Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:33

"Зарафшон қамоғидан Косонга юборилган Ҳилол маҳбусларни қийнаяпти"


Озодликка Косон қамоқхонасидан чиқарилгани айтилган яна бир мактуб йўлланди. Унда шу йилнинг сентябрь ойида Навоий вилоятидаги Зарафшон қамоқхонасидан Қашқадарёдаги Косон қамоқхонасига кўчирилган бир гуруҳ маҳбус "Ҳизбут Таҳрир" партиясига аъзолиги учун қамалганларни аёвсиз қийноққа солаётгани иддао қилинган.

Озодликка мактуб нусхасини йўллаган манба уни бир маҳбуснинг онасидан олганини даъво қилмоқда.

Қуйида исмини сир сақлаган бу манба йўллаган мактубни ўқишингиз мумкин:

(Мактубнинг имло хатолари тўғирланди, далилталаб қисми қисқартирилди - таҳр.)

"Бир онахон ўғлини Косонга кўргани борган ва ўғли онасига зонада юз бераётган зулмларни қоғозга тушириб берган. Онахон менга ўша хатни олиб келиб берди ва сизларга етказиб қўйишимни илтимос қилди.

Сентябр ойи ўрталарида Зарафшондаги зонадан Ҳилол лақабли "черний"ни икки-учта шериги билан Косондаги 51-зонага олиб келишган.

Ҳилол Зарафшондаги зонада ҳам дин билан қамалган биродарларга жуда кўп зулм ўтказган. Косондаги зонага ҳам биродарларга зулм қилдириш учун заказ қилиб олиб келинган. Чунки Косонга келиши билан ўзининг шотирлари билан биродарларга зулм қилишни бошлаб юборган.

Ҳилол зулм қилишда ўта ҳаддидан ошиб кетибди. Биродарларнинг кўпи зулмга чидай олмай томирларини кесиб ташлабди. Кўплари ўзини тепадан ташлаб юборибди.

Энг эътиборли жиҳати бу воқеаларга муассаса раҳбарияти сукут билан томошабин бўлиб турибди. Ҳилол Ўзбекистонда танилган бир зиёлининг ўғли, зонада у зулми билан танилган.

Онахоннинг айтишича¸ "бу ҳолатни ҳамма ёққа етказинглар, бизга ёрдам бермасанглар¸ ҳаммамизни шу ерда ўлдириб юборишмоқчи" деб айтибди ўғли.

8 октябр куни Ҳилол ўз шотирлари билан корейс миллатига мансуб йигит А. Е.ни дўппослаб ўлдириб қўйишган. Бу йигит ўзи нарката билан қамалган бўлган. Зонада биродарларнинг даъвати билан ҳидоят топган, исломни қабул қилиб, Ҳизбут таҳрир сафига қўшилган.

Мен сизга хатнинг асл нусхасини жўнатаман. Илтимос¸ зонада ўтирган айбсиз айбдор биродарлар номидан сизлардан қаттиқ илтимос қиламан, буни ҳаммага етказинг! Сизларнинг ёрдамингиз билан бу зулмлар барҳам топса. Бу кетишда бизларнинг ҳаммамизни яқинда ўлдириб юборади бу золимлар..."

Озодликда бу мактубда келтирилган иддаоларни тасдиқловчи далиллар йўқ. Ўзбекистон қамоқхоналаридан қийноқ иддаолари билан йўлланган мактуб ёки бошқа шаклдаги мурожаат, шикоятларни Ўзбекистон ИИВ ва вазирлик қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармаси изоҳсиз қолдириб келади.

Муҳим эслатма: OzodMaktub рукни остида берилаëтган фикр-мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG