Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:25

Хотини Россияга кетган эр ғазабдан ўғли ва невараларини отиб қўйди


Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида хотини Россияга ишлагани кетганидан ғазаб отига минган эр, онасини муҳожиратга жўнатган ўғлини ва икки набирасини отиб қўйди. Ўғил воқеа жойида ҳалок бўлган, неваралар эса оғир яраланиб, касалхонада даволанмоқда.

Ўзганлик 48 ёшли ота 28 ёшли ўғли Жўўдарбек Қўчқўрбаевнинг қотилига айланди. Ота милтиқдан отган ўқдан ўғил ўша заҳоти ҳалок бўлган. Бу воқега гувоҳ бўлиб турган беш ва икки ёшли невараларга ҳам ўқ тегиб, яраланган. Норасидаларнинг ҳаётини шифокорлар сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

-Ўқ оилавий жанжал ортидан отилди. Ўғилни отган ота хотини Россияга ишлагани кетганини эшитиб ғазабга минган. Уни болалари пул топиб, Россияга жўнатишган экан. Ота: “сенлар оналарингга пул топиб бердинглар, у Россияга кетиб қолди”, деб катта жанжал кўтарган. Бу жанжалдан қочишни истаб, ўғил оиласи билан қайнонасиникига кетаётганида, ота милтиқни олиб чиқиб ўқ узган, - деди Ўш вилоят милицияси расмийси Жениш Аширбаев.

Унга кўра, бу воқеа 30 ноябрь куни содир этилган.

Бу фожеавий воқеани шарҳлар экан, “Ташаббускор тадбиркор аёллар” жамғармаси раисаси Авазхон Ўрмонова, меҳнат муҳожирлигига кетаётганлар асосан пул топиш илинжида эканини, бироқ бу илинж ортидан катта маънавий ва аҳлоқий оқибатлар пайдо бўлаётгани деярли ҳеч кимни ўйлантирмаётганидан афсусда эканини айтди:

- Эллик ёшдаги эркак хотинининг парваришига жуда муҳтож бўлади. Россияга кетган аёл оилавий шароитини, молиявий вазиятини яхшиламоқчи бўлгандир. Лекин бунинг ортидан пайдо бўладиган маънавий оқибатларга эътибор қаратмаган. Ўн йилдан бери муҳожирликда юриб, болаларини кўрмаган ота-оналарни биламан. Уларнинг фарзандлари бошқа бировларнинг қўлида тарбияланиб, меҳрдан маҳрум бўлмоқда, - деди Авазхон Ўрмонова.

Расмий маълумотларга қараганда, молиявий вазияти ёмонлашгани, меҳнат муҳожирлигига оиласи розилигисиз кетмоқчи бўлгани туфайли турли зўравонликларга учраётганлар сони кўпайиб бормоқда.

Масалан, ўтган йили Новқат туманида бир одам ўз отасини болта билан чопиб ўлдирган. Қорасув туманида эса бир йигит хотинини ўлгунча калтаклаб, кейин ўзини ўзи осиб қўйган.

Қирғизистон расмийлари Қирғизистон аҳолисидан ярим миллиондан кўпроғи Россия ва бошқа давлатларда меҳнат муҳожирлигида юрганини билдирган.

XS
SM
MD
LG