Линклар

Истанбулда Ўзбекистон мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳга суиқасд уринишида гумон қилинган икки шахс маҳкама қарори билан ҳибсда қолдирилди. Улардан бири Фурқан А. исмли Ўзбекистон фуқароси экани ҳақидаги маълумотни Туркия адлия тизимидаги манбалар сурати билан матбуотга сиздирди. Ҳибсда қолаётган яна бир шахснинг доғистонлик экани айтилмоқда.

Туркияда чиқадиган Yeni Safak газетасига кўра, қўлга олинган яна уч кишининг кўрсатмаси олиниб, шаҳарни тарк қилмаслик шарти билан қўйиб юборилган.

Ўтган ҳафта Истанбул полициясининг Терроризмга қарши кураш бўлими Муҳаммад Солиҳ ва унинг ўғли Темур яшайдиган ҳовли яқинида шубҳали автомобилни таъқиб этиб, машинада қочишга уринган беш одамни ҳибсга олган эди.

Суиқасд уринишида гумонланиб, ҳибсда ушлаб турилаётган икки киши устидан маҳкама яқин кунларда Истанбулнинг Тузла мавзеидаги судда кўрилиши кутилмоқда.

Маҳкама бу икки шахснинг суиқасд уриниши эпизодини муҳокама қилади. Лекин, ҳибсга олинган шахслар ҳақида полиция жамоатчиликка ҳеч қанақа маълумот бермаяпти.

Туркияда чиқадиган So'zcu газетасига кўра, бу икки шахс Истанбулнинг Пиндик мавзесидаги квартирани 33 ёшли Ҳусанбек У. исмли Ўзбекистон фуқароси номига кирага олгани аниқлаган.

Лекин, Ҳусанбек У. исмли шахснинг қаердалиги ҳозир маълум эмас.

Муҳожиратда яшаётган ўзбек мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистондаги президент Ислом Каримов бошчилигидаги режимни мухолифларини йўқ қилишга уринаётганликда айблади.

Солиҳ бу ҳақда ўзи ва ўғлига қарши суиқасд уринишида гумон қилинаётган шахслар ўтган ҳафтада Туркияда ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар ортидан таъкидлади.

- Каримов режими Швециядан то Туркияга узайган қотиллар тармоғини қурган, улар режимга қарши ҳаракат қилган инсонларни йўқ қилиш билан шуғулланяпти, - деди Солиҳ.

Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг уйи 2013 йилда ўққа тутилган эди.

Озодлик билан суҳбатлашган Туркия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходимига кўра¸ Муҳаммад Солиҳнинг икки йил аввал ўққа тутилган Истанбулдаги уйи қаттиқ қўриқланмоқда.

Муҳаммад Солиҳнинг икки йил аввал ўққа тутилган Истанбулдаги уйи қаттиқ қўриқланмоқда.

Муҳаммад Солиҳнинг икки йил аввал ўққа тутилган Истанбулдаги уйи қаттиқ қўриқланмоқда.

- Аввал ҳам уйимизга ўқ узиб кетишди. У пайтда у қадар жиддийга олмаган эдик буни. Абдулла Бухорий ўлдириб кетилганидан сўнг бу нарсанинг планли равишда қилингани ва жиддий бир тармоқ экани ўртага чиқди, - деди Солиҳ.

Ўзбек мухолифат раҳбарига суиқасд уриниши ҳақидаги хабарлар турк матбуотида Швецияда таниқли имом Обидхон қори Назаровга суиқасд юзасидан маҳкама ҳукми кутилаётган бир пайтда пайдо бўлди.

Швед прокурори Кристер Петерсон Обидхон қори Назаровга суиқасд уриниши ортида ўзбек махсус хизматлари турганини айтган эди.

- Ҳозир Туркия ва Швецияда суиқасд қилганлар бир тармоқ экани маълум бўляпти, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистон мухолифати фаолларига нисбатан ҳужумлар илк бора бўлаëтгани йўқ. Ўтган йили эса Истанбулда ўзбекистонлик имом Абдулло Бухорий отиб ўлдирилди.

2011 йилнинг 24 сентябрь куни, ўзбек мухолифати фаолларидан бири Фуад Рустамхўжаев Иваново шаҳрида ўз уйи олдида отиб кетилган эди.

2012 йил 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида Ўзбекистондаги Каримов режимини ошкора танқид қилиб келган таниқли уламо Обид қори Назаровга ўз уйи подъездида суиқасд уюштирилган эди.

1999 йили Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Терроризмга қарши бош бошқармаси бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва Интерполнинг Ўзбекистон бўлими бошлиғи полковник Маҳмуд Хайитовлар, Россияда тадбиркорлик билан шуғулланадиган собиқ милиционер Баҳром Мўминохунов иштирокида Муҳаммад Солиҳга қарши амалга ошмай қолган суиқасд ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG