Линклар

Россия Бош прокурори: Навальний фильми ортида "АҚШ хуфия хизматлари" турибди


Россия Бош прокурори Юрий Чайка Кремль танқидчисига айланган ғарблик йирик сармоядор ва “АҚШ хуфия хизматлари”ни рус мухолифати томонидан тайёрланган ҳужжатли фильм ортда турганликда айблади.

Рус мухолифати лидерларидан бири Алексей Навальний ўз фильмида Юрий Чайка ва унинг оиласини коррупцияда айблаган.

Юрий Чайка “Коммерсант” газетасида 14 декабрда нашр этилган мактубида Hermitage Capital вақфининг асосчиси, асли америкалик Британия фуқароси Уиллиам Бровдер ва “унинг ортида турган хуфия хизматлар” шу ой бошида интернетга қўйилган фильмни чиқаришга топшириқ берганига “умуман шубҳа қилмаслиги”ни ёзган.

Фильм Чайканинг икки ўғлини Россия ҳукумати расмийлари ёрдами билан ва отасининг ҳимояси остида йирик бойлик тўплаганликда айблайди.

Чайка фильмни “Бош прокуратурани ёмон отлиқ қилиш" мақсадида чиқарилган "қора пиар акцияси", деб атаган.

Алексей Навальний эса Россия расмийлари Бровдерни танлаганидан "жуда хафа” бўлганини билдирди.

У Чайкани истеъфога чиқиш ва қонун олдида жавоб беришни талаб қилди.

Бровдер Россияда 2013 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланиб, сиртдан тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG