Линклар

“Ўзкимёсаноат” Олмалиқдаги 3200 ишчисига уч ойлик маошини бера олмаяпти


Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири- “Аммофос-Максам” ширкати ўз ишчиларига уч ойдан буён ойлик маошларини бера олмаяпти. “Ўзкимёсаноат” таркибига кирувчи Олмалиқдаги мазкур корхонада кейинги бир йил давомида қарздорлик кўпайгани ортидан ишчиларнинг ойликлари ўз вақтида берилмаяпти.

Улушининг 51 фоизи Ўзбекистон ҳукуматига, 49 фоизи Испания сармоядорларига тегишли Олмалиқдаги "Аммофос-Максам" ҳиссадорлик жамиятининг 3200 ишчи-ходими сентябрь ойидан буён маош олгани йўқ.

Корхона ишчиларининг Озодликка арз қилишича, кимё заводида маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олган ва раҳбарият ишларнинг оғир аҳволда қолаётганини эътиборга олмаяпти:

“Биз Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида жойлашган “Аммофос-Максам”да ишлаймиз. Биз ишчиларга 3 ойдан бери иш ҳақимизни бермаяпти. Оиламиз, фарзандларимиз бор, лекин корхона ойлик бермаяпти. 3 ойдан бери. Сўрасак заводнинг қарзи бор дейишади. Нима қилиш керак? Бошқа иш бўлмаса, ойликни вақтида тўламаса. Бундай иш юритиш яхши эмас. Лекин корхона ишлаяпти. Кимга арз қилайлик? Бойларда пул бордир, лекин оддий халқ нима қилсин? Ҳамма нарса ошиб кетаяпти”, дейилади Озодликка келган мактубда.

Корхона раҳбарияти ойликлар билан боғлиқ муаммо борлигини тан олиб, буни жаҳон бозорида аммофос нархи тушиб кетиши ортидан маҳсулот экспорти тўхтаб қолгани билан изоҳлади.

Ушбу корхонада кейинги бир йил давомида ойликлар тўланишида юзага келган муаммолар барҳам топмаяпти.

Кимё заводи ишчилари дастлаб жорий йил бошида ойликлар кечикиши билан боғлиқ муаммога дуч келишди.

Корхона мулозимларидан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, ишчиларнинг тўланмай қолган икки ойлик меҳнат ҳақи баҳорга чиқиб кредит ҳисобига ёпилган. Лекин апрелдан бошланган ойликлар билан боғлиқ муаммо яна уч ой давом этган ва корхонанинг иш ҳақига оид қарийб 3 миллиард сўмлик қарздорлиги ёз ўртасига келиб, яна кредит ҳисобига ёпилган.

Корхона мулозимига кўра, экспорт тўхтагани, маҳаллий харидорларга сотилган маҳсулотларнинг пули ўз вақтида тушмаслиги боис заводда молиявий муаммо юзага келган.

Шунингдек, мулозимнинг айтишича, ўтган йили корхонада юз берган авария ҳам молиявий муаммолар кучайишига туртки бўлган.

Ўтган йилининг бошида кимё заводида 3,5 минг тоннага яқин сульфат кислотаси тўкилиб, 1 гектар майдонни зарарлаган эди.

Расмий маълумотга кўра, тўкилган кислотанинг 540 тоннаси оқова суви орқали Гижген каналига тушадиган Таначи-Буқа ариғини заҳарлаган. Натижада “балиқлар ва бошқа тирик жониворларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлган”. Бундан ташқари ариқдан сув ичган тўртта ҳайвон ҳам нобуд бўлгани айтилмоқда. Одамлар овлаган 300 килограмм балиқ йўқ қилингани хабар қилинди.

Кимё заводи мулозимига кўра, ҳозирда корхонада юзага келган молиявий вазиятни ҳал қилиш учун ҳукуматга расмий мурожаат қилинган.

Мулозимнинг айтишича, “Ўзкимёсаноат” таркибига кирувчи “Аммофос-Максам”дан ташқари яна 13та саноат корхонасида ҳам молиявий муаммолар кузатилаяпти.

Ўтган йили "Ўзкимёсноат"нинг қарзи 3 триллион сўм экани айтилган эди. Ушбу қарздорлик боис компанияни тўрт йил давомида бошқариб келган Ҳамидулло Шерматов ишдан олиниб, унинг ўрнига Нормат Иброҳимов тайинланди.

Бироқ янги раҳбар ҳам молиявий муаммолар ечимини топа олмаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молияланадиган ташкилот ва корхоналарда иш ҳақининг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда. Мустақил иқтисодчилар бу ҳолатни мамлакат иқтисодида жиддий қийинчиликлар, хусусан нақд пул тақчиллиги юзага келгани билан изоҳламоқда.

Озодликка сиздирилган Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботида мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

XS
SM
MD
LG