Линклар

9 декабрь куни Бокудаги Апелляция маҳкамаси озарбайжонлик ҳуқуқ фаоли Лайло Юнусга белгиланган саккиз ярим йиллик қамоқ жазосини беш йиллик шартли жазога ўзгартирди ва уни суд залидан озод этди. Ҳуқуқ фаолининг эри Ориф Юнусга ҳам беш йиллик шартли қамоқ белгиланди. Етти йилга ҳукм этилган Ориф Юнус ўтган ойда шартли озод этилган эди.

Апелляция маҳкамаси Лайло ва Ориф Юнусларга қўйилган "ҳужжатларни сохталаштириш" айбловини олиб ташлади. Қолган айбловлар бўйича уларга беш йиллик шартли қамоқ жазоси белгиланди.

Шунингдек, ҳуқуқ фаолларининг қизи номига олинган квартиранинг конфискация этилиши ҳақидаги аввалги суд ҳукми бекор қилинди.

Шу йилнинг ёзида Озарбайжонда давлат қоралвочиси Лайло Юнусни иқтисодий жиноятлар, жумладан товламачиликда, солиқ тўлашдан бош тортганликда ҳамда ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланганликда айблаб, суддан уни 11 йилга, турмуш ўртоғи Ориф Юнусни товламачиликда айблаб 9 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраганди.

59 ёшли Лейла Юнус ва унинг 60 ёшли турмуш ўртоғи Ориф Юнус Озарбайжон ҳукуматини танқид қилгани учун қамоққа ташланган фаоллар ва журналистлар орасида эди.

Ҳуқуқ фаоллари президент Илҳом Алиевни ўзгача фикрловчилар овозини ўчиришга ҳаракат қилаётганликда айблаб келади.

Лейла Юнус Бокуда Тинчлик ва демократия институти ташкилоти асосчиси ва раҳбаридир. У ўз фаолияти учун халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Юнус йиллардан бери арманистонлик ҳуқуқ фаоллари билан миллатлараро тотувлик масаласидаги лойиҳаларни амалга ошириб келган.

Ориф Юнус таниқли тарихчи бўлиб, Кавказ минтақасидаги можароларни тадқиқ қилиш билан шуғулланган. Унинг илмий изланишлари асосан Тоғли Қорабоғдаги можарони ўрганишга қаратилган.

Айни пайтда озарбайжонлик танлиқли журналист Хадича Исмоилова бир йилдан бери қамоқда қолмоқда. Бокудаги маҳкама сентябрь ойида Исмоиловани 7,5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Суд Исмоиловани тухмат, солиқдан бўйин товлаганлик, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланганлик ва ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбдор, деб топди. Хадича Исмоилова Озарбайжон Президенти Илхом Алиев оиласининг бизнес империяси ҳақидаги мақолалари билан танилган журналистдир. Кузатувчилар ва ҳуқуқ фаоллари Исмоилованинг қамоққа олиниши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, демоқдалар.

XS
SM
MD
LG