Линклар

logo-print

Фарғона шаҳрининг Охунбобоев мавзесида истиқомат қилувчи 60 яшар онахон уч нафар ўғли милиция ходимлари уюштирган жиноий иш билан озодликдан маҳрум қилинганини иддао қилиб, унинг арзини ҳеч ким тингламаётганини айтади. Фарзандлари намозхон бўлгани учун отани ишдан ҳайдаш тавсия қилинди. Озодмикрофонга тингловчилар ана шу муаммолар ҳақида гапирди.

"Ўғилларим туҳмат билан қамалди"

“Менинг уч нафар ўғлимни туҳмату маломатлар билан қамаб юборишди. Менинг дардимни ҳеч ким тингламаяпти. Илтимос, менинг шикоятимни президентга етказинглар”, деб гап бошлади 60 яшар онахон Қаноат Мўминова.

Онахоннинг айтишича, унинг катта ўғли Бахтиёрни 2013 йилда жазо муддатини ўтаб келганидан сўнг, милиция ходимлари ҳамкорликка даъват қилган. Ўғли рози бўлмагани учун уни уюштирилган жиноят иши билан яна қамаб юборишган:

“Ўғлим 2013 йилда қамоқдан чиқиб келган эди. Кейин иш излаб кўп жойларга борди, лекин ҳеч ким иш бермади унга. Кейин управлениядаги милиция ходимлари уни бизга ишласанг, қулоқ бўлсанг иш топиб берамиз дейишган. Ўғлим рози бўлмаган. Кейин яна туҳматлар уюштиришиб, 12 ярим йилга қамаб юборишди. У турмадан чиққунча мен борми йўқми, уни Худо билади”, дейди йиғлаб Қаноат Мўминова.

Онахон иддаосича, унинг Ихтиёр ва Искандар исмли ўғиллари ҳам туҳмат билан қамалган:

“Ундан сўнг Ихтиёр ва Искандар деган ўғилларимни ҳам сохта айбловлар билан қамаб юборишди. Ихтиёрга ҳам товламачилик айби қўйишди. Судда ҳеч ким биз томонни гап ва далилларига қулоқ солмади. Искандарни эса турмадан чиққан бир одам урган, у ўзини ҳимоя қиламан деб уни итариб юборган. Оқибатда у одам боши бетонга урилиб ўлган. Шунга ўғлимга 16 йил бериб юборишди. Унинг судида ҳам биз камбағалларнинг гапига ҳеч ким қулоқ солмади. Учта ўғлим қамоқда, уларнинг ишини қайта кўриб чиқиш учун менинг арз қилмаган жойим қолмади”, деди Қаноат Мўминова.

Фарзандлари намозхон бўлгани учун отани ишдан ҳайдаш тавсия қилинди

Россияда меҳнат муҳожирлигида юрган самарқандлик ака-укаларнинг айтишларича, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари давлат корхоналаридан бирида ишлайдиган отасини ишдан бўшатиш ҳақида ташкилот бошлиғига тавсия берган:

“Мен Ўзбекистон МХХ хизматига оид одамларнинг накадар қўли узунлиги ва ҳамма жойга гапи ўтиши ҳақида гапириб бермоқчи эдим.

Мен ва укам пул топил илинжида Ўзбекистондан чиқиб кетганимизга анча йил бўлди. Менга 7 йил бўлган бўлса, укамга 6 йил бўляпти. Шу муддат ичида икки синглимни узатдим, уйимиз баъзи камчиликларни яхшиладим. Ҳозир ҳам мен ва укам ҳалиям чет элда.

Биз олдин укам ҳам, мен хам намоз ўқимардик, лекин муҳожир бўлиб намоз ўқишни бошладик. Куни кеча МХХ ходимларидан икки киши дадам ишлайдиган давлат ишхонасига келиб, дадамнинг начальнигига бу одамни ишдан бўшат, унинг ўғиллари ёмон бўлибти, деб айтибди. Энди шуни айтингчи Ўзбекистонда иш йўқ, пул топиш учун муҳожир бўлиб юрсанг булар сени яна ёмонга чиқариб, дадамни ишдан ҳайдамоқчи?!!!! Шу ишлар инсофданми?”, деди меҳнат муҳожири.

XS
SM
MD
LG