Линклар

logo-print

Ўзбекистонда автосалонлар билан шартнома тузганлар пушаймон бўлмоқда


GM-Uzbekistan ўз маҳсулотлари нархини кескин оширди

GM-Uzbekistan ўз маҳсулотлари нархини кескин оширди

Душанба куни Ўзбекистон автосалонларида GM-Uzbekistan автомобиллари оширилган нархда сотувга чиқарилиши баробарида автобозорларда ишлатилган машиналарни сотувга қўйганлар сони кескин ортди.

Автосалонларда навбатда туриб, кредитга машина олганлар ёки навбат кутаётганлар эса қаттиқ зарар кўрганликларидан нолимоқда.

Озодлик манбаларига кўра, бозорларда харидорлар машина сотиб олишга ошиқмаётир.

Автосалонларда ҳам янги нархда машина сотиб олмоқчи бўлганлар сони озлиги кузатилмоқда.

GM-Uzbekistan корхонаси раҳбарияти 12 декабрдан автосалонларда машина савдоси қисқа муддатга тўхтатилгани ва 15 декабрдан бошлаб янги нархларда сотув бошланишини маълум қилганди.

Озодликка келиб тушган GM-Uzbekistan ширкати ҳужжати нусхасида Тошкентдаги дилерлик ширкатларига “махсус кўрсатма берилгунча” савдони вақтинча тўхтатиш сўралган.

Ўзбекистон автосаноатида ягона монополист - GM-Uzbekistan белгилаган янги тарифга мувофиқ, автосалонларда янги машиналар нархи 37 фоизгача кўтарилган.

Ижтимоий тармоқларга қўйилган янги нархлар рўйхатида автомобиллар нархи ўртача 15-25 фоизгача кўтарилгани, айрим автомобиллар савдоси сўмдан долларга ўтганини кўриш мумкин.

Озодлик боғланган Тошкентдаги автосалонлардан бирининг ходими “сотиш бир оз сустлашган”ини эътироф этди.

“Турғунлик даври”

Озодлик манбасининг айтишича, автомобиль бозорларида “турғунлик даври” бошланган.

Машина таклиф қилаётганлар кўп, аммо талаб йўқ. Бозорда турғунлик даври бошланган. Автосалонларда машиналар нархи кўтарилиши биланоқ, Сергели бозоридаги нархлар ҳам қимматлади. Айниқса, долларга таклиф қилаётганлар кўп. Лекин, харидор жуда кам. Олувчилар янги йилдан кейин нима бўлади, деб кутиб турибди”, деди суҳбатдош.

Озодлик суҳбатлашган яна бир пойтахт яшовчиси бир йил муқаддам 30 минг АҚШ долларига сотиб олган Chevrolet Captıva русумидаги янги машинасини 14,5 минг долларга сотишга мажбур бўлганини айтади.

Янги каптивамни ўн тўрт ярим минг долларга сотишга мажбур бўлдим. Ўтган йили 30 мингга сотиб олгандим. Нархлар кўтарилади, дейишди. Лекин, бозорда оладиган одам йўқ”, дейди у.

Бошқа бир суҳбатдош эса ҳамма – сотувчию харирдорлар - янги йилнинг кириб келишини кутиб турганини билдирди.

Сотувчилар нархларнинг кўтарилишига, олувчилар эса нархларнинг тушишига умид қилаяпти. Ҳамма, саросимага тушганга ўхшайди”, деди Озодлик суҳбатдоши.

Тошкентлик иқтисодчининг хулоса қилишича, талаб ва таклифдаги номутаносиблик аниқлангунга қадар машина бозоридаги “турғунлик” давом этаверади.

“Қимматга тушган иштиёқ”

Август ойида Ўзбекистонда GM-Uzbekistan автомобиллари нархи арзонлашгани ва аҳолида қизиқиш катта бўлган айрим автомобиллар савдоси АҚШ долларидан ўзбек сўмига ўтказилгани хабар қилинган, автосалонлар Lacetti ва Cobalt автомобиллари учун ўзбек сўмида шартномалар қабул қилишни бошлаган эди.

Ўшанда Cobalt автомобилининг 1-позицияси харидорларга 43 миллион 250 минг сўмдан, 2-позицияси 47 миллион 300 минг сўмдан, Lacetti автомобилининг 1-позицияси 47 миллион 350 минг сўмдан, 2-позицияси эса 54 миллион 850 минг сўмдан таклиф қилинган.

Эндиликда эса Cobalt автомобили нархи турли позициялар учун 74 миллион 985 минг сўмдан 78 миллион 600 минг сўмгача кўтарилган. Lacetti автомобили эса 81 миллион сўмгача кўтарилган.

Муқаддам 90 миллион сўмдан бошлаб сотилган Malibu автомобили нархи эса 125 миллион сўмга кўтарилган.

Тошкентлик иқтисодчининг айтишича, Ўзбекистонда миллий валютанинг қадрсизланиши баробарида машинасини хорижий валютада сотмоқчи бўлганларнинг сони кескин ошиб кетган.

Долларда машина харид қилмоқчи бўлганларга, сотиб олиш варианти кўпайиб кетди. Одамлар доллар яна қимматласа, бозордан эмас, салондан сотиб оламиз, дейди. Одамларда, барибир ҳам, янги машинани сотиб олиш иштиёқи кучли. Эскисидан янги машинани ҳайдаш иштиёқи кучли бўлгани учун одамлар автосалонларга бора бошлади. Доллар қиммати ошганидан кейин одамларда қисқа муддатда салондан машина сотиб олиш қобилияти ошиб кетди. GM-Uzbekistan бўлса, нархларни бирдан 30 фоиздан кўпроққа кўтариб юборди. Натижада, харидорнинг иштиёқи қимматга тушди”, дейди тошкентлик иқтисодчи.

Facebook ижтимоий тармоғида фикр қолдирган ўзбекистонлик шартнома асосида машина олишга навбатга тургани ва нархларнинг қимматлашуви туфайли катта зиён кўрганидан ёзғирди.

Танишим беш кунда 49 миллионга Lacetti сотиб олди, мен эса Nexia учун 30 миллион тўладим ва мана ўн ойдан буён кутаман. Энди бўлса, яна 19 миллион тўлашим керак экан. Хулоса: Lacetti беш кунда 49 миллион, Nexia 49 миллион ва ўн ойдан буён кутиш. Адолат қани?” дейди Facebook фойдаланувчиси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG