Линклар

Паспорт бўлимлари: Янги йилгача паспорт олмаганлар жаримага тортилади деган кўрсатма бўлмаган


Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, майор Санжар Қосимовнинг маҳаллий интернет нашрларида тарқалган “янги йилгача янги паспорт олмаганлар жаримга тортилади” деган гапини паспорт бўлимлари мулозимлари инкор қилмоқда. Мулозимларга кўра, уларга бундай кўрсатма келмаган ва улар бир маромда ўз ишларини давом эттирмоқда.

"Жарима ҳақида ҳеч қандай расмий кўрсатма келгани йўқ!"

Озодлик 2016 йилнинг биринчи январигача биометрик паспорт олмаганлар энг кам иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача жаримага тортилади деган хабарни суриштириш жараёнида Тошкентдаги бир неча паспорт бўлимлари билан боғланди.

Мулозимларнинг айтишларича, янги йилгача биометрик паспорт олмаганларнинг жаримага тортилиши ҳақида уларга ҳеч қандай кўрсатма келгани йўқ.

Тошкент шаҳар Сирғали тумани паспорт бўлими мулозими бундай хабарни биздан эшитаётганини айтди:

- Йўқ, йўқ, бундай хабар келгани йўқ бизга. Лекин ҳақиқатан ҳам паспортга навбат кўп. Ҳозир одамлар декабрь ойининг охирларига ёзиляпти, деди мулозим.

Яшнобод тумани паспорт бўлими мулозими ҳам паспорт олишда жорий йилнинг 31 декабридан кеч қолган фуқароларнинг жаримага тортилиши ҳақидаги хабарга “бўлиши мумкин эмас”, дея муносабат билдирди:

- Йўғе, бўлиши мумкин эмас. Биз бундай хабарни эшитганимиз йўқ.Одатдагидай ишимизни давом эттирмоқдамиз, деди мулозим.

Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, янги йилгача биометрик паспорт олмаганлар энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 10 бараваригача жаримага тортилиши ҳақида ҳеч қайси паспорт бўлимига расмий йўриқнома юборилмаган.

Лекин аҳолини биометрик паспорт билан таъминлаш ҳақидаги президент қарорида эски паспортлар 2015 йилнинг 31 декабрида ўз кучини йўқотади, деб ёзилган. Қонун бўйича эса муддати ўтган паспорт билан юрган шахс жаримага тортилади.

Навбат кўплиги боис паспортини алмаштиролмаган фуқаролар ҳам жаримага тортиладими, йўқми, Озодлик бу саволга ҳеч бир мулозимдан жавоб ололмади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, жарима ҳақида фақат оғзаки гап бўлган:

“Тўғри бу гап айтилди. Жаримага тортилади дейиляпти. Лекин расман ҳеч қаерга бундай кўрсатма юборилмаган. Балки бу аҳолига паспорт олишни тезлаштириш учун қилинган бир оғзаки пўписадир”, деди мулозим.

"Паспорт олиш муддатини узайтириш ҳақида таклиф киритилган, жавоб кутиляпти"

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими эса янги йилгача паспорт олмаган фуқароларнинг жаримага тортилиши ҳақидаги гаплардан хабари борлигини айтар экан, бунга оид расмий ҳужжат йўқлигини таъкидлади:

“Бу йилнинг охиригача ҳамманинг паспортини алмаштиришга физический улгурилмайди. Жарима ҳақида расмий қарор йўқ. Лекин шундай гаплар бўлган. Бундан асосий мақсад фуқароларнинг биометрик паспорт олишини тезлаштиришдир. Масалан, шу йилнинг 31 декабригача сиз паспорт олиш учун навбатга ёзилишингиз ва номер олиб қўйишингиз керак. Кейин навбатингиз март ойида келадими, апрель ойидами, бунинг фарқи йўқ”, деди мулозим.

Озодлик радиоси 6 ноябрь куни паспорт бўлимларидаги манбаларига таянган ҳолда¸ мамлакат аҳолисининг каттагина қисми ҳали биометрик паспортга ўтмагани ва 31 декабрга қадар уларга янги паспорт беришни техник жиҳатдан амалга ошириш мумкин эмаслигидан келиб чиқиб, ҳукумат эски паспортлар амал қилиш муддатини камида 2016 йил 31 декабрига қадар узайтиришга оид тегишли ҳужжатлар ҳозирлаётгани ҳақида хабар тарқатганди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мулозими бу хабарни яна бир бор тасдиқлар экан, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидан жавоб кутилаётганини айтди:

“Биз ҳали кўпчилик улгурмагани учун паспорт бериш муддатини 2016 йилнинг охиригача чўзиш ҳақида юқорига таклиф киритганмиз. Лекин ҳали рухсат берилгани йўқ. Яъни бу савол ҳануз очиқ қолмоқда. Рухсат бериши ҳам мумкин, бермаслиги ҳам мумкин. Агар рухсат берилса, бу кўрсатма жойларга жўнатилади”, деди мулозим.

Бу вазиятга изоҳ бериши мумкин бўлган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сукут сақламоқда ва Озодликнинг бу борадаги сўровларига жавоб бермаётир.

Президент Ислом Каримов 2009 йил 23 июнда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга асосан¸ “амалдаги Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини биометрик паспортга босқичма-босқич алмаштириш" жараëни 2015 йилнинг 31 декабрига қадар тўлиқ тугалланиши лозим эди.

Озодлик манбалари 4 декабрда Ўзбекистондаги паспорт бериш бўлимларида катта навбат борлигини тасдиқлаган бўлса ҳам, лекин паспорт столларида ур-сур ва тўполон кузатилмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG