Линклар

Малала: Террорчилар қилмиши учун барча мусулмонларни айбламаслик керак!


Нобель Тинчлик мукофотини олган покистонлик ҳуқуқ фаоли Малала Юсуфзай бир нечта террорчининг қилмишига барча мусулмонларни масъул кўриш терроризмнинг кучайишига олиб келиши, уларни янада кўпроқ ҳужумларга рағбатлантириши ҳақида огоҳлантирди.

- Мусулмонларга қарши қанча кўп гапирилса, улардан шунча кўп террорчи етишиб чиқади. Мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш уларнинг яна ҳам радикаллашувига олиб келади. Мақсад террорчиликни тўхтатиш экан мусулмон аҳлини ёмонлашни, бир неча террорчининг қилмишига барча мусулмонларни айблашни бас қилиш керак, - деди Юсуфзай.

Покистоннинг Пешавор шаҳрида 122 талаба ўлимига сабаб бўлган ҳужумларнинг бир йиллиги муносабати билан Британияда ўтказилган тадбирда Малала АҚШда республикачилардан президентликка номзод бўлиш учун кураш олиб бораётган Доналд Трампнинг мусулмонларнинг Америкага киришини тақиқлаш ҳақидаги таклифини танқид остига олди.

- Нафратга тўлиб тошган, ўзгаларни камситувчи бу каби баёнотларни сиёсатчилар оғзидан эшитиш жуда хатарли, - деди Малала Юсуфзай Бирмингҳам шаҳрида ўтган маросимда.

Ўтган ой Калифорния штати Сан-Бернардино шаҳрида икки мусулмон террорчи ижтимоий хизмат марказида 14 кишини отиб ўлдирганига муносабат билдирган Доналд Трамп: "Мусулмонларнинг АҚШга киришини тақиқлаш керак. Бундай тақиқ вакилларимиз у ерда нима бўлганини аниқлаб олгунича амалда бўлиши лозим", деган эди.

Покистонлик ҳуқуқ фаоли Малала Юсуфзай: “Бир ҳовуч террорчи гуруҳларни ер юзидаги бир миллиард олти юз минг мусулмонга боғлаш ҳақсизлик бўлади”, - деди.

Малала ўз чиқишида аксарият мусулмонларнинг ўзлари ҳам экстремизм ҳолларидан ларзага тушишганини таъкидлади.

Доналд Трампнинг мусулмонларга қарши баёноти АҚШда кўплаб сиёсатчилар танқидларига учради.

Оқ Уй раҳбарияти Трампнинг бу позицияси АҚШ давлатчилиги қадриятларига "мутлақо зид" эканини таъкидлади ва бундай ҳаракат "одамларнинг қўрқувидан ўз сайловолди тарғиботини кучайтириш мақсадида фойдаланишдир", деб қоралади.

Демократлардан президентликка номзод Ҳиллари Клинтон Трампнинг бу таклифини "ножўя, нохолис ва айирмачи" режа деб баҳолади ҳамда бу йўл "бизни янада хатарга қўяди", деди.

Малала Юсуфзай 11 ёшидан бошлаб Покистонда қизларнинг таълим олиши учун курашиб келган.

2012 йилда у ўз фаолияти учун Толибон ҳужумига учраб, оғир яраланган, аммо омон қолганди.

Давомли жарроҳлик амалиётларидан сўнг оёққа турган Малала Юсуфзай ҳозирда Британияда яшамоқда.

XS
SM
MD
LG