Линклар

Ҳайдовчилар президент девони олдида норозилик намойиши уюштирди


Душанба куни Москвада Россия президенти девони олдида “Платон” тўлов тизимига қарши курашаётган ҳайдовчилар норозилик акцияси бўлиб ўтди. Унда катта юк машиналарини бошқарувчи бу ишчилар Компартия депутатлари билан учрашди. Ҳайдовчилар Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг сўзларидан норози эканини маълум қилди.

Норозилик намойишига 70 га яқин фура ҳайдовчиси ва уларга хайрихоҳ бўлган 20-30 фуқаро келди.

Катта юк машиналаридан ҳар бир километр юрган йўлидан солиқ олиш учун жорий этилган “Платон” тизимига қарши эканини маълум қилган митингчилар, шунингдек, Россия Бош вазири Дмитрий Медведев сўзларидан қаттиқ норози эканини гапирди:

- Яқинда Медведев сўзга чиқиб, “Ҳайдовчиларнинг асосий қисми қайдга турди!”, деди. Бу одамлар мажбурликдан унга қўшилган! Аммо 2-3 ойдан кейин улар ҳам бу шаклда ишлаш фойдасиз эканини тушуниб етади. Ахир акцизни ҳам тўламасликнинг иложи йўқ. Медведев сурбетларча ёлғон гапиришидан нима наф эканини тушунмаяпман. Биз солиқ тўламаётганимиз ғирт ёлғон! Юк ташувчиларнинг 80 фоизи – бу хусусий тадбиркорлардир. Нафақат биз, балки ишлаб чиқарувчилар ҳам зарар кўряпти бу солиқдан. Магазинларга кириб кўринг – нархлар 30-40 фоизга ошган, деди татаристонлик ҳайдовчи Андрей Лукин.

Эслатиш жоизки, бундан олдинроқ, “дальнобойшчиклар” чиқишларига жавобан ҳукумат бошлиғи Дмитрий Медведев норозилик акцияларида солиқ тўламаётган ва “нимани ташиётгани номаълум” юк ташувчилар иштирок этаётганини иддао қилган эди.

Якшанба куни Петербургдаги “Платон” тизими офиси олдига бир гуруҳ фаоллар томонидан “Ротенбергларга- аҳолидан” деб ёзув битилган гулчамбарлар келтирилди.

12 тоннадан зиёд оғирликка эга катта машиналардан федерал трассаларда юргани учун олинадиган солиқ тизими жорий йилнинг15 ноябрида киритилган эди. “Платон” тўлов тизими орқали йиғиладиган пуллар Россия президенти Владимир Путиннинг энг яқин дўсти миллиардер Аркадий Ротенбергнинг ўғли Игорга қарашли хусусий компанияга ўтказилиши маълум бўлди.

Бу янгилик бутун мамлакат бўйлаб ишлаётган минглаб ҳайдовчилар норозиликларини келтириб чиқарди.

Норозилик ташкилотчилари минимал тезликда ҳаракатланаётган юк машиналари акциясини “шиллиққурт” дея атаб, Москва каби йирик мегаполисларда машина қатоновини тўхтатиб қўйишга қарор қилган эди.

XS
SM
MD
LG