Линклар

Бухоро шаҳри ҳудудига кирувчи Фошун қишлоғида истиқомат қилган эр-хотин номаълум шахслар томонидан ўз уйида ўлдириб кетилди. Қотиллар уларнинг 14 яшар қизини ҳам пичоқлаган, бироқ у ўлмай қолган. Озодлик манбаларига кўра, эр-хотин судхўрлик билан шуғулланган. Уларнинг судхўр эканлигини расмийлар ҳам тасдиқлади.

Бухоро шаҳрининг Фошун қишлоғида истиқомат қилган 44 яшар Рустам Ҳамроев ва унинг хотини 42 яшар Назира Сафарова ва уларнинг 14 яшар қизи 2 декабрга ўтар кечаси ўз уйида пичоқлаб кетилди.

Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, эру хотин воқеа жойининг ўзида ҳалок бўлган, қизи эса оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.

Бухородаги ҳокимият идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“2 декабрь куни эрталаб соат уч-тўртларда Фошун қишлоғида истиқомат қилган Рустам Ҳамроевнинг уйига ниқобли шахслар кириб, эру хотинни ва унинг қизини пичоқлаган. Эр-хотин ўша жойнинг ўзида ўлган. Ўн тўрт яшар қизи эса оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган”, деди манба.

Унинг айтишича, марҳумлар одамларга устама фоиз эвазига қарз бериш билан шуғулланган:

“Аниқланишича, эру хотин судхўрлик билан шуғулланган экан. Фоизга қарз берган. Биринчи тахминимиз, бу қотиллик уларнинг шу фаолияти билан боғлиқ бўлса керак. Ҳозир бу одамлардан қарз олган шахсларни аниқлаш билан шуғулланяпмиз. Иккинчи тахмин эса, ўғрилик. Қотиллар марҳумнинг “Каптива” автомашинасини ҳам олиб кетганлар. Бироқ автомашинани Бухоро кўчаларидан бирига ташлаб кетишган”, деди манба.

Манбанинг айтишича, мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97 моддаси, 2 қисми ("Қасддан одам ўлдириш") билан жиноят иши очилган.

Озодлик олган баъзи хабарларга кўра, Рустам Ҳамроевнинг касалхонага ётқизилган қизи ҳам вафот қилган. Лекин, ҳозирча Озодлик бу хабарни тасдиқлата олгани йўқ.

Бухоро шаҳрида истиқомат қиладиган Даврон исмли тадбиркорнинг айтишича, бундан 6 ой олдин ҳам бир судхўр аёл ўлдириб кетилган эди:

“Бухоронинг 5-микрорайонида яшайдиган Насиба исмли бир судхўр аёлни ҳам ўлдириб, ўзининг квартирасини ёқиб кетишган эди. Биласизми, шу аёлнинг жанозасига 20 киши келганди, холос. Ҳозир Бухорода судхўрлар жуда ҳам кўпайган. Ҳар бир маҳаллада 3-4 судхўр бор. Энг ками ойига 10 фоизга қарз топсангиз хурсанд бўлаверинг. Бўлмаса, 15-20 фоиз. Ўзбек сўми қадрсизланиб бораётгани боис судхўрлар сўмда қарз бермай қўйган. Қарз олсангиз ҳам гаровга тилла ёки уйингиз ҳужжатларини ва паспортингизни ҳам қўйишингиз керак. Банклардан кредит олиш қийин бўлгани учун одамлар судхўрлардан қарз олишга мажбур бўляпти”, деди тадбиркор.

Ўзбекистонда судхўрларнинг ҳаётига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Жумладан, жорий йилнинг октябрь ойида Қашқадарё вилояти Қарши тумани Узуннаво қишлоғида яшаб келган судхўр аёл Шоҳиста Исмоилова ва унинг 17 ёшли ўғли ўлдириб кетилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG