Линклар

Саакашвили билан Аваков ўзбекнинг чойхонасида (Блог)

  • Сарвар Усмон

Аваков vsv Саакашвили.

Аваков vsv Саакашвили.

Саакашвилишунос эмасман. Тем более, Аваковшуносмасман. Украинадаги воқеаларни ҳам бир журналист сифатидагина кузатиб келаяпман. Яъни биров “Киевдаги тўполонлар нимадан бошландию ҳозир нималар бўлаяпти?” деб сўраб қолса, бир нималарни айтиб беришим мумкин. Ўшанда ҳам, газета деб охирги марта “Ленин учқуни”ни қўлига олган, ёруғ дунёга “Время”нинг кўзи билан боқиб келаётган бола ўртоғим, чойхона улфатим Қосим қўрсга айтиб беришим мумкин. Каттароқ давра суҳбатига ярашиқли эксперт эмасман Украина бўйича...

***

Олдимда кўк чой дамланган чойнак турганига қарамай, Қосим қўрс ўртамиздаги хонтахтага ўмгалини ташлаб, қўлидаги чойнакни узатди-да пиёламга салкам чефир чойидан қуя бошлади.

Қўрсни биламанку, унинг бу илтифоти - суҳбатга, унинг тили билан айтганда, “палитичиский” суҳбатга чорлов.

Пиёламга чойни қуйиб бўлдию Қўрс бошлади:

- Ўртақ, Гурузияни прзиденти хахолларди министрини устидан бир пақир сув қуйворипти, деб эшиттим, шу тўғрими?

- Нотўғри эшитибсан. Биринчидан, сув бир пақирмас, бир стакан эди. Иккинчидан, Саакашвили сочмади, аксинча унга сочишди. Украина МВДси бошлиғи сочди. Аваков фамилияси. Саакашвили уни ўғри деганди, чидамай чичанглади.

- Во даёт а? Гурузия прзидентини нима иши бор хахоллар билан?

- Ҳозир у Одесса губернатори.

- И ни..уя себе! Путин ўзини душманига Одессани бериб қўйганми? Бағри кенгдааа Путинни...

- Одесса Путинникимас. Украинаники.

Бу гапим Қўрс учун фавқулодда янгилик эди. Бироз бақрайиб турдию олдидаги пиёлада совуб, қорайиб кетган чефирини бир кўтариб ўрадай оғзига қуйворди-да мўғулча кўзларини арабларникидай кериб, “Қачондан бери?” деб хитоб қилди.

Қўрснинг бу хитоб-саволида чексиз бир алам бор эди: Одесса томорқасининг бир чети эдию уни лаънати хохоллар билдирмай илдириб қўйибди.

- Ҳар доим Украинаники бўлган Одесса, дедим. Қанчалик аччиқ бўлмасин, айтишга мажбур эдим ҳақиқатни.

- Ппптвою мать. Тўпланишибдида-а, бандерачи ўғрилар!

- Лекин сен эътибор бер: улар ҳукумат мажлисида бир-бирининг хашагини титаяпти. Яхшику!

- Нимаси яхши? Шарманда бўлишяптику?

- Сенингча ҳаммаси тил бириктириб, бир-бирининг ўғрилигини яшириб, сиз-биз, жиз-биз қилиб ўтиргани яхшимиди? Ўз давлатимизни қўйиб турайлик, майли. Ана Россияни олайлик. Бош прокурорини мухолифатчи Навальний ўғрибоши деди. Лекин Кремль бу гапни ёлғон, деяпти. Бировларнинг фитнаси деяпти. Қай бири тезроқ тозаланади? Украинами, Россиями?

Қўрс учун оғир савол эди саволим. Лекин у гап еб қоладиганлардан эмас.

- Ҳаммаси ўғри ит эмганлар, деди у аччиқ билан.

Шу пайт ош келди дастурхонга. Қўрснинг ўзи бошлаб қўйган “палитический” суҳбатга қизиқиши шамол ўчирган шамдай сўнди.

Лекин бу пайт меники қўзиб қолган эди. Қўрс ошни ғиштдай-ғиштдай қилиб ошаяптию мен унга гап уқтираяпман.

Демократиянинг тоғ дарёси – сойга ўхшаши, у ўз сувини ўзи тозалаши, гулмоҳи балиқ фақат сойнинг тоза сувида униб ўсиши тўғрисида, демократиянинг акси эса кўлмакка ўхшаши, кўлмакда итбалиқдан бошқа жонзот бўлмаслиги ва яна шунга ўхшаш алламбалолар тўғрисида гапиравердим, гапиравердим, гапиравердим.

Қарасам, Қўрс эшитмаяптиям. Қўрс ҳануз ошни ғиштдай-ғиштдай қилиб ошаяпти.

Жим бўлдим.

Ва бирдан болалигимда, кўлмакларни кечиб юрганимда пайдо бўлган, ҳануз жавобини топа олмаганим савол лоп этиб эсимга тушди:

кўлмакда яшайдиган итбалиқ, сув қуриб қолмаса, бақага айланармикан охир-оқибат?

XS
SM
MD
LG