Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:27

Тошкентлик милиционер: Шубҳалиларни қўлга олиш бўйича план берилган


Сўнгги пайтда Ўзбекистонда шубҳали кўринган одамларни милиция бўлимларига чақириб сўроқ қилиш ва ҳибсга олиш ҳолатлари кўпайди. Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, террор тахдидларига қарши олиб борилаётган профилактик тадбирлар доирасида мамлакатдаги ҳар бир милиция бўлимига шубҳали кўринган камида юз одамни тутиб келиш бўйича режа белгиланган.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган пойтахтлик милиция ходими кўчада шубҳали кўринган ҳар бир одамни милиция бўлимларига олиб келиш ва сўроқдан ўтказишбўйича махсус йўриқнома борлигини тасдиқлайди.

– Шундай йўриқнома бор. Ҳужжати, пропискаси бўлса ҳам шубҳали кўринса милиция бўлимига олиб келиш тайинланган. Сўроқ давомида шубҳа асоссиз бўлса узр сўраб қўйиб юборилади. Бирон асос топилса олиб қолинади. Ўтказилган сўроқларнинг протоколлари жамланиб, террорчиликка қарши кураш бўлимига топширилади, - деди Тошкентнинг Зангиота тумани Ички ишлар бўлими ходимларидан бири.

Шубҳалилар деганда диний экстремизм ва терроризмга моил бўлиб кўринган одамлар назарда тутиляпти. Бундайларни қўлга олиш айниқса жума куни кўп рўй беради.

Озодлик муштарийлари ҳам айниқса жума намози пайти ҳар бир одам масжид атрофида тўхтатилиб, милиция текширувидан ўтказилаётганини айтишади.

– Шубҳали кўринса, динийроқ кийим кийган, соқол қўйган бўлса босиб тўғри милицияга олиб кетишяпти,- дейди тошкентлик Музаффар.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи сўнгги бир ой мобайнида Ўзбекистонда беш юздан зиёд одам “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) гуруҳи, “Ҳизб ут таҳрир” ва бошқа экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақда билдирди.

Сурат Икромовга кўра, ҳибсга олишлар ҳануз давом этмоқда ва юқоридан берилган норасмий буйруқлар асосида амалга оширилаётган бўлиши мумкин.

– Бизга маълум бўлгани бу.Биргина Тошкент ва Тошкент вилоятида сўнгги бир ой ичида экстремизмда гумонланиб ҳибсга олинганлар уч юздан ошиб кетди, - дейди Икромов.

Ҳибсда олиб қолинганларнинг қаерда экани борасида милиция ходимлари ҳеч қандай маълумот беришмаётир.

Айни пайтда Ўзбекистонда жамоат транспорти ҳайдовчилари ва киракашлар террор ҳужумларига қарши ҳушёрликка чақирилди.

Хусусан, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчиларга автотранспорт воситасида шубҳали шахс ёки шубҳали буюм борлиги аён бўлса зудлик билан салондан йўловчиларни тушириб, милиция органларига хабар бериш лозимлиги уқтирилмоқда.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги расмийлари бундай чораларга автотранспорт воситаларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва террорчилик ҳужумлари олдини олиш мақсадида қўл урилаётганини айтишмоқда.

- Шубҳали нарса ёки одамни кўрсангиз, диний даъватлар ёки террорчилик аломатларини кузатсангиз керакли жойга хабар бериш керак, машинани салонидами, автобусдами, бекатдами, бу ҳамма ҳайдовчиларга таалуқли. Ҳозир бу борада ҳайдовчиларга қўлланма ва йўриқномалар тарқатилмоқда, - деди агентлик матбуот ҳизмати расмийларидан бири.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, бу холатлар бежиз бўлаётгани йўқ.

- Шубҳали кўринганлар дарров милицияга олиб кетиляпти. Шундай холатлар бўляпти. Энди шубҳаси асоссиз бўлса милиция кечирим сўраб қўйиб юборади. Ҳозир шаҳарда экстремист гуруҳларни варақалари топиляпти, байроқлар осиб кетиляпти, ҳукуматни хавотирга солаётган холатлар бўляпти, - дейди Сурат Икромов.

Ноябрь бошидан буён казарма ҳолатида бўлган Тошкентда Парижда амалга оширилган террористик ҳужумлардан сўнг назорат янада кучайтирилгани кузатилаяпти.

3 ноябрдан бошлаб Тошкентдаги барча хавфсизлик кучлари - милиция, Миллий хавфсизлик хизмати ва Тошкентдаги ҳарбий гарнизон - кучайтирилган ҳолат (казарма ҳолати)га келтирилган.

Лекин, Ўзбекистонда ҳукумат ҳам маҳаллий матбуот ҳам мамлакатда бўлаётган оммавий ҳибслар, пойтахтнинг казарма ҳолатига ўтказилиши ва кузатилаётган текшир-текширлар сабаблари ҳақида маълумот бермай келаётир.

XS
SM
MD
LG