Линклар

Ўзбекистондаги тунги клубларда ўсмир қизлар ушланди


Ўзбекистон президентининг невараси ҳам вояга етмаган пайтида тунги клубларда юргани ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон президентининг невараси ҳам вояга етмаган пайтида тунги клубларда юргани ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган эди.

Кейинги уч кун ичида ўтказилган облавалар давомида Самарқанд шаҳридаги тунги клубларда вояга етмаган 17 йигит-қиз назоратсиз юргани аниқланди ва уларнинг ота-оналарига жарима солинди. Озодлик манбаларига кўра бу рейдлар ортидан вилоятдаги коллежларда милиционерлар тарафидан “тунги клубларнинг салбий оқибатлари” ҳақида тарбиявий соатлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тарбиявий соатлардан бири Самарқанд шаҳрининг Саттепо массивида жойлашган коллежда ўтказилган.

Стриптиз туфайли қолдирилган дарс

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлимининг қоидабузарликлар профилактикаси бўлинмаси зобитлари Саттепо Туризм ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиларига “тунги клубларнинг ëмонлигини” мисоллар билан тушунтирган.

Озодликнинг Самарқанддаги манбаларига кўра¸ айнан Саттепо Туризм ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчилари тунги клублардаги рейд пайтида ушланган.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбасига кўра¸ шаҳардаги қатор ресторан, интернет ва тунги клуб ҳамда бошқа кўнгилочар жойларда ўтказилган рейдлар давомида 50 дан ортиқ ўқувчи ушланган, йил бошидан буён эса, 600дан ортиқ ўсмир ички ишлар бошқармасининг профилактик ҳисобига тиркалган.

- Кейинги олти ой ичида 642 нафар вояга етмаган бола профилактик ҳисобга олинди. Уларнинг 147 нафари қизлар. Қизлар ҳақида алоҳида тўхталсам. Вояга етмаган бу қизлар тунги клубларда¸ экстазига ўхшаган енгил наркотик таблеткалар истеъмол қилаëтганида қўлга олинди. Спиртли ичимлик ва сигаретни айтмасам ҳам бўлади. Биз бу фактларни коллеж ўқувчиларига тушунтиряпмиз¸ деди Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра¸ кейинги уч кун ичида Самарқандда ўтказилган рейдлар мобайнида ўндан ортиқ ота-она жаримага тортилган, йигирмага яқин ресторан ва тунги клублар эгалари устидан маъмурий иш очилган.

Жорий йилнинг август ойида ҳам Самарқанд шаҳридаги “Аlterego”, “Патайя”, “Джовани”, “Шахристан” ва “Ниагара” тунги клубларида ИИБ ходимлари тарафидан рейдлар ўтказилиб, 30 нафар фоҳиша ва изнсиз ишлаëтган стриптиз рақсга тушадиган 20 раққоса қўлга олингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Августдаги рейдлар чоғида қўлга олинганларнинг сони 400 нафарни ташкил қилиб¸ улар орасида юқори лавозимда ишлайдиган мулозимларнинг фарзандлари ҳам бўлган.

Президент набираси тунги клубда

Президент набираси тунги клубда

Тунги клублар рейди бутун республика бўйлаб амалга оширилган

Озодликка маълум бўлишича¸ Урганч¸ Зарафшон ва Қарши шаҳарларидаги тунги клубларда ҳам рейдлар ўткзаилган.

Хоразмдаги манбамизнинг билдиришича¸ 1 декабрь куни Урганчдаги “Однаклассники” кафе-бари ва “Вояж” тунги клуби Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ҳамда шаҳар прокуратураси ва ички ишлар бўлими мулозимлари тарафидан текширилган:

Манбанинг айтишича¸ Вояж” тунги клубида кеч соат 12 да рақс тушаëтган Урганч Қурилиш касб-ҳунар коллежида ўқийдиган ўқувчи қизлар қўлга тушган:

-Ўйин-кулги қилиб, мазза қилиб ўтиргандик. Бирдан маскали одамлар куршовида текширувчилар кириб, ҳаммадан ҳужжат сўраб бошлади. Кейин қурилиш коллежида ўқийдиган қизларни ушлаб олиб кетишди¸ деди суҳбатдош.

Озодликка маълум бўлишича¸ “Вояж” клубининг иш юритувчиси вояга етмаганларнинг тунги клубда юргани юзасидан иш очилиб, ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича шаҳар судига юборилган.

Ўзбек мулозимлари тақиқлаш ва жазолаш йўли билан вояга етмаган ўзбек ëшларини тунги клублардан узоқлаштирмоқчи.

Бухоролик 24 яшар блоггер Муслимбек Ҳамраев Озодлик билан суҳбатда тунги клубларда “ўқувчи овлаш” мунтазам тус олгани фойда бермагаётнига эътибор қаратди:

- Тақиқлаш билан иш битмайди. Тартибга солиш керак. Бу мавзу ҳозир барча коллеж ва лицейлар учун глобал муаммо бўлиб турибди. Бухородаги клублардан ëш қизлар кўплаб ушланиб талабалар устидан назорат чандон кучайтирилди. Лекин бу билан олдини ола олишмаяпти. Таъқиқ эмас¸ бошқа йўлини излаш керак . Қаранг, уйланиш ëшига ҳам таъқиқ қўйилди, лакин амалда муаммо ечилмайди. Касаллик дори билан даволанади. Касалларни ўлдириб ташлаш билан эмас¸ деди суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG