Линклар

Ўзбекистон 2018 йилдан метанол ёнилғиси ишлаб чиқаришни ваъда қилмоқда


“Ўзнефтмаҳсулот” ширкати бензинга метанол (метил спирти)ни қўшиб, ундан автомобил ёнилғиси ишлаб чиқариш лойиҳасини 2018 йилдан ишга туширишни режалаштираяпти.

"Ўзкимёсаноат" ширкати вакилининнг Sputnik нашрига берган маълумотига кўра, янги лойиҳа натижасида мамлакатда бензин ишлаб чиқариш оширилиши кўзланган.

Янги лойиҳани амалга ошириш учун Япониянинг Mitsubishi ва Даниянинг "Хальдор Топсе" компаниялари билан меморандум имзоланган.

Янги лойиҳа 100 миллион АҚШ долларига баҳоланаяпти, бу маблағнинг 50 миллион доллари хорижий инвесторлар томонидан ажратилиши режаланган.

Метанолни Бухоро вилоятидаги махсус газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқариш режаланмоқда. Дастлабки босқичда завод негизида йилига 300 минг тонна метанол ишлаб чиқариши кутилаяпти.

Янги лойиҳа орқали Ўзбекистонда кейинги йилларда жиддий тус олаётган ёнилғи тақчиллигига барҳам бериш режаламоқда.

Бензин ва метанол аралашмасидан хитойликлар бир неча йилдан буён автомобил ёнилғиси сифатида фойдаланиб келишади.

Таркибининг 85 фоизи метанол ва 15 фоизи бензиндан иборат М85 индекси берилган ёнилғининг бу туридан АҚШнинг бир қанча штатлари, жумладан, Калифорнияда ҳам фойдаланилади.

Мутахассисларга кўра, метанол бензинга қараганда беш марта секин ёнади. Ҳавога заҳарли моддалар, жумладан, диоксинларни бензинга қараганда камроқ чиқаради.

Шу боис ҳам АҚШ ва Хитойдаги атроф-муҳит ҳимоячилари автомобил ҳайдовчиларига шу ёнилғидан фойдаланишни тарғиб қилиб келишади.

Шунингдек, бензин ва метанол аралашмасидан иборат ёнилғининг таннархи ҳам бошқа тур автомобил ёнилғиларига қараганда арзонга тушади.

Бундай ёнилғидан кенг фойдаланиш нефтга тобеликни ҳам камайтиради.

Охирги йилларда нефт ишлаб чиқариш ҳажми қисқарган ва нефтни қайта ишлаш заводлари ҳам тўла қувват билан ишламаётган Ўзбекистон учун бу жуда қўл келиши мумкин.

XS
SM
MD
LG