Линклар

Ўктам Пардаев яқинлари унинг амнистия қилинишига умид қилмоқда

  • Садриддин Ашур

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев

Товламачилик, пора олиш билан айбланаётган жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Ўктам Пардаевнинг яқинлари унинг амнистияга илиниши учун “гўёки у келтирган моддий зарарни” тўла қопладилар. Вақтинча сақлаш изоляторида қолаётган Ўктам Пардаев эса ўзига қўйилган барча айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Жиззах вилояти Дўстлик тумани ички ишлар бўлими терговчиси олиб борган суриштирув ишларига кўра, Ўктам Пардаев фуқаролардан алдов йўли билан қарийб 3,5 миллион сўм пул олган.

Бу ҳақда терговчи тузган далолатномада айтилади. Бу ҳужжатда терговчи ана шу айбловлар билан Ўктам Пардаевга бир қанча саволлар берган. Пардаев эса фуқароларга текин ҳуқуқий ёрдам кўрсатганини таъкидлар экан, хизмати учун улардан пул олганини кескин инкор қилади.

Терговчининг далилларида эса асосан бир шахснинг, бир вақтлар Ўктам Пардаев ҳуқуқий ёрдам берган Рухиё Баитованинг оғзаки кўрсатмаларига таянилади.

Ўктам Пардаевнинг укаси Шароф Пардаевнинг айтишича, яқин қариндошлар терговчи айтган “моддий зарарни” ўз ихтиёрлари билан қоплашган:

- Акамга қарийб уч ярим миллион сўмни товламачилик билан одамлардан олган деган айб қўйилган. Лекин акам буни кескин инкор қиляпти. Терговчининг айтишича, агар биз шу зарарни қопласак акам амнистияга илиниши мумкин экан. Шунинг учун биз акамга ҳам айтмасдан қариндошлар ёрдами билан уч ярим миллион сўмни тўладик. Энди акамнинг амнистияга чиқишига умид қиляпмиз. Лекин тўлаганимизга бир ҳафта бўлган бўлса ҳам акамнинг чиқишидан дарак йўқ”, деди Шароф Пардаев.

Пардаевга кўра, мазкур жиноят иши терговчисининг айбланувчи адвокатига айтишича, бу жиноят ишини тугатиб судга ошириш учун “яна 5-6та эпизодни текшириб чиқиш” керак.

Ўктам Пардаев айни пайтда Жиззах вилояти Дўстлик тумани ички ишлар бўлими изоляторида сақланмоқда. 12 декабрь куни у билан учрашган адвокатнинг Шароф Пардаевга айтишича, акасининг саломатлиги яхши.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси вазифасида ишлаган Ўктам Пардаев жорий йилнинг 16 ноябрида ҳибсга олинган эди.

Ўктам Пардаев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг товламачилик, пора олиш каби моддалари билан айбланмоқда. Дастлабки тергов жараёнида Ўктам Пардаев ўзига қўйилаётган бу айбловларни кескин инкор қилган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва халқаро инсон ҳуқуқи ташкилотлари Ўктам Пардаевга қўйилаётган айбловлар тўқима эканлигини айтар экан, у инсон ҳуқуқи фаолияти учун ҳибсга олинганини таъкидлаб келмоқда.

Жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик ташкилоти ҳамда Норвегия Ҳелсинки қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматидан Ўктам Пардаевни зудлик билан ҳибсдан озод қилиш ҳақида 27 ноябрь куни баёнот берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG