Линклар

logo-print

Қирғиз расмийлари Бишкекда террор гуруҳи йўқ қилинганини айтмоқда


Хавфсизлик ходимлари террор гуруҳини тутишда қўлга туширган қурол-аслаҳалар, Бишкек, 2015 йил 10 декабри.

Хавфсизлик ходимлари террор гуруҳини тутишда қўлга туширган қурол-аслаҳалар, Бишкек, 2015 йил 10 декабри.

11 декабрга ўтар кечаси Бишкекда йўқ қилинган жиноятчилар Чуй вилояти ва пойтахт Бишкекда террор хуружи уюштирмоқчи бўлган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ўтган тунда Бишкекнинг Шарқ-5 мавзеида террорчиликка қарши амалиёт ўтказилиб, халқаро террор ташкилоти аъзолари деб гумонланганлар қуршовга олинган. Қўлга олиш чоғида қуролли қаршилик кўрсатгани туфайли улар йўқ қилинган.

Махсус амалиёт чоғида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус бўлинмасининг бир ходими ярадор бўлган. Шифокорлар ходимнинг аҳволи қониқарли, дея баҳолаяптилар.

Амалиёт пайтида аҳоли орасида жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда.

Қирғиз чекистларига кўра, текширувлар йўқ қилинган гуруҳ аъзолари Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятида қатор терактлар содир этиш ниятида бўлганлар.

Махсус амалиётдан сўнг жиноятчилар тасарруфида Макаров русумидаги 4 тўппонча, Ф-1 гранаталари, қўлбола портловчи мослама, бир неча мобиль телефон, ниқоблар ва бошқа ашёлар бўлгани аниқланган.

Расмий маълумотларга кўра, йўқ қилинган икки шахс қатор оғир жиноятларга, шу жумладан, 19 ноябрь куни Бишкекнинг 8-мавзеида участка нозири Ақтилек Абдивалиев ўлдирилишига алоқадор бўлган.

Бу шахслар 2015 йил 16 июлида Бишкекда ўтказилмиш аксилтеррор амалиёти чоғида ўлдирилган Тоха лақабли Тариель Жумағулов бошчилигидаги террор гуруҳи билан тиғиз алоқаси борлиги аниқланган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сеитов Озодликнинг қирғиз хизматига бунгача икки жиноятчининг фотороботи эълон қилингани, уларнинг муқаддам судланган кишилар экани аниқланганини билдирган.

- Бизда маълумотлар бор эди, буларнинг бири Боткен, яна бири Норин вилоятидан. Ҳозир қўшимча тергов ишлари олиб борилаяпти. Яшаган ерлари ва уларнинг яқинлари ҳақида қўшимча маълумотлар йиғаяпмиз. Уларнинг бир неча хотини бор экан. Уларнинг уйидан қўшимча адабиётлар ва бошқа ашёвий далиллар олинаяпти, - деган Бақит Сеитов.

Аввалроқ Бишкек шаҳар милиция бош бошқармаси барча ходимини жиноятчиларни қидириб топиш ишига сафарбар этган ва мазкур жиноятда гумонланганлар ҳақида хабар берганларга 1 миллион сўм (тақрибан 13000 АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) миқдорида мукофот берилишини эълон қилганди.

Жиноятчилар ўқига учган 27 ёшли кичик лейтенант Ақтилек Абдивалиев асли жалолободлик экани, Бишкекка ўтган йили ишга келгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG