Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:10

ШҲТ доирасида эркин савдо ҳудуди яратиш таклиф этилди


Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ташкилот доирасида эркин савдо ҳудудини яратиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Хитойнинг Жэнжоу шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ давлатлари ҳукуматлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида маълум қилинди. 14-15 декабрь кунлари бўлиб ўтган айни йиғинда Ўзбекистондан бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги делегация қатнашди.

ШҲТ йиғинида сўз олган Хитой Давлат Кенгаши раҳбари Ли Кэцян ташкилот доирасида эркин савдо зонасини яратиш борасида конкрет тадбирлар ишлаб чиқишга киришилганини таъкидлади.

- Ҳозиргина кичик таркибдаги йиғинда савдо ва иқтисодиёт вазирларига ШҲТ доирасида эркин савдо зонасини яратиш борасида конкрет тадбирлар ишлаб чиқишга кўрсатма беришга келишиб олдик. Бу ШҲТ доирасидаги савдони ривожлантиришга қулай шарт-шароилар яратиб беришга қаратилган чорадир, - деди Хитой Давлат Кенгаши раҳбари Ли Кэцян.

Эркин савдо ҳудуди божхона тўловларини имкони борича туширишни мақсад қилади.

Унда аъзо давлатлар ўртасида босқичма-босқич турли маҳсулотларнинг экспорт ва импортига қўйилган чекловларни олиб ташлаш назарда тутилади.

ШҲТ доирасида аъзо давлатлар ўртасидаги савдо жараёнини енгиллаштириш бўйича махсус ишчи гуруҳ аллақачон яратилган.

Эндиликда унинг фаолият доирасини янада кенгайтириб, савдо ҳудудини яратиш режалаштирилмоқда.

- 2020 йилга бориб ушбу ҳудудда товарлар, капитал, хизмат ва технологияларни эркин олиб ўтиш йўлга қўйилади,, - деди Ли Кэцян.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда ташкил топган. Ҳозирда мазкур ташкилотга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзодир. Монголия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон эса ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

XS
SM
MD
LG