Линклар

Самарқанд вилояти ҳокими шаҳарликларга янги йилни ҳар қаерда "санғимай" оиласи даврасида нишонлаш таклифини берди. Ҳоким қарорига кўра, 31 декабрь куни шаҳардаги ресторан, кафе ва барлар ишламайди. Бошқа кунлари эса байрамни соат 23 гача тугатиш тавсия қилинди.

Самарқанд вилояти ҳокими Зойир Мирзаев янги йилни нишонлаш тадбирларига нисбатан чекловлар жорий қилди.

Вилоят нашрларидан бири - "Самаркандский вестник" газетасининг ёзишича, ҳоким бу ҳақда янги йилни нишонлашга тайёргарликка бағишланган йиғилишда гапирган.

Янги йил оилавий байрам бўлгани учун уни ҳар бир одам ўз оиласи даврасида нишонлаши кераклигини уқтирган ҳоким, умумий овқатланиш шохобчаларининг барчасини 31 декабрь куни ёпишни таъкидлаган.

Бундан ташқари бар, кафе ва ресторанларнинг байрамолди кунлари ҳам соат 23 гача қилиб белгилаб қўйилган. Ташкилотларга кўнгилочар тадбирлар учун 400 дан ортиқ одам таклиф қилмаслиги тавсия қилинган.

Самарқанд шаҳридаги ресторанлардан бирининг мулозими, ҳокимият томонидан шундай буйруқ бўлганини тасдиқлади:

- 31 куни ишламаймиз экан. Ресторан ёпиқ бўлади. Лекин соат 16 гача буюртма асосида олиб кетиш учун турли хил таом ва салатларни тайёрлаб беришимиз мумкин, деди ресторан мулозими.

Исми сир қолишини сўраган Самарқанддаги бошқа бир ресторан директори ҳокимнинг бу буйруғини бизнесга ҳокимиятнинг бевосита дахл қилиши сифатида баҳолашини айтади:

“Ўтган йилнинг 31 декабрь куни жуда яхши ишлагандик. Ресторанимизга жуда кўп мижоз келган эди. Кимдир янги йилни уйида кутиб олгиси келади, кимдир ресторанда. Одамларни бундай имкониятдан маҳрум қилиш яхши эмас”, деди ресторан директори.

Вилоят ҳокими янги йил байрамларида одам кўп тўпланадиган жойларда ички ишлар ходимлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат навбатчи гуруҳлар тузишни буюрган.

Самарқанд вилояти ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказишни чеклаш анъанаси бир неча йиллардан буён давом этиб келади.

Жумладан, Ўзбекистон мактабларида ҳам битирув кечаларини ресторан ва кафеларда ўтқазиш тақиқланган.

Жорий йилда мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида ҳам ресторан ва кафеларда ифторлик ўтказиш тақиқланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG