Линклар

logo-print

Ўзбекистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари делегацияларининг 17-18 декабрь кунлари Душанбеда ўтиши керак бўлган сиёсий маслаҳатлашувлари кейинроқ муддатга қолдирилди.

Бу ҳақда чоршанба куни маълумот тарқатган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати муддат кўчирилишининг сабабларига тўхталмаган.

Маслаҳатлашувлар муддати томонларнинг ўзаро келишувига кўра кўчирилгани қайд этилмиш вазирлик хабарномасида бўлажак учрашувнинг аниқ санаси ҳам кўрсатилмаган.

REGNUM ахборот агентлигининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси буни “томонлар айрим баҳсли масалалар бўйича муроса кела олмаган”и билан изоҳлаган.

Бу каби муаммолар орасида “чегараолди масалалари, Тожикистон юкларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилиниши масаласи, гидротехник иншоотларнинг қурилиши ва бошқалар” борлиги айтилмоқда.

Тожикистон расмийлари ҳали бу борада бирор изоҳ бермадилар.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 17-18 декабрь кунлари Душанбеда икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари етакчилигида Ўзбекистон ва Тожикистон ТИВ делегациялари сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтишини эълон қилганди.

Ўзбек дипломатлари хабарида маслаҳатлашувлар чоғида Марказий Осиёнинг умумий муаммолари, Яқин Шарқ ва Афғонистондаги вазият юзасидан ўзаро фикр алмашилиши айтилган. Шунингдек, икки мамлакат дипломатлари учрашувида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт ва коммуникациялар соҳаларида Тошкент ва Душанбе алоқаларини ривожлантириш ҳамда бошқа масалалар кўрилиши кутилаётганди.

Декабрь ойи бошида ўзбек тадбиркорларининг Душанбега ташрифи чоғида савдо алоқаларини кенгайтириш ва Тожикистон пойтахтида Ўзбекистон Савдо уйини очиш ҳақида келишувга эришилганди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айланмасида саккиз йиллик тушишдан сўнг бу йил илк бор икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо алоқаларида ўсиш кузатила бошлаган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида бу кўрсаткич қарийб 67 фоизга (8,7 миллион АҚШ долларидан кўпроқ) ошган.

Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар Ўзбекистон президентининг ўтган йил сентябрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Душанбега қилган сафаридан сўнг бироз тузалган.

Шу йил июнида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянингТошкентда бўлиб ўтган йиғилиши Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар яхшиланишига умид уйғотганди.

Собиқ совет ўлкалари мустақилликка эришган 1991 йилдан бери Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар бир текисда ривожланмаган. Тожикистон Роғун ГЭСини қуриб битказиш ҳақида қарор қабул қилганидан кейин икки мамлакат алоқалари сезиларли даражада совиган. Тошкент ҳалигача Роғун ГЭСи қурилишининг якунланишига қарши чиқиб келади.

XS
SM
MD
LG