Линклар

logo-print

17 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин 11-марта Москвада уюштирилган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди. Кутилганидек, йиғилганларни асосан Сурия, Туркия, Украина ва Россиядаги иқтисодий инқироз ва коррупция масалалари қизиқтирди. Кузатувчилар Путин юқори лавозимдагиларнинг коррупцияси масаласида берилган бирорта саволга жўяли жавоб бермаганини таъкидламоқда.

Навбатдаги матбуот анжуманига россиялик ва хориж мухбирларининг аккредитацияси бўйича рекорд ўрнатилди – 1390 киши. Кутилганидек, Россия журналистлари асосан ижтимоий ва иқтисодий масалаларга, нефть нархининг тушиши ва рублнинг қадрсизланиши масалаларига оид саволлар билан мурожаат қилди.

Хорижлик журналистларни Россия ҳукуматининг Сурия, Украина ва Туркия билан бўган муносабатлари, АҚШ ва Ғарб давлатлари билан бу хусусда бўлаётган музокаралар натижалари қизиқтирди.

11-маротаба ўтказилган Россия президенти Владимир Путиннинг савол-жавобини кўпчилик аллақачон “мазмунсиз ва сайёз” деб аташга улгурган бўлса-да, матбуот анжуманида айрим қизиқарли саволлар ҳам янгради.

Инқироз масаласида

Бу сафар Владимир Путин саволларга 3 соат давомида жавоб берди

Бу сафар Владимир Путин саволларга 3 соат давомида жавоб берди

Сиз ҳақиқатан 2017 йил бошларида Россияни иқтисодий инқироздан чиқаришни режалаштираяпсизми?” дея Путинга берилган биринчи саволга у Россия ҳукумати нефтнинг 100 доллар нархига ишониб режа тузгани, шунга қарамасдан инқироз ортда қолгани ва саноат ишлаб чиқаришининг 0,3-0,1 % ўсгани тўғрисида гапирди.

Владимир Путин Ғарб санкциялари “ижобий таъсир” бераётганига тўхталиб, “Россияда товар айирбошлаш ошиб бораётгани”, “ишсизлик атиги 5,6 фоизни” ташкил этаётгани, давлат олтин заҳиралари “бироз камайиб қолган бўлса-да”, 364,4 млрд. долларни ташкил этаётгани ва, умуман олганда, раҳбарият инқирозга қарши самарали режа асосида иш олиб бораётганини билдирди.

Путин давлат раҳбарияти нефт нархининг кескин тушиб бориши ортидан давлат бюджетига ўзгартиш киритишга шошилмаслигини ҳам айтиб кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Зота куни-кеча Федерация Кенгашида “нефтга бўлган бозор нархи ўзгариши” ва “геосиёсий вазият” ҳукуматни бюджетни қайта кўриб чиқишга ундаётганини гапирилган эди.

Инкор этиб бўлмаётган иқтисодий бўҳрон шароитида Владимир Путин ҳукумат “ўз шахсий қаршилигига қарамасдан” россияликлар пенсия ёшини ошириши мумкинлигини очиқлади.

Туркия ва Сурия

49 сонли Меҳнат колонияси маҳбуслари В.Путин нутқини тингламоқда

49 сонли Меҳнат колонияси маҳбуслари В.Путин нутқини тингламоқда

- Россиянинг Хмеймим авиабазасига ўрнатилган С-400 ҳаво мудофаа тизими Сурия осмонини “турк провокацияларидан” ҳимоя қилади, чунки Туркия ҳукумати билан келишишнинг мутлақ иложи йўқ. Улар нима – биз у ердан қочиб кетамиз, деб ўйлаяптими? Россия унақа мамлакат эмас... Агарда Туркия у ерда олдиндан доимо учиб юрган бўлса, ана энди учиб кўрсин, дея қўрқитди Россия президенти Анқарани.

Путин бу пўписасига Россия Сурияда ўз қуролли кучлари сонини кескин оширганини ҳам қўшимча қилди.

Анқара томонидан уриб туширилган учоқ масаласига тўхталган Владимир Путин “Туркия раҳбарияти америкаликларнинг бир жойини ўпиб қўйишга қарор қилди”, деган қўполликкача бориб етди. Шунингдек, Путин Туркиянинг “исломлашиб бораётгани Шимолий Кавказ орқали Россия хавфсизлигига таъсир қилаётгани”ни маълум қилди.

Россия раҳбари Башар Асаднинг босим остида кетишига йўл қўйилмаслигини ҳам айтди ва Суриядаги уруш Россия бюджетига мутлақо оғирлик қилмаётганига ишонтиришга уринди.

Россия Украинага қарши санкциялар жорий қилмайди

Владимир Путин Украина масаласига тўхталар экан, уруш ҳолатида қолаётган бу мамлакатга қарши яқин келажакда санкциялар жорий қилиш ниятида эмаслигини айтди:

- Биз, шунчаки, савдода янги қулайлик режимига кўчаяпмиз. Украина бизнинг бошқа ҳамкорларимиздан фарқли равишда ёмонроқ вазиятга туширилиши мумкин эмас, аммо 2016 йилнинг 1 январидан бу мамлакат Россия билан савдо соҳасида муайян енгилликлардан маҳрум этилади, деди у.

Путин асирга тушган ҳарбийлар масаласида ҳам фикр билдириб, алмашинув тенгга-тенг бўлишини айтди:

- Биз ҳеч қачон Украинада Россиядан борган одамлар йўқ деб айтмаганмиз. Жумладан, у ерда муайян масалаларни ҳал этувчи ҳарбийлар мавжуд. Аммо, мунтазам қўшин йўқ! Биз иккала тарафда сақланаётган одамлар озод этилиши керак деб ўйлаймиз¸ деди Путин.

Бу каби анжуманларда ўзининг ҳақоратомуз чиқишлари билан танилган Путин собиқ Грузия президенти Михеил Саакашвилининг Одесса губернатори этиб тайинланишини “украин халқи юзига тупуруш”, дея баҳолади. Владимир Путин Грузия давлатининг парчаланишига “Россия агрессияси эмас, балки Тбилиси раҳбарларининг авантюристик ҳаракатлари” сабаб бўлганини айтиб, барча айбни Саакашвили ҳукуматига ағдарди.

Коррупция ва “Платон” тўғрисида

Матбуот йиғилишида Владимир Путин жамоатчилик намояндалари ва мухолифатчиларни қизиқтирган саволларнинг бирортасига конкрет жавоб бермади.

Матбуот анжуманида иштирок этган ФБК фаоли Жора Албуровга сўз берилмади

Матбуот анжуманида иштирок этган ФБК фаоли Жора Албуровга сўз берилмади

Знак.com мухбири Екатерина Винокурованинг Ротенберглар, Турчаклар ва Россия Бош прокурори Юрий Чайка масаласида берган саволларига жавоб берар экан, Россия лидери унинг 15 йиллик бошқаруви нафақат бу каби “иккинчи даражали” ҳодисалар, балки “аҳоли даромадининг кескин ўсиши, ЯИМнинг ошиши, мамлакат мудофаа тизимининг мустаҳкамланиши”да кўриниш берганини эслатди.

- Бу каби сиз гапирган иккинчи даражали ҳодисалар ҳамма жойда бўлиб туради, деган Путин бу саволдан латифабозлик билан чиқиб кетди.

Бир ойдан буён Россия автотрассаларида давом этаëтган “Платон” солиқ тизимига катта юк машиналари ҳайдовчилари қарши чиқишини эса Путин ўз дўстлари билан боғламасликни сўраб:

- Масалани у ёки бу вазиятда ишлатмасдан¸ унинг мағзини чақиш зарур! “Платон” тизимидан тушаётган солиқлар тўлиқ, 100 фоиз, бировнинг чўнтагига эмас, Россия Йўл жамғармасига жўнатилади, деди ва “Платон” бекор қилинмаслигига яққол ишора қилди.

“Платон” тизимининг 50 фоизи Путиннинг энг яқин дўсти Аркадий Ротенбергнинг ўғли Игорга тегишлидир. Россия президенти Ротенберглар эркин тадбиркор экани, “улар давлат идораси ходимлари эмаслиги”ни таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, у Псков вилояти губернатори Андрей Турчакнинг журналист Кашинга қилган ҳужуми “дастлаб яхши ўрганилиши кераклиги”, журналистларни калтаклаш ёмон одат экани уқтирди ва .. яна битта латифа айтиб берди.

- Журналистлардан бири президентга Кремль олдида отиб кетилган мухолифат етакчиси Борис Немцов ҳақида савол берди. “Сиёсатчи Борис Немцов қотиллигида айбдорлар¸ албатта ¸жавобгарликка тортилиши лозим. Тўғриси, мен у билан ҳеч қачон ёмон муносабатда бўлмаганман. У ўзи танқидий йўлни танлади, ундайлар кўп. Лекин бу одамни ўлдириш керак дегани эмаску! Мен буни қабул қила олмайман, деди кимга бу мурожаати қаратилганини аниқлаштирмаган Владимир Путин.

Мухолифатчилар томонидан Бош прокурор Чайка тўғрисида келтирган маълумотлар борасида эса Владимир Путин умуман ҳеч нарса гапирмади.

Мисрга қачон бориш мумкин бўлади?

- Мисрга сафарларнинг чекланиши бу давлат раҳбариятига бўлган ишонсизлик ишорамиз эмасдир. Бу фуқароларимизнинг хавфсизлигига боғлиқ масала. Бу муаммони бартараф этишга бироз вақт керак бўлади.

Путин ва унинг қизлари

Путин Интернетда “аллақандай Екатерина Тихонова ва бошқа қизлари ва қариндошлари” ҳақида ўқиганини эслади.

- Менинг қизларим Россияда яшашмоқда ва бошқа мамлакатларга чиқиб кетиш нияти йўқ. Улар фақат рус олий ўқув юртларини битирган. Лекин мен қизларимнинг қаерда ишлаётгани ва нима иш қилаётгани ҳақида гапирмайман, хулоса қилди Владимир Путин.

АҚШ билан муносабатлар ҳақида

АҚШда сайланажак янги президент билан муносабатлар тўғрисида берилган саволга у Америка халқи сайлаган ҳар қайси ҳукумат раҳбари билан ишлашга тайёрлигини билдирди:

- У ким бўлишидан қатъий назар – биз АҚШ билан муносабатларни ривожлантиришга тайёрмиз. Қўшма Штатлар Давлат котибининг куни кеча қилган Москвага сафари америкаликлар ҳам бунга тайёрлигини намойиш қилди. Улар бизга кимни сайлашни доимо таклиф қилиб туришади, биз эса у ерга аралашмаймиз, деди Путин.

“Дима Яковлев қонуни” бекор қилинмайди

Ногирон россиялик болаларнинг хорижликлар томонидан асраб олиниши масаласидаги “Дима Яковлев қонуни” борасида берилган саволга Владимир Путин бундай ўзгартишлардан наф кўрмаётганини маълум қилди.

- Статистика бирорта хорижлик касал болаларни асраб олишга шошилмаётганини кўрсатмоқда. Биз бу масалада ўз қароримизни ўзгартириш ниятида эмасмиз, дея нуқта қўйди у.

Россиялик болаларнинг хорижликлар томонидан асраб олинишига қарши Дума томонидан 2012 йилда қабул қилинган бу қонун аслида “Магнитский акти”га жавобан жорий этилганини эслатиш жойиз.

....................

3 соат 8 дақиқа давом этган бу сафарги анжуманда Владимир Путин журналистлар томонидан берилган 44 саволга жавоб берди.

Россия президенти матбуот хизматига кўра, анжуманни ташкиллаштиришга давлат бюджетидан 16 миллион рубль (тақрибан 230 минг АҚШ долл.-таҳр.) сарфланди.

Бу каби катта матбуот анжуманлари Россия президенти Владимир Путин томонидан 2001 йилдан буён ўтказиб келинади. 2008-2011 йилларда у Бош вазир лавозимини эгаллаган пайтдагина журналистлар билан савол-жавоб ўтказмаган. Энг узоқ вақт давом этган матбуот анжумани 2008 йилда бўлиб ўтган ва 4 соат 40 дақиқа давом этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG