Линклар

Ўзбекистон энергетикасига деярли 9 миллиард доллар сармоя ётқизмоқчи


Ўзбекистон энергетика соҳасида 2020 йилгача умумий қиймати 8 миллиард 900 миллион бўлган 33 сармоявий лойиҳани амалга оширишни режаламоқда. Бу ҳақда пайшанба куни “Туркистон пресс” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

“Ўзбекэнерго” давлат ҳиссадорлик ширкатига таянган ҳолда тарқатилган хабарда айтилишича, 2010 йилгача 15та ГЭС модернизация қилинади ва таъмирланади. Бунинг натижасида ГЭСларнинг ишлаб чиқариш қуввати 200 МВтга ошади ва қўшимча 600 миллион кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Мутахасислар бунинг ортидан йилига 250 миллион кубометр табиий газ иқтисод қилинишини айтмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон маҳаллий матбуоти 2020 йилгача 9та янги гидроэнергетика иншооти барпо этилажаги ҳақида хабар тарқатганди. Бу борада Ўзбекистон ҳукумати 16 ноябрда қарор қабул қилган.

Қарорда Чирчиқ-Бўзсув трактида “Камолот”, Оқсарой дарёсида Нанай, Оқдарё - Оқсув ўзанида Тамшуш, Танхизидарёда Дектар катта ГЭСларини қуриш назарда тутилган. Бу ГЭСларнинг умумий қуввати 23,5 МВТни ташкил қилади ва йилига 116,9 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Бундан ташқари Туябўғиз сув омборида, Катта Фарғона каналида, Оҳангарон дарёсида, Дарғом каналида, Тўполонгдарёда бешта кичик ГЭС қурилиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG