Линклар

Ўшда янги қурилган уйлар пора берганлар ўртасида тақсимлангани иддао қилинмоқда

  • Шерзод

Ўшдаги янги қурилган кўп қаватли бинолардан бири.

Ўшдаги янги қурилган кўп қаватли бинолардан бири.

“Қон билан бошланган воқеа қон билан тугаши мумкин”. Бу гапни Ўш воқеаларида жабрланиб,давлат томонидан қурилган уйларга эриша олмаганлардан бири - Ўш воқеалари чоғида 21 жойига ўқ текканини иддао қилган Сабирали Абдуллаев матбуот анжуманида айтди. Анжуман иштирокчиларига кўра, ҳозирда жабрланган 130 одамга уй берилмаяпти.

Ўш воқеалари чоғида 21 жойига ўқ теканини иддао қилган Сабирали Абдуллаев ҳозиргача баданидаги 12 ўқни олдирганини айтди. Ўзганлик Сабирали Ўш воқеаларида жабрланганлар учун қурилган уйлардан квартира олиш учун ҳужжатларини Ўш вилоят давлат маъмуриятига топширган. Сабиралига кўра, давлат мулозимлари унга уй бериш учун пора талаб қилган.

- Анара Усўнўва дегани телефон қилиб: “Телефонда айтиладиган гап эмас”, деб мени чақирди. Борсам: “Терговчиларга бермасанг бўлмайди”, деб пул сўради. Кейин мен: “Нимага пул беришим керак? Баданимга 21 ўқ теккан, олдирган ерларимни излари бор. Ўқлар қўлимда турибди. Олинмаганлари баданимда турибди”,дедим. Мен пулнинг миқдорини айтгунича шундай деганимдан кейин қанча пул сўраётганини айтолмай қолди. Мен ўшанда Анара Усўнўвага: “Берилса бекорга берилсин, акс ҳолда мен пул беролмайман”, деганман, – дейди Сабирали Абдуллаев.

Унга кўра, шундан кейин уни ҳеч ким бу масалада чақирмаган. Ўзи ҳокимятга уй-жой масаласи қандай ҳал этилганини суриштиришга борганида, унинг ҳужжатларини терговчилар тасдиқламаганини айтишган. Шундан кейин унга уй берилмай қолиб кетган.

Ўш воқеаларида чоғида уч ерига ўқ текканини иддао қилаётган Улан Эргешов матбуот анжуманида жабрланганлар учун қурилган уйларнинг барчасини пули борлар олганини айтади.

-Фақат пули борларга уй берилди.Уй бериш учун бизлардан 5-10 минг доллардан пул сўрашади. Фақат суд, прокурорлар олиб қўйишди уйларни. Пул сўрашади. Қирғизистонни “бардак” қилган ўзбеклар олади уйларни. Биз уйлар ипотекага берилишига ҳам қаршимиз, - дейди Улан Эргешов.

“Қирғиз журтум” жамоатчилик ташкилоти раисаси Сапаргул Бердалиевага кўра, ҳозирда Ўш воқеаларида жабрланган, бироқ уй ололмаган 130 одам бор. Унга кўра, уй бўлиштиришдаги ноқонуний ишлардан мамлакат президенти ва ҳукумат раҳбари бехабар. Бердалиева ҳукумат раҳбарлари бу одамларнинг масаласига эътибор қаратиши керак.

Шу йилнинг май ойи ўрталарида Ўш воқеаларида жабрланганлар учун қурилган кўп қаватли уйларни бўлиштириш бўйича Давлат комиссияси 42 хонадон ноқонуний равишда берилганини аниқлаганди. Ўзини жабрдийда сифатида кўрсатиб, соҳта ҳужжатлар асосида давлатдан уй олганлар орасида Ўшнинг энг бой одамлари ҳам бор.

Давлат комиссияси вакилларининг маълум қилишича, Ўш воқеаларига алоқадор бўлмаган ўндан ортиқ одамга ҳам ноқонуний равишда уй берилган.

Ҳукумат қарори билан Ўш ва Жалолободда қурилган кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан июнь воқеасида жабрланганлардан ташқари куч тизими ходимлари, болалари ОИТСга чалинган оналар ва имконияти чекланган одамларга ҳам берилиши назарда тутилган эди. Айрим одамлар ўзларини мана шу тоифаларга мансуб қилиб кўрсатиб, қалбаки ҳужжатлар билан уй олган.

Айтиш жоишки, Ўш воқеалари жабрдийдаларига уй бўлиштириш ишлари шу йилнинг май ойида ниҳоясига етган. Қолган уйлар ипотекага сотилиши эълон қилинган. Маълум бўлишича, Ўш воқеаларида жабрланган 637 одамга уй берилган.

Ўш шаҳар мэриясининг хусусий турар - жой қуриш департаменти вакили Қадирали Жолдошбаевга кўра, 2013 йили ҳукумат раҳбари қарори билан уйларни бўлиштиришдаги ноқонуний ҳолатларни аниқлаш юзасидан ишчи гуруҳ тузилган. Комиссия Ўш ва Жалолободга келиб, уй олиш учун ҳокимиятга ҳужжат топширганлар ҳужжатларини текширган.

-Уларнинг текшируви натижасида, 2013 йилнинг август ойида айрим ҳужжатлар юзасидан Қирғизистон Республикаси Бош прокуротураси жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят ишини тергов қилиш учун махсус тергов гуруҳи тузилган ва ҳозиргача тергов ишлари кетмоқда, -дейди Қадирали Жолдошбаев.

Унга кўра, юқорида тилга олинган шахслар ҳужжатларида ҳам қатор камчиликлар аниқланган ва шу сабабли уларга уй берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сўнгида уйларнинг ноқонуний тақсимланиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ички ишлар бошқармаси ўндан ортиқ, прокуротура эса 7-8 жиноий иш очгани маълум бўлганди. Уй олиш учун рўйхатга олинганларнинг 200га яқини ҳужжатлари ноқонуний деган гумон билан текширилган.

2010 йилнинг июнь ойида Ўшда рўй берган қирғин пайтида 500га яқин одам қурбон бўлган. Минглаб одамларнинг уйлари ёндирилган эди. Халқаро ташкилотлар ёрдамида Ўш ва Жалолободда ёндирилган хусусий уйлар қайта тикланди.

XS
SM
MD
LG