Линклар

logo-print

Душанбеда жаримага тортилган сарроф ўзини осиб қўйди


Душанбедаги "Фаровон" бозори дарвозаларидан бири.

Душанбедаги "Фаровон" бозори дарвозаларидан бири.

Душанбенинг “Фаровон” бозоридаги валюта айирбошлаш шахобчаларидан бирида ишлайдиган Алихон Азимов ўзини осиб қўйган. Саррофнинг яқинлари ҳодиса унга 120 минг сомоний жарима солинганидан сўнг рўй берганини айтмоқдалар.

“Фаровон” бозорида 8 йилдан буён саррофлик билан шуғулланиб келган келган Алихон Азимов бир ҳафта муқаддам ўз уйида жонига қасд қилди.

Расмийлар ҳодиса юзасидан ҳозирча бирор-бир изоҳ берганлари йўқ.

Саррофнинг акаси Олим Азимов Озодликнинг тожик хизматига Алихонни худкушликка нима мажбур қилгани ўзига маълум эмаслиги, бироқ фожиа унга қарашли валюта айирбошлаш шахобчаси ёпилиб, 120 минг сомоний (18 минг АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) миқдорида жарима солиниши ортиданоқ содир бўлганини айтган.

Олим Азимовга кўра, Алихон унга қарзи борлигини айтмаган.

“Барча маблағни қайтадан санаб чиқдим, аммо унинг нима учун бу ишга қўл урганини тушунолмаяпман”, деган Олим Азимов туғишганининг алдов қурбони бўлганини эҳтимолдан соқит қилмаган.

Олим Азимов Алихоннинг рафиқаси эрининг ўзини ўлдириш ниятидан хабари бўлмаганини айтган. Унга кўра, Алихон фақат бир хат қолдириб, унда яқинларидан барча маблағни қайта санаб чиқиб, уйларни сотиб, унинг қарзларини узиб қўйишни илтимос қилган. Бу хатда Алихон кимдан ва қанча қарзи борлигини ёзмаган.

Олим Азимов укасига катта миқдорда жарима солишган пайтда жуда тушкунликка тушиб ва қаттиқ қўрқиб кетганини хотирлайди. Унинг айтишича, худкушликдан икки кун аввал Алихонга қўнғироқ қилишиб, 120 минг сомоний миқдорида жарима тўлаши лозимлигини айтишган. Бу воқеадан бир неча кун олдин эса прокуратура дастмояси 100 минг сомонийни ташкил қилган валюта айирбошлаш шахобчасида текширув ўтказган. Текширув чоғида шахобча қонунга мувофиқ равишда ишлаётгани аниқланган.

Олим Азимовнинг айтишича, прокуратура валюта айирбошлаш шахобчасини текшираётган пайтда у ерга Абдураҳмон Жомий туманидан бўлган бир киши кириб, бошқа бировга бериб қўйиш илтимоси билан 8 минг сомоний ташлаб кетган. Алихон бу одамни билгани учун пулни олиб қолган. 5 декабрь куни эса унга қўнғироқ қилишиб, жарима тўлаши лозимлигини айтишган.

Худкушликка қўл урган 32 ёшли Алихон Азимовнинг ортида 4 фарзанди қолган. Укасининг сўнгги илтимосини бажариш учун Олим Азимов ўз уйини, Алихоннинг уйини ва яна бир укасининг уйини сотувга қўйган.

“Фаровон” бозори жойлашган Сино туман ички ишлар бўлими навбатчилари Озодликнинг тожик хизматига фожиадан хабарлари йўқлигини билдиришган.

Ноябрь ойи охирида Тожикистон Миллий банки АҚШ долларининг миллий валютага нисбатан курси кескин ошиб кетиши натижасида валюта айирбошлаш шахобчаларининг барчасини ёпишга қарор қилганди. Миллий банк вакилларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда ўтказган рейдлари чоғида валюта айирбошлаш шахобчаси ишлатадиган 38 кишига нисбатан материаллар тўпланган ҳамда 60 минг сомонийдан ($9000 дан кўпроқ – таҳр.) 100 минг сомонийгача ($15000 дан кўпроқ – таҳр.) жарима солинган.

12 декабрь куни валюта айирбошлаш шахобчаларида ишлайдиган 60 чоғли одам ўз муаммоларини баён этиш учун Тожикистон Миллий банки биноси олдида йиғилган. Миллий банк раҳбарияти уларга саррофлик шахобчалари янги йилдан қайта очилиши мумкинлиги айтиб, таскин берганлар.

XS
SM
MD
LG