Линклар

logo-print

Толибон ички низоларида етакчи Ахтар Мансур ўлдирилгани айтилмоқда


Афғонистондаги Толибларнинг етакчиси мулла Ахтар Мансур Покистоннинг Кветта шаҳри яқинида дала қўмондонлари йиғинида чиққан отишмада оғир жароҳат олгани айтилмоқда. Расмийлар мулла Мансур ўлган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаётир. Аммо, Толиблар матбуот хизмати буни рад қилмоқда.

Афғонистонда Толибларга қарши курашга бошчилик қилиб келаётган вице-президент генерал Дўстимнинг матбуот котиби Султон Файзийга кўра, Толиблар қўмондонлари ўртасидаги низо сешанба оқшомидаги йиғилишда содир бўлди.

Сўнгги пайтларда Толиб қўмондонлари орасида Ахтар Мансурнинг тарафдорлари ва унга қаршилар орасида зиддият кучаяётган эди.

- Бизда мавжуд маълумотларга таянган ҳолда айтишимиз мумкинки, мулла Ахтар Мансур жиддий жароҳат олган ва шошилинч равишда шифохонага олиб кетилган. Аммо, у ўлганми ёки йўқ - бу ҳақда ахборотга эга эмасмиз, - деди Озодлик афғон хизматига интервью берган Султон Файзий.

Франс-пресс агентлигига кўра, сешанба оқшомида Толиблар мажлисига йиғилган қўмондонлар орасида аввалига оғзаки жанжал қўзғалган ва сўнгра қуроллар ишга тушган. Ўзаро отишмада Толиблардан 5 нафари ўлдирилгани айтилмоқда.

Айни пайтда Толиблар матбуот хизмати бундай хабарларни рад қилмоқда. Аммо, афғон махсус хизматлари мулла Мансурнинг жароҳатланганини тасдиқламоқда.

Мулла Мансур шу йилнинг 31 июлида жангари гуруҳ раҳбари этиб тайинланган. Толиблар июль ойида ўз етакчиси мулла Умар икки йил муқаддам ўлганини маълум қилган ва сўнгра унинг ўрнига Ахтар Мансурни амир этиб тайинланган.

Ўшанда аксар Толиб қўмондонлари ва жангари гуруҳлари етакчининг ўлими 2 йил сир сақлангани, бу муддат ичида унинг номидан ёлғон баёнотлар берилганига норозилик билдирди.

Натижада, айрим қўмондонлар бу ёлғоннинг бошида турган мулла Ахтар Мансур гуруҳга етакчи этиб тайинланганидан норози бўлди ва гуруҳ ичида зиддиятлар, қуролли низолар ҳамда оғир жанглар бошланиб кетди.

Хусусан, Толиблар сафида курашган ўзбек жангарилари гуруҳи - собиқ Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Усмон Ғозий янги амирга байъат бермади, аксинча, Ироқ ва Сурияда ҳукм сураётган "Исломий давлат"га байъат берганини билдирди.

"Исломий давлат"га байъат берган Афғонистондаги бошқа тажрибали Толиб қўмондонлари - мулла Муҳаммад Расул ва мулла Додуллоҳга қарши мулла Ахтар Мансур жангчилари ўртасидаги йирик тўқнашув ноябрь ойи ўрталарида Зобул вилоятида кузатилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, бу жанглар ортидан Толиб қўмондонлари келишишга уринган. Натижада, сешанба оқшом мулла Ахтар Мансурнинг яқинларидан бири бўлган қўмондон Абдуллоҳ Сарҳадий туғилган шаҳарда учрашишга келишган.

Франс-пресс агентлигининг Толиблар ичидаги манбаси: "Мажлисда томонларни бир-бирига қарши қўйган айрим масалалар кўтарилди, кейин бир-бирини айбловлашлар бошланди, натижада Сарҳадий ўқ узди, қолганлар эса унга жавобан ўқ уздилар", демоқда.

Афғонистонлик таҳлилчи Хорун Мир: "Агар мулла Ахтар Мансурнинг ўлгани рост бўлса, у ҳолда бу Толибларнинг мутлақо парчаланишига олиб келадиган охирги зарба бўлади", деб ҳисобламоқда.

Айни пайтда Афғонистон ҳукуматининг Толиблар билан тинчлик музокаралари ҳам мулла Умарнинг ўлгани эълон қилинганидан буён боши берк кўчада қолмоқда.

Толиблар ўртасида ички низоларнинг кучяётгани ва гуруҳнинг бир неча бўлакларга бўлиниб кетгани, сўнгги пайтларда Афғонистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларнинг ҳам совуқлашгани тинчлик музокаралари яқин орада тикланмаслигига ишорат қилаётган эди.

Айни пайтда бир ой муқаддам Зобулда бўлган жангларда Толиблар ичидаги низоларнинг сабабчиларидан бири бўлиб қолаётган ва Ахтар Мансурнинг асосий рақиби бўлган мулла Додуллоҳнинг ўлгани айтилмоқда.

New York Times газетасининг афғон расмийларига таяниб ёзишича, Додуллоҳ ўлдирилган кезда унинг теграсида бир неча ўн ўзбек жангариси қолган. Бу жангариларнинг кўпчилиги ўлдирилган, озчилиги асир олинган.

Сўнгги пайтларда Додуллоҳ ёнида жанг қилаётган юздан ортиқ ўзбекка эса собиқ ЎИҲ етакчиси Усмон Ғозий бошчилик қилаётган айтилган. Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Зобул жангларида Усмон Ғозий ҳам асир олинган ва кейинчалик Толиблар етакчилари томонидан қатл қилинган.

Додуллоҳ гуруҳининг ўзи бу хабарларни инкор қилмоқда, аммо маҳаллий ҳокимият расмийлари ҳамда қабилалар етакчилари Додуллоҳ ўлган, деб таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG