Линклар

Жиззах тумани, “Зиёкор” қишлоқ фуқаролар йиғини (ҚФЙ) ҳудудида яшовчи аҳолининг электр қуввати учун қарзи жорий йилнинг 1 ноябригача 2 млрд. 123 млн. сўмга етгани Озодликка Жиззах вилоят прокуратураси хатидан маълум бўлди.

Прокуратура хати исми сир қолишини сўраган зиёкорликнинг туман электр тармоқлари устидан шикоятига жавобан ёзилган.

2015 йил, 25 ноябрь куни ёзилган ва вилоят прокурори ўринбосари Ш. И. Ачилов имзолаган хат мазмунидан шикоятчи арзи қондрилмаслиги у яшайдиган қишлоқ аҳлининг қарзи катта эканлиги ва шунинг учун туман Электр тармоқлари кўраётган чоралар тўғри эканлиги билан тушунтирилган. Хат мазмуни билан қуйидаги илова орқали танишишингиз мумкин:

Жиззах Вилоят прокуратураси телефонини кўтарган ходим Ш. И. Ачилов деган прокурор ўринбосари борлигини тасдиқлади.

Жаноб Ачилов нима учун шикоятчининг аризаси бўйича текширув ўтказмади, нима учун электр қуввати учун қарзи йўқ фуқаро қарзини тўламаётган қишлоқдошлари учун жавоб бериши керак?

Бу саволларимизни бериш учун прокурор ўринбосари билан боғлана олмадик.

Бизни битта қишлоқнинг қарзи 2 миллиард 123 миллион сўмга етиб кетгани қизиқтирди.

Битта хонадон бир йилда неча пуллик электр ишлатади?

Исми айтилмаслигини сўраган зиёкорликнинг айтишича, у жорий йилнинг 1 январидан буён 250 минг сўмлик электр қуввати ишлатган. Лекин шу давр ичида электр тармоқларига 450 минг сўм тўлаган. Бу қадар аниқ рақамлар айтаётгани сабабини сўраганмизда у куни кеча электр тармоқларига бориб, ҳисоб-китоб қилиб келгани ва корхона талаби билан яна 100 минг тўлаб келганини айтиб берди. Шу пулни қўшганда 450 минг сўм бўлган.

2 123 000 000 сўмни неча киши тўлаши керак?

Зиёкорлик ўзи яшайдиган қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида қанча аҳоли борлигини айтолмади.

Бу саволга Жиззах туман ҳокимлиги телефонини кўтарган ходим ҳам жавоб беролмади.

Бироқ очиқ маълумотларга кўра, мазкур туманда 180 минг 700 киши яшайди. Шу тумандаги бошқа бир қишлоқ фуқаролар йиғинида 22 минг киши яшашини ўша ерлик Алижон Камоловдан сўраб билган эдик.

Шунинг учун Зиёкорда 20 минг киши яшайди, деб оламиз ва 2 миллиард 123 миллион сўмлик қарзни 20 мингга бўламиз. Натижа 106 минг 150 сўм.

Демак, ҳар бир зиёкорлик зиммасида тахминан 106 минг 150 сўм қарз мавжуд.

Агар ҳар бир оилада 5 киши яшайди, десак, битта хонадоннинг ўртача қарзи 530 минг сўмнинг устида бўлиб чиқади!

Шундай бўлиши мумкинми?

Бу саволни “Ўздавэнергоназорат” инспекциясининг Жиззах вилоятидаги инспекторларидан биридан илтимос қилдик.

Ўзидан ўзи кўпаяверадиган қарз

Инспектор исми айтилмаслиги шарти билан саволларимизга жавоб бераркан, бундай деди:

- 500 минг, 1,5 млн. сўм қарзи бор хонадонлар бор. Қарзи йўқ хонадонлар ҳам бор. Қарзи 7,5 миллионга чиқиб кетганлар ҳам бор. Бундайлар йиллар давомида тўламай келган ва уларнинг қарзи устига пеня минган. Қонунда электр энергияси учун тўловлар вақтида амалга оширилмагани учун 245-қарорга асосан ўз вақтида тўланмаган маблағга 10% пеня юкланади. Пеня ҳар ойда қўшилади. Дебитор қарзлар ичида ўша пеня ҳам бор. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 ноябрдаги 511 сонли қарорига биноан истеъмолчилар электр ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши керак. Лимитнинг 50%ини. Бу ҳам дебитор қарз бўлиб туради. Мисол учун, истеъмолчининг қарзи 100 сўм бўлиши мумкин. Лекин у имзолаган шартномада электр энергияси лимити 100 сўмлик. Демак, бу сумманинг 50 сўмини олдиндан тўлаши керак. Лекин шу пулни олдиндан тўламаса, у ҳам қарз бўлиб ёзилади. Шундай қилиб, истеъмолчининг қарзи 150 сўмга айланиб қолади. Бундан ташқари, электр энергияси тарифи ўзгарса, тўланмай келаётган қарз янги тариф билан ҳисоб-китоб қилинади ва натижада қарз яна ортиб кетади. Хуллас, жудаям мураккаб, деди “Ўздавэнергоназорат” инспекциясининг Жиззах вилоятидаги инспекторларидан бири.

Килоси неча пул?

Жорий йил1 октябридан буён аҳолига сотиладиган электр энергияси нархи жорий (1киловатти) 167 сўм 40 тийин.

Электр плиталари ўрнатилган кўп қаватли уйларда яшайдиганлар эса, 1 кВт энергия учун 83 сўм 40 тийин тўлайди.

Жорий йилда электр энергияси тарифи икки марта оширилди.​

Ҳа¸ айтганча

Жиззах вилояти прокурори ўринбосарининг жавоб хати нусхасини жўнатган зиëкорликнинг Озодликка ëзишича, у прокуратурага Зиëкор қишлоғига электр қуввати суткасига 12 соатдангина берилаëтганидан шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG