Линклар

logo-print

Дональд Трампнинг мусулмонлар АҚШга кирмасин деган баёноти норозилик уйғотди


АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп Америкага мусулмонларнинг киритилишини мутлақо тақиқлаш керак, деган баёнотни бериб, ҳам сафдошлари, ҳам рақиблари танқиди остида қолди. Сан-Бернардино шаҳридаги террор ҳужумига муносабат билдирган Трампнинг АҚШда терроризмга қарши курашнинг ягона йўли шу, деган фикрини қувватловчилар ҳам оз эмас. Оқ Уй бу позиция АҚШ қадриятларига "мутлақо зид", деб қоралади.

Ўтган ҳафта Калифорния штати Сан-Бернардино шаҳрида икки мусулмон террорчи ижтимоий хизмат марказида 14 кишини отиб ўлдирганига муносабат билдирган Трамп: "АҚШга мусулмонларнинг киришини тўлиқ тақиқлаш керак. Бундай тақиқ вакилларимиз у ерда нима бўлганини аниқлаб олгунича амалда бўлиши керак", деди.

7 декабрь куни Жанубий Каролина штатида тарафдорларининг гулдирос қарсаклари остида қилган нутқида Трамп бундай тақиқни жорий қилиш сабабини "мусулмонларнинг каттагина қисмида америкаликларга қарши нафрат кучайган", деб изоҳлади.

"Биз бу нафрат нега ва қаердан пайдо бўлганини аниқлашимиз керак. Бу муаммо ва ундан келадиган хатарларни аниқлаб, тушуниб олгунимизча давлатимиз фақатгина жиҳодга ишонган, инсон ҳаётини қадрламаган ва ҳурмат қилмаган одамларнинг қурбони бўлмаслиги керак", деди республикачи номзод.

У бу баёноти билан тарафдорлари томонидан ҳақиқатни очиқ айтишга журъат қилган сиёсатчи, деб олқишланмоқда. Унинг Twitter саҳифасида қолдирган баёнотини бир неча соат ичида 4 мингдан ортиқ одам маъқуллади.

Аммо, республикачилар етакчилари, рақиб сиёсатчилар ва мусулмон жамоалари томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Оқ Уй раҳбарияти Трампнинг бу позициясини АҚШ давлатчилиги қадриятларига "мутлақо зид", деб баҳолади. Матбуот котиби Жош Эрнест бу "одамларнинг қўрқувидан ўз сайловолди тарғиботини кучайтириш мақсадида фойдаланишдир", деб қоралади.

Оқ Уй расмийси мусулмон жамоаларини айблаш ўрнига, уларнинг етакчилари билан ҳамкорлик орқали экстремистларни бартараф қилиш ва тарғиботга учиб радикаллашиши мумкин бўлган шахсларни изоляция қилиш керак, деган фикрни таъкидлади.

Демократлардан президентликка номзод Ҳиллари Клинтон Трампнинг бу таклифини "ножўя, нохолис ва айирмачи" режа деб баҳолади ҳамда бу йўл "бизни янада хатарга қўяди", деди.

Америка-Ислом муносабатлари кенгаши ижроия директори Ниҳад Авад эса: "Трамп буюк давлатимиз эмас, бир тўда ақлсиз одамларга бошчилик қиладиган етакчига ўхшайди", деб танқид қилди.

АҚШ собиқ вице-президенти, республикачи Дик Чейни, АҚШнинг собиқ президенти Жорж Бушнинг укаси - республикачилардан президентликка яна бир номзод Жеб Буш ҳам Дональд Трампни танқид қилди.

Айни пайтда Трампнинг бу баёноти Покистон, Таиланд, Австралияда ҳам қораланди.

Сан-Бернардинода одамларни отган террорчи аёл Ташфин Малик туғилган Покистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва дин пешволари Дональд Трампни зўравонликни тарғиб қилмоқда, деб айблади.

Aмерикaлик таниқли миллиaрдер Донaлд Трaмп Республикaчилaр пaртиясидaн AҚШ президентлиги учун курашмоқда.

Бизнес мaгнaт, сaрмоячи вa телеюлдуз бўлгaн 69 ёшли Трaмп aмaлдaги президент Бaрaк Обaмa сиёсaтининг, хусусaн, у бошлaб бергaн соғлиқни сaқлaш соҳaсидaги ислоҳотлaрнинг aшaддий тaнқидчисидир.

Бундaн тaшқaри, у Обaмaни Aмерикaдa туғилмaгaнлик вa сохтa ҳужжaтлaр билaн Оқ уйни эгaллaб ўтиргaнликдa aйблaб келaди.

Донaлд Трaмп АҚШ президенти бўлса, Мексикa билaн бўлгaн чегaрa бўйлaб бaлaнд девор қуриш вa Хитой билaн олиб борилaётгaн сўзлaшувлaрдa кескинроқ бўлишни вaъдa қилган.

Forbes нашри умумий бойлиги 4,2 миллиард долларга тенг Трампни америкалик миллиардерлар рўйхатида 133 ўринга қўйган.

AҚШдa нaвбaтдaги президентлик сaйловлaри 2016 йилнинг 8 ноябридa бўлиб ўтaди. Иккинчи президентлик муддати якунига етаётган Барак Обама ушбу сайловларда қатнаша олмайди.

XS
SM
MD
LG