Линклар

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги мамлакатда ишлаётган муҳожирларга сил ҳақида ахборот тақдим этмоқчи ва уларни бепул кўрикдан ўтишга чақирмоқда.

Меҳнат муҳожирлари саломатчилигига оид масаладан 8 декабрь куни Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида баҳс этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Сил муаммолари миллий маркази директори Тлеухан Абилдаев эндиликда Қозоғистонда ишлаётган меҳнат муҳожирлари сил касалини аниқлаш бўйича бепул кўрикдан ўтишлари мумкинлигини билдирди.

- Қозоғистонда сил касалини станционар даволаш давлат ҳисобидан бепул амалга оширилади. Кейин эса хасталар ўз юртлари юборилади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия яқин йиллар ичида сил касалига чалинган ва муолажадан ўтган фуқароларга оид умумий информацион йўл харитаси ишлаб чиқиш ниятида. Шу тариқа, фуқаронинг қабул қилган мамлакатда ва ватанига қайтганидан кейин даволанишига оид бутун манзарани кузатиш мумкин бўлади, - дели Тлеухан Абилдаев.

Унинг айтишича, бугунги кунда 123 нафар меҳнат муҳожирининг силга чалингани аниқланган.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонга йилига 300 мингдан бир миллион нафаргача муҳожир келади. Уларни сил бўйича бепул текширувдан ўтказиш тадбирига Project HOPE халқаро ташкилоти ҳомийлик қилмоқда. Бу ташкилот, силга қарши кураш бўйича уч йиллик режага мувофиқ, Қозоғистоннинг Қарағанда, Остона, Олмаота, Ақтау, Ақтўбе, Чимкент шаҳарларида ва Олмаота вилоятида тадбирлар ўтказишни бошлаган.

Ярим йилдан буён Остонадаги хусусий уйлар қурилишида ишлаётган ўзбекистонлик Нуриддиннинг силга қарши ўтказилаётган бу тадбирлардан хабари йўқ. У силга қарши хабарномалар тарқатиб юрган ходимларни кўрмаганини ва ўзини текширтириш учун шифокорларга мурожаат қилишдан чўчиётганини айтади.

- Агар поликлиникада текширув чоғида хасталигим аниқлангудек бўлса, мени депортация қилишлари ёки даволаниш учун пул талаб қилишлари мумкин, - дейди Нуриддин.

Қозоқ расмийларининг йирик шаҳарларда сил касалини аниқлаш бўйича бепул текширув ўтказиш тадбирини Остона шаҳар силга қарши диспансери бош шифокори Анна Цепке ҳам қўллаб-қувватлайди.

- Меҳнат муҳожирлари даволаниш бепул эканини билмайдилар. Ноҳукумат ташкилотлари бу фуқароларни излаб топиб, текширтириш учун бизга олиб келаяптилар. Бу йил ўрта оғирликдаги силга чалинган 6 минг кишини аниқладик, шунингдек, биз улар билан мулоқотда бўлган кишиларни ҳам текширувдан ўтказдик, - дейди Анна Цепке.

Муҳожирлар орасида сил профилактикаси бўйича фаолият кўрсатаётган ташкилотлардан бири Қарағандадаги “Умит” ноҳукумат ташкилотидир. Ташкилот ходимлари қурилиш майдонлари ва бозорларда раста оралаб юриб, меҳнат муҳожирларига сил ҳақидаги маълумотлар ва хасталикни даволаш йўллари ёзилган варақаларни тарқатмоқда.

- Сўнгги беш ой ичида бундай варақаларни 1580 кишига тарқатдик. 78 киши тиббий текширувдан ўтди. Бунинг яхши томони – ҳеч кимда сил аломати топилмади. Сил жуда юқумли касалликдир. Бир хаста одам касалликни 50-60 кишига юқтириши мумкин. Шунинг учун унинг олдини олиш зарур, - дейди “Умит” ташкилоти мувофиқлаштирувчиси Айман Белқўжанова.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда силга чалинганлар сони 11 минг 458 кишини ташкил этади. Айни пайтда қозоқ расмийлари мамлакатда силга чалиниш ҳолати 2000 йилдан буён 9,5 фоизга камайганини айтмоқдалар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига мувофиқ, дунёда ҳар йили тақрибан 9 миллион одам силга чалинади, қарийб 1,5 миллион одам нобуд бўлади.

XS
SM
MD
LG