Линклар

logo-print

Путин юриб кетаётган пайтда нега бир қўли қимирламайди?


Russia -- Russian President Vladimir Putin walks past honor guards as he attends a ceremony to receive diplomatic credentials from foreign ambassadors at the Kremlin in Moscow, November 26, 2015

Russia -- Russian President Vladimir Putin walks past honor guards as he attends a ceremony to receive diplomatic credentials from foreign ambassadors at the Kremlin in Moscow, November 26, 2015

Сарлавҳага чиқарилган савол бир қарашда ўта кулгили кўринади: тўғри-да, ҳар ким ҳар хил юради. Кимдир бир қўлини, кимдир иккала қўлини қимирлатиб. Лекин олимлар учун бу кулгили савол эмас. Балки...

Европалик неврологлар гуруҳи эълон қилган тадқиқот натижаларига кўра, Россия президенти Владимир Путин “мерганларга ўхшаб қадам ташлайди”, яъни ўнг қўлини ўзига хос равишда силкитади ва бу унинг совет КГБси ходими сифатида мерганлик машқларидаги иштироки билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Мазкур тадқиқот натижалари 14 декабрь куни Британияда чоп этиладиган The BMJ тиббиёт ҳафталигида эълон қилинди. Мақолада Путиннинг оммавий чиқишларида унинг “ўнг қўли ҳаракати сезиларли даражада чекланганини” кўриш мумкинлиги айтилади.

Қўлларнинг бундай асимметрик ҳаракатланиши Паркинсон касаллигининг дастлабки аломати бўлиши мумкин.

Аммо Португалия, Италия ҳамда Нидерландияда ишловчи тадқиқотчилар томонидан ёзилган илмий мақолада Путинда бу касалликнинг кўзга яққол ташланадиган бошқа аломатлари йўқлиги айтилади.

Мақола муаллифларига кўра, Путин “жуда яхши ҳаракатланади”. Буни президент дзюдо ва сузиш каби атлетик машғулотлар билан шуғулланаётгани ҳамда расмий ҳужжатларни имзолаётгани акс этган видеоларда кўриш мумкин. Путиннинг жисмонан соғломлиги унинг имижининг муҳим қисми бўлиб, лаганбардор рус матбуоти бу мавзуни кенг ёритиб келади.

КГБ машғулотлари бўйича қўлланмага асосланиб, тадқиқот муаллифлари Путиннинг қадам ташлаши президент федерал хавфсизлик агентлигида олган тренинги билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. КГБда подполковник даражасигача кўтарилган Путин Совет Иттифоқи қулай бошлаганда истеъфога чиққан.

“Ушбу қўлланмага кўра, КГБ агентларига ўз қуролларини ўнг қўллари билан кўкракларига яқин ушлаб, бир томонлари билан, одатда чап томонлари билан олдинга юриш буюрилган. Бу душманга дуч келганда тезкорлик билан қуролни чиқариш имконини берган, деб тахмин қилиш мумкин”, дейилади мақолада.

Ўз тахминларини текшириш учун неврологлар YouTubeда бошқа рус расмийларининг ҳам видеоларини ўрганиб чиқишган.

Тадқиқотга Нидерландиянинг Неймеген шаҳрида жойлашган Радбоб университети тиббий маркази ходими, ҳаракат бузилиши неврологияси профессори Бастиан Блум етакчилик қилган. Профессор Блум илмий гуруҳ аъзоларини кузатув натижалари “лол қолдирганини” айтди.

Улар Путинга хос юришни бош вазир Дмитрий Медведев, Россия собиқ мудофаа вазирлари Анатолий Сердюков ва Сергей Иванов ҳамда юқори лавозимли ҳарбий қўмондон Анатолий Сидоровда ҳам кузатишган.

Путин каби Иванов ҳам собиқ КГБ агенти бўлиб, Совуқ уруш даврида Европада фаолият юритган. Сердюков билан Сидоров ҳам ҳарбий тайёргаликдан ўтган.

Гуруҳда ажралиб турувчи шахс Медведевдир. У ҳуқуқшунос бўлиб, КГБга алоқаси йўқ ва ҳарбий хизматни ўтамаган. Шундай бўлса-да, талабалик йилларида заҳирада турган хизматчилар учун мўлжалланган қисқа муддатли тайёргарликдан ўтган.

Путин Медведевни 2008-12 йилларда президент лавозимида ишлаш учун танлаганидан бери Медведевнинг ҳатти-ҳаракати ва нутқи Путинникига ўхшаб кетади.

Мақола муаллифлари Ғарб матбуоти хабарларига таяниб “Медведевга президентга ўхшаб сўзлашни, кўринишни, ва, муҳими, юришни ўргатишаётганини кўрсатувчи салмоқли далиллар бор”, деб таъкидлашди.

Илмий мақолада Путиннинг қўлини асимметрик қимирлатиши “ҳарбий ёки разведка тайёргарлигининг аҳлоқий адаптацияси” эканлигини хулоса қилиш мумкинлиги таъкидланади.

Блум AFP билан суҳбатда Россия лидери қўлини қанчадир даражада атайин шундай ҳаракатлантириши мумкинлигини айтди.

“Бу “Қаранглар, КГБда машғулотлардан ўтганман, мен ҳақиқий эркакман”, дейишга ўхшайди”, деди профессор Блум.

Блум тадқиқотчилар Путиннинг касаллик варақасини қўлга кирита олмаслигини ёки унинг шифокорлари билан суҳбатлаша олмаслигини тан олди. Аммо у Путиннинг ўзига хос қадам ташлаши тиббиёт мутахассислари орасида тобора кўпроқ муҳокама қилинаётган мавзу эканлигини айтди.

AFPга телефон орқали берган интервьюсида Блум: “Бу ўзгача изланиш, лекин у неврологик кузатишлар учун муҳим аҳамиятга эга”, деди.

Блум Путиннинг анормал юриши олдин ҳам муҳокама қилинганини қўшимча қилди.

“Биз эҳтиёткорлик билан илгари сураётган нарса янги гипотезадир”, деди профессор.

XS
SM
MD
LG