Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:06

Покистон бозорида юз берган портлашда камида 12 киши ҳалок бўлди


Покистоннинг Афғонистон чегарасига яқин шаҳарчадаги бозорда юз берган бомба портлашида камида 12 нафар одам ҳалок бўлди ва яна камида 30 нафар киши яраланди.

Покистон расмийларининг айтишича, портлаш 13 декабрда Парачинор шаҳарчасидаги бозорда олди-сотди қизиган пайтда содир этилган.

Маҳаллий дўкондорлардан бирининг маълум қилишича, портлаш тушлик маҳали кўплаб харидорлар, жумладан аёллар қишки кийим сотиб олаётган пайтда бозорни ларзага келтирган.

"Жуда қаттиқ портлади, – дея тасвирлади ҳодисани дўкондор. – Ташқарига югуриб чиққан пайтимизда одамлар дод-фарёд соларди, ҳамма ёқ қонга беланганди."

Маҳаллий телевидениеси тасвиларида юзлаб одамларнинг бозордан қочаётгани, полиция ҳодиса юз берган жойни ўраб олаётгани ва тез ёрдам машиналари намойиш қилинган.

Маҳаллий шифохона доктори оғир ярадорлар кўплиги ва ўлганлар сони янада ошиши мумкинлинини айтган.

Парачинор Хуррам қабила минтақасидаги асосий шаҳар бўлиб, охирги йилларда сунний ва шиа мусулмонлари ўртасидаги тўқнашувларга саҳна бўлиб келади.

Покистон армияси тез-тез ҳудудни жангарилардан тозалаш бўйича ҳарбий амалиётлар ўтказиб туради.

Бир кун муқаддам Покистон ҳукумати Шимолий Вазиристон минтақаси жангарилардан деярли тозаланганини эълон қилганди.

Покистон армияси сўзчисига кўра, 2014 йил июнидан бошлаб ҳозирга қадар 3400 нафар Толибон исёнчиси ҳалок этилган.

XS
SM
MD
LG