Линклар

logo-print

Россияга киритилмаган ўзбек оиласи бир ойдан буён мўғул чегарасида қолмоқда


Баян-Улгий шаҳарчасининг асосий аҳолиси - этник қозоқлардир

Баян-Улгий шаҳарчасининг асосий аҳолиси - этник қозоқлардир

Россияга киритилмаётган ўзбекистонлик оиласи бир ойдан буён Монголиянинг Баян-Улгий шаҳрида қолмоқда. Оила бошлиғи Федерал миграция идораси бу тушунмовчилик рус чегарачилари хатоси асосида юзага келганини тан олаётганига қарамасдан, уни тузатишга шошилмаётир, дейди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган жиззахлик йигит Россияга кириб келаётганида чегарачиларнинг рафиқаси фамилиясини ёзишда қилган битта хатоси туфайли роппа-роса бир ойдан буён оила аъзолари билан Монголия чегарасида қолиб кетганини Озодликка айтиб берди.

- 2013 йил 4 декабрда биз Тошкент-Новосибирск поездида кириб келган эдик. Ўшанда “Локоть” чегара постида аёлимни фамилиясида битта ҳарф қолдириб ёзибди. Россияга кириб, Олтойда кафеда ишладик. Экзамен топшириб келдик, кейин 2014 йил сентябрда “разрешение на работу” қилиш учун Қозоғистонга чиқиб келдик. Ишладик, 2015 йил августда Ўзбекистонга уйга қайтдик, 1,5 ой турдик. Шу йилнинг 19 октябрида биз Новосибирск поездида яна кириб келдик. Ундан олдин 5 минг сўмга авиакассада текшириб кўрдим – йўлим очиқ экан. “Локоть” чегара постида аёлимни олиб кетди “Сенда запрет бор!”, деб. 5 минутдан кейин “Кечирасизлар, англашилмовчилик бўлибди!”, деб паспортимизни берворди ва биз Россияга кириб келдик яна, деди муҳожир.

Асли Жиззах вилоятидан эканини айтган бу муҳожир оиласи билан Олтой Республикасидаги эски иш жойига қайтди.

Ишга рухсатномани расмийлаштириш пайтида маҳаллий миграция идораси бошлиғи эр-хотинлардан “янгидан тил билиш тўғрисидаги сертификатга имтиҳон топшириш зарурлиги”ни билдирган.

- Сертификат жавоби Москвадан келгунча, бизнинг регистрация вақтимиз бир ойдан ўтиб кетаётганини кўриб, биз 14 ноябрь куни Қозоғистонга эмас, Монголияга қараб юрдик, чунки чегара атиги 50 километр нарида. Қозоғистон 1 минг километр узоқликда! Машинада чегарадан ўтиб, 10 километр нейтрал зонагача бориб қайтган эдик, қўлимизга “Сизларга запрет!” деган қоғоз берди “Россиянинг 26 қоидасини бузяпсизлар” деб, деди у.

Монголия чегарасига келган ўзбекистонлик муҳожир маҳаллий чегарачилар томонидан киритилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш олди.

Ниҳоят, кўп соатлик тортишувлардан кейин мўғул чегарачилари 4 минг рублдан ҳар бир оила аъзосига олинган бож эвазига ўзбек оиласига кириш визаси берди. Монголиянинг Баян-Улгий шаҳарчаси аҳолиси асосан қозоқлардан иборат бўлгани сабабли, бу йигит маҳаллийлар билан сўзлашишда мураккабликлар юзага келмаётганини айтди.

Маълум бўлишича, Россия ФМСи ўзбекистонлик бу мигрантлар оиласига 2017 йилнинг июль ойигача киришга тақиқ қўйган.

Озодлик сўровига Олтой вилояти бўйича ФМС бошқармаси ҳақиқатан жиззахлик бу оила масаласида сўровнома Москвадаги бошқармага юборилгани ва у ердан ижобий жавоб келиши кутилаётганини билдиришди.

Ҳозирда Монголия ғарбидаги Баян-Улгий шаҳарчаси меҳмонхонасида 14 ноябрдан буён яшаб келаётган ўзбекистонликлар қаердан нажот излашни билмасдан, Озодлик орқали мурожаат қилди:

- Олтой ўлкаси божхона хизматидагилар 2013 йилда кирганимиздаги икки маротаба ёзилган бланкдаги хато туфайли запрет борлиги аниқланди. Ўрис ўзини бошини кесмайдику, нотўғри бўлса ҳам, 2-3 ўзбек учун! Нима бўлаётганини тушунмаяпмиз... Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги консулига мурожаат қилганимизда, “Консул бугун шуғуллана олмайди – эртага телефон қилинг!”, дебди, деди меҳнат муҳожири.

Ҳозирда на Россияга киритилиши маълум, Ўзбекистонга кетиш учун эса маблағи йўқ бу оила ФМС бош идораси жавобини кутиб қолишини маълум қилмоқда.

Озодлик бу оила билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG