Линклар

logo-print

Матбуот шарҳи: Cуддан қочган босқинчи, эрини “бой френд”ига ўлдиртирган аёл ва “муштумзўр” Ботир Қодиров


Қўқонда кекса ўқитувчини бўғизлаган қотил ушланди. Тошкентлик аёл милиция инспекторидан... 3000 доллар олаётганда тутилди. Хонанда Ботир Қодиров “Истиқлол” санъат саройи ойнасини синдирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Қўқонда икки кекса аёлни бўғизлаган қотил ушланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшаган икки кекса аёлни бўғизлаб кетган қотил маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 3 декабрь). Нафақадаги муаллима Асия Кудряшова ва унинг дугонаси Алла Карпова Қўқон шаҳри Ҳўқандий кўчаси 45-уй 29-хонадонида ўлдириб кетилган. Қотил уйдаги 2000 АҚШ доллари, 45 минг рубль ва 5 миллион сўмни ҳам ўғирлаб кетган. Бир неча ойга чўзилган тергов жараёнида А.Кудряшованинг куёви Сейран Османов валютафурушлик билан шуғуллангани аниқланган. Қотил ҳам саррофнинг эски мижози Суҳроб Мулобабаев бўлиб чиққан. С. Мулобабаев Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида яшовчи курсдоши М. Фролова билан оила қуриш мақсадида кекса аёлни ўлдиргани ва катта миқдордаги пулни ўмаргани аниқланган. Қайд этилишича, икки кекса аёлнинг умрига зомин бўлган фуқаро узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Зангиотада суддан қочиб кетган хавфли жиноятчи ниҳоят қўлга олинди

Тошкент шаҳри ва вилоятида ўнлаб босқинчилик, талончилик ва ўғирлик жиноятларини содир этган йирик тўда устидан ҳукм чиқарилди (“Даракчи”, 3 декабрь). Баҳодир Сиддиқов бошчилигида жиноий тўда бир неча йил давомида ўнлаб хонадонни шип-шийдам қилиб кетган. Дастлаб қўлга олинган Баҳодир Сиддиқов 2014 йил 7 май куни суд тергови учун жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судига олиб келинган пайтида конвой ходимлари кўзини шамғалат қилиб, қочиб кетган. Қайд этилишича, хавфли жиноятчини қочириб юборган конвой ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳуқуқ посбонлари қўлидан қочиб кетган Баҳодир Сиддиқов яна жиноий гуруҳ тузиб, босқинчиликни давом эттирган. Кейинги сафар Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Товоқсой қўрғонида уни қўлга олмоқчи бўлган икки нафар милиция ходимини оғир жароҳатлаб, яна қочишга муваффақ бўлган. Шундан кейин мураккаблиги инобатга олиниб, иш Бош прокуратурага ўтказилган. Шу тариқа бир неча йил давомида ўнлаб жиноятга қўл урган тўда аъзолари қўлга олинган. Маълум қилинишича, жиноий тўда бошлиғи Баҳодир Сиддиқов ўта хавфли жиноятчи (рецидивист) деб топилган ва 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Тўданинг қолган аъзоларига ҳам тегишли жазо берилган.

Тадбиркорнинг дарахт кесишига рухсатни пайсалга солган ҳоким ўринбосари жазоланди

Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокимининг ўринбосари Иномжон Шокиров тадбиркор мурожаатига эътиборсизлиги учун жазоланди (“Инсон ва қонун”, 1 декабрь). “Қўштепа ипак гиламлари” фирмаси таъсисчиси Иброҳим Султонов жорий йил 5 августида туман ҳокимидан корхонаси атрофидаги дарахтларни кесишга рухсат сўраган. 20 август куни ҳокимнинг рухсат бериш тўғрисидаги қарори чиққан. Ишга масъул ҳоким ўринбосари эса тадбиркорга бу ҳақда вақтида маълум қилмаган. Адлия бошқармаси расмийлаштирган маъмурий баённома асосида жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани суди ҳоким ўринбосари И. Шокировга энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солган.

Сирдарёлик 40 ёшли аёл ўз эрини ўйнашига ўлдиртирди

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида яшаган Марғуба Жўраева қотил ёллаб, турмуш ўртоғи Шерали Жўраевни ўлдиртирди (“Адолат кўзгуси”, 3 декабрь). Марҳум Ш. Жўраев Россияда ишлаб, қора ва оғир меҳнат эвазига ҳар ой хотинига 1000 доллардан юбориб турган. Бузуқлик кўчасига кирган М. Жўраева эса 25 ёшли Толиб Неъматовни “бой френд” қилиб олган. Бу орада Ш. Жўраев Россиядан қайтиб келган. М. Жўраева эса барча мол-мулкнинг асосий эгаси – эрини йўқотиб, мулкни ўзи тасарруф этиш пайига тушган. Шу мақсадда ўйнаши Т. Жўраевни 1000 долларга қотил сифатида ёллаган. Т. Жўраев бир неча шериги билан тунда Ш. Жўраевни уриб ўлдирган. М. Жўраева эса: “Эримни калтаклаб кетишди” деб, жабрдийда ролини ўйнаб юрган. Бироқ тергов жараёнида буюртмачи у экани аниқланган. М. Жўраева суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. “Бой френд” Т. Неъматов эса номаълум томонга қочиб кетган.

Тошкентлик аёл милиция инспекторидан... 3000 доллар олаётганда ушланди

Уч нафар боланинг онаси, тошкентлик Дилобар Абдусаматова милиция инспекторидан 3000 доллар олаётган қўлга олинди (“Ҳуқуқ оламида”, 3 декабрь). Тошкент шаҳри Учтепа тумани профилактика инспектори С. Юлдашев қидирувдаги шахсни уриб, тан жароҳати етказгани учун ички ишлар тизимидан бўшатилган. Д. Абдусаматова эса профилактика инспектори С. Юлдашевга ўз хизматини таклиф қилган, яъни қидирувдаги шахс инспекторга қарши ёзган аризани қайтариб олиши эвазига С. Юлдашевдан 3000 доллар талаб қилган. Қайд этилишича, Д. Абдусаматова милиция нозиридан кўрсатилган маблағни олаётганда ушланган. Товламачиликда айбланган аёлга тегишли жазо берилгани маълум қилинган.

Хонанда Ботир Қодиров ғазабини боса олмай “Истиқлол” санъат саройи ойнасини синдирди

21-23 ноябрь кунлари Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида концерт берган хонанда Ботир Қодиров ғазабини боса олмай, санъат саройи эшик ва ойналарини синдирди. “Истиқлол” санъат саройи директори Исроил Ғуломовнинг “Даракчи” нашрига маълум қилишича, концертнинг биринчи куни бир тележурналист Ботир Қодировдан рухсат сўрамаган ҳолда, унинг оилавий ҳаёти ҳақида ёзилган китобни концерт залида сотган. Китобни сотиб олган мухлислардан бири концерт пайти хонандадан китобга дастхат сўраган. Бундан жаҳли чиққан Б. Қодиров микрофонни ташлаб, саҳнани тарк этган. Жаҳлини боса олмай, санъат саройи пардозхонаси эшиги ва ойналарини синдирган, янги ўрнатилган иситиш мосламаларини бузиб ташлаган. Тележурналист китоб сотгани маълум бўлгач, хонанданинг қатъий талаби билан концертнинг кейинги кунларига журналистлар киритилмаган.

“Бунёдкор” жамоаси ўйинчиси Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлди

Тошкентнинг “Бунёдкор” ҳамда Ўзбекистон ёшлар (U20) терма жамоаси аъзоси Достонбек Ҳамдамов Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси, деб топилди (“Ўзбекистон овози”, 3 декабрь). Бу ҳақда Осиё футбол конфедерацияси Ҳиндистоннинг Нью Деҳли шаҳрида ўтган 2015 йилги мавсум якунларига бағишланган тадбирда маълум қилган.

XS
SM
MD
LG