Линклар

Россия, Эрон ва Ироқ нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш режаларини рад этишди


Россия, Эрон ва Ироқ нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш режаларидан воз кечгани хабар қилинмоқда. Жаҳон бозорида нефть нархини кўтариш мақсадида муҳокама этилган режа Саудия Арабистони эътиборини тортгани тўғрисида айтилаётган эди.

“Energy Intelligence” нашрига кўра, Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕК етакчиси ҳисобланган Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 1 миллион баррелга қисқартиришни таклиф этишга тайёр бўлган. Хабарда айтилишича, Саудия ОПЕКнинг 4 декабрга белгиланган учрашувида картелга аъзо бўлмаган Россия қазиб олиш ҳажмини қисқартирса, Ар-Риёд ҳам кунлик ҳажмни 1 миллион баррелга камайтиришга тайёрлигини таклиф этмоқчи бўлган.

Россия жорий йилда пост-совет давридаги рекорд даражада нефть қазиб олмоқда ва ҳажмларни қисқартиришга мойиллик кўрсатаётгани йўқ. Бундан ташқари Эрон билан Ироқ ҳам яқин йилларда қазиб олиш ҳажмини жиддий тарзда ошириш ниятини билдиришган.

“ОПЕКдаги ҳамкорларимиз бизга бу борада босим ўтказишларини кутмаяпмиз... Бу номақбул ва адолатсизлик бўлади”, дея баён қилди Эрон Нефть вазири Бижан Занганеҳ 3 декабрь куни Венада қилган чиқишида. Иқтисодий санкциялар бекор қилиниши ортидан Эрон келаси йилдан ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга умид қилаётганини қўшимча қилди у.

“Бу бизнинг ҳаққимиз ва ҳеч ким уни чеклай олмайди”, деди Занганеҳ. Унинг айтишича, 2016 йил бошида Эрон кунлик қазиб олиш ҳажмини ярим миллион баррелга, кейинчалик эса 1 миллион баррелга ошириб, кунлик қазиб олинадиган нефть ҳажмини 3,8 миллион баррелга етказишни кўзламоқда.

XS
SM
MD
LG