб бўлади, деган фикрни билдирмоқдалар.

Татаристон парламентининг фан ва маориф қўмитаси раиси Разил Валиев маданиятни сиёсийлаштиришга уриниш Федерал ҳукуматга обрў келтирмаслигини айтди:

- Бу жуда кўп баҳсларга сабаб бўладиган масала. Бунинг устига Россия учоғининг уриб туширилиши билан боғлиқ воқеа юзасидан тергов ҳали тугагани йўқ. Бу воқеанинг асл сабаблари ҳозирча ноаниқ. ТУРКСОЙ ташкилотининг эса сиёсатга алоқаси йўқ. ТУРКСОЙдан чиқиш тавсияси энг аввало Россиядаги туркийзабон республикларга эмас, Россиянинг ўзига, унинг яҳлитлигига қарши тавсиядир,- деди Разил Валиев.

ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти туркийзабон халқларнинг маданият, адабиёт ва санъат соҳаларидаги ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1993 йилда ташкил қилинган эди. Мазкур ташкилот 15 давлат бошини бирлаштирган.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Озарбайжон ташкилотга аъзо давлат ҳисобланади. Татаристон, Бошқирдистон, Олтой, Хакасия, Ёқутистон, Тива республиклари, Молдовадаги Гагаузия мухторияти, Ўзбекистондаги Қорақалпоқ мухторияти ва Шимолий Кипр ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга. ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг штаб квартираси Туркия пойтахти Анқарада жойлашган.

Татаристонлик олим, тарих фанлари доктори Дамир Исхаков Москванинг ТУРКСОЙдан чиқиш тавсиясини туркийзабон давлатлар танловини ҳурмат қилмаслик сифатида баҳолаш мумкин, деб ҳисоблайди.

-Татаристонга келган телеграмма туркий тилда сўзлашувчи давлатлар томонидан салбий қабул қилиниши мумкин. Федерал ҳукумат Туркия билан бўлган сиёсий муаммосини бошқаларнинг манфаатларига даҳл қилмасдан ҳал этиб олиши керак. Федерал ҳукуматнинг бу қадами туркийзабон давлатларни Россиядан узоқлаштириши мумкин,-деди Дамир Исхаков.

Туркия 24 ноябрь куни Россиянинг Су-24 самолётини уриб туширганидан бери Москва ва Анқара муносабатлари бузилди.

Анқара рус учоғи мамлакат ҳаво ҳудудига изнсиз кирганидан кейин ўққа тутилгани, бундан аввал турк учувчилари россияликларни 10 марта огоҳлантирганини билдирган. Россия эса ўз бомбардимончи учоғи Сурия ҳудуди узра учганини, Туркия ҳудудига кирмаганини таъкидлаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG