Линклар

logo-print

Корхона раҳбарияти автомобиллар савдоси 12 декабрдан қисқа муддатга тўхтагани ва 15 декабрдан янгиланган нархда сотув бошланишини тасдиқлади. Тошкентдаги автосалонлар ҳар йил охирида GM-Uzbekistan ширкати нархни янгилаши-кўтариши, аммо бу йил нарх 37 фоизгача оширилганини айтмоқда. Нархлар ўта ошиб кетиши манзарасида Тошкент машина бозорларида яна ажиотаж кучайгани кузатилмоқда.

14 декабр куни Ўзбекистондаги автомобил савдосига оид интернет сайтлари ва Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" (Тошкент ҳайдовчилари) саҳифасида GM-Uzbekistan ширкати ишлаб чиқарган автомобиллар нархи 37 фоизгача қимматлаб кетгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари автосалонларда берилган янги нархлар рўйхатини ҳам нашр этдилар.

Унда ширкат автомобилларининг ой бошида белгиланган нархи 15-25 фоизгача ошганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, бозори чаққон бўлган айрим автомобиллар савдоси миллий валютадан хорижий валютага кўчирилгани ҳам акс этган.

Куни кеча бироз муқаддам эса GM-Uzbekistan ширкати савдони вақтинча тўхтатиш сўрови билан Тошкентдаги диллерлик ширкатларига юборгани айтилган ҳужжат нусхаси Озодликка йўлланди.

Ҳужжатда ширкатда инвентаризация ўтказилиши муносабати билан 12 декабрдан GM-Uzbekistan автомобиллари савдосини вақтинча - махсус кўрсатма берилгунича тўхтатиш сўралган.

Озодлик бу ҳужжат ва нархлар кескин ошганига оид саволлар билан мурожаат қилганида ширкатнинг ўзини таништирмаган мулозими изоҳ беришдан бош тортди.

Аммо, 15 декабрдан янгиланган нархда савдо бошланишига оид хабарни тасдиқлади.

Тошкентдаги қатор автосалонлар маъмурияти эса ижтимоий тармоқларда тарқалган янги нархлар рўйхатини тасдиқладилар ва автомобиллар нархи кескин ошганидан бироз хавотирга тушганини билдирдилар.

Жумладан, "Роҳат", Driver's village автосалонлари маъмуриятлари ​GM-Uzbekistan автомобиллари 15 декабрдан бошлаб, 10 фоиздан 25 фоизгача қимматлаган нархда сотилишини, айрим автомобиллар савдоси ўзбек сўмидан АҚШ долларига ўтказилганини тасдиқлади:

"Ҳа, бу сафар нархлар анча қиммат. GM раҳбарияти шу қарорга келган, сабаблари эса бизга қоронғу. Автомобилларни улар ишлаб чиқаради, нархини ҳам улар белгилайди. Савдо қанақа бўлади - ҳозир бир нарса дейиш қийин", деди пойтахтдаги автомобил салонларидан бирининг ўзини таништирмаган менежери.

Тошкентдаги автосалонларда бўлган айрим мижозлар Malibu, Cobalt, Lacetti автомобилларининг айрим русумлари нархи, ҳатто 37-45 фоизгача оширилганидан хабар топгани ҳақида ижтимоий тармоқларда ёздилар.

Автомобил бозоридаги вазиятни кузатаётган тошкентлик иқтисодчи Тошбек ​GM-Uzbekistan ширкати ҳар йил охирида нархларни янгилаб бориши, аммо бу гал нархлар фавқулодда оширилган, деб ҳисоблашини айтди:

- Ўзи Янги йил олдидан GM корхонаси нархларини 5-10-15 фоизгача оширарди. Лекин бу йил менинг кузатувимга кўра, 20 фоизгача оширган нархларини. Менимча, бу мамлакат ичкарисидаги конвертация жараёни билан боғлиқ, деб тахмин қилиш мумкин. Ой бошида АҚШ долларининг қора бозордаги нархи кескин ошиб кетгани GM савдосига таъсир қилмай қолмади, - дейди иқтисодчи.

Шу йил август ойида Ўзбекистонда бу ширкат автомобиллари нархи арзонлашгани ва аҳолида қизиқиш катта бўлган айрим автомобиллар савдоси АҚШ долларидан ўзбек сўмига ўтказилгани хабар қилинган эди.

Жумладан, 8 август куни автосалонлар Lacetti ва Cobalt автомобиллари учун ўзбек сўмида шартномалар қабул қилишни бошлаган.

Ўшанда Cobalt автомобилининг 1-позицияси харидорларга 43 миллион 250 минг сўмдан, 2-позицияси 47 миллион 300 минг сўмдан, Lacetti автомобилининг 1-позицияси 47 миллион 350 минг сўмдан, 2-позицияси эса 54 миллион 850 минг сўмдан таклиф қилинган.

Эндиликда эса Cobalt автомобили нархи турли позициялар учун 74 миллион 985 минг сўмдан 78 миллион 600 минг сўмгача кўтарилган. Lacetti автомобили эса 81 миллион сўмгача кўтарилган.

Муқаддам 90 миллион сўмдан бошлаб сотилган Malibu автомобили нархи эса 125 миллион сўмга кўтарилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG