Линклар

logo-print

Тошкент ШҲТ доирасида эркин савдо ҳудуди ташкил этиш ҳақидаги таклифга тайёр эмас


ШҲТга аъзо мамлакатлар бош вазирлари Чжэнчжоудаги мажлис олдидан, 2015 йил 15 декабри.

ШҲТга аъзо мамлакатлар бош вазирлари Чжэнчжоудаги мажлис олдидан, 2015 йил 15 декабри.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида эркин савдо ҳудуди ташкил этиш масаласини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифни кўриб чиқишга тайёр эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов 15 декабрь куни Хитойнинг Жэнжоу шаҳрида ўтган ШҲТга аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида билдирди.

ШҲТ доирасида эркин савдо ҳудуди яратиш бўйича конкрет чора-тадбирлар ишлаб чиқиш таклифини Хитой бош вазири Ли Кэцян ўртага ташлаган.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг хабар қилишича, Рустам Азимов Хитой бош вазири таклиф қилган йўналиш ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари томонидан шу йил июлида Уфа саммитида тасдиқламиш ШҲТнинг 2025 йилгача бўлган Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилмаганини қайд этган.

“Жаҳон иқтисодиётида юзага келган мураккаб вазиятда ШҲТ мамлакатларининг барқарор ривожланиши учун иқтисодиёт, инвестициялар ва транспорт алоқалари соҳасида ўзаро манфаатли ва келишилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш вазифаси алоҳида долзарблик касб этади”, деган Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари.

Рустам Азимов Ўзбекистон ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий алоқаларини янада ривожлантириш, ўзаро савдо-сотиқни рағбатлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, сармоя ётқизиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТнинг транзит имкониятларини кенгайтиришга оид лойиҳаларни ёқлашини билдирган.

Жэнжоудаги мажлисда Ўзбекистон бош вазири муовинидан ташқари Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон бош вазирлари қатнашди.

XS
SM
MD
LG