Линклар

Россияда Ходорковскийга нисбатан қотиллик айблови илгари сурилди


Россия тергов қўмитаси таниқли бизнесмен, ЮКОС нефть ширкатининг собиқ раҳбари Михаил Ходорковскийга нисбатан сиртдан қотиллик айбловини илгари сурди. Қўмита Ходорковскийни Нефтеюганск мэри Владимир Петуховнинг 1998 йилги ўлимида айблаб чиқди.

Россияда Михаил Ходорковскийга нисбатан Нефтеюганск мэри Владимир Петуховнинг ўлдирилиши юзасидан сиртдан айблов эълон қилинди.

Россия тергов қўмитаси расмий вакили Владимир Маркин ЮКОС нефть ширкатининг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский ушбу қотиллик буюритмачиси бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

- Тергов маълумотларига кўра, айнан Ходорковский ЮКОС нефть ширкати бошқаруви раиси сифатида қўли остидаги ширкат ходимлари, жумладан Невзлин ва Пичугинларга Петухов ва Рибинларни ўлдиришни тайинлаган, - деди Маркин.

Владимир Петухов 1998 йил 26 июнда Ходорковскийнинг туғилган кунида ўлдирилган эди.

2005 йилда ушбу қотиллик иши бўйича ЮКОС нефть компанияси хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Алексей Пичугинга нисбатан айблов эълон қилиниб, у умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинганди.

Шунингдек, Ходорковский қотиллик куни Петуховга ҳамрохлик қилган Вячеслав Кокошкинга нисбатан суиқасдда ҳам айбланоқда.

Ҳозирда Лондонда яшаётган Михаил Ходорковский мазкур жиноят иши юзасидан айбдор сифатида сўроқ қилиниши учун Россия Тергов қўмитасига чақиртирилгани, лекин бормаслигини айтган.

Ходорковский бу айбловни уйдирма деб атаган.

- Янги йил арафасида менга айбловлар қўйилиши бу эски анъана. Бу иш бўйича етарлисидан ҳам ортиқ маълумот бор. Қотиллик ўша йилнинг ўзида очилган. Қотиллик ижрочилари қўлга олинган, лекин тушунарсиз сабабларга кўра қўйиб юборилди ва кейин ўлдирилди, - деди Ходорковский.

Михаил Ходорковский Россия суди томонидан иқтисодий жиноятларда айбланиб, ўн йил қамоқда ўтириб чиқди.

У ўзига қўйилган айбловлар сиёсий бўлгани ва ноҳақ қамалганини айтган.

Россия президенти Владимир Путин 2013 йилда, Сочида Қишки олимпия ўйинлари очилиши арафасида Ходорковскийни авф этган эди.

Озодликка чиққач Ходорковский аввал Германия, кейин Швейцариядан бошпана топди. Ҳозир у Лондонда яшамоқда.

ЮКОС собиқ раҳбари Россиядаги сиёсий вазият ва Путин сиёсатини танқид қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG