Линклар

OzodlikOnline: Маҳалла ва мактабларни камералаштириш хавфсизлигингизни кучайтирадими?


Тошкент шаҳар ҳокимлиги келаси йил ичида пойтахтнинг барча турар-жой мавзелари ва маҳаллаларида видеокузатув камераларини ўрнатишни режаламоқда. Ҳокимлик расмийларига кўра¸ жамоат жойларини камералаштириш “аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва турли жиноий унсурлар ҳаракатига чек қўйиш” мақсадида амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал-эксплуатацион бирлашмасининг Озодлик боғланган расмийларидан бири айни кунларда пойтахтда кузатув камералари ўрнатиладиган нуқталар белгилаб чиқилаётганини тасдиқлади:

- Асосан кўпқаватли турар-жой биноларининг кириш-чиқиш ҳудудлари, маҳалла ва мавзеларнинг йўл ва йўлакларида камералар ўрнатилади. Шу видео-кузатув мосламалари участка нозирлари хизмат хоналаридаги мониторга уланган бўлади. Камера қайд этган ҳар бир жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолати, шубҳали ҳолатларни тегишли органларига тақдим этиш шу участка нозирлари зиммасида бўлади, - деди Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал-эксплуатацион бирлашмаси расмийси.

Тошкент шаҳар ҳокимияти мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда кузатув камераларини ўрнатиш учун зарур жиҳозлар сотиб олиш ва уларни ўрнатиш бўйича барча ишлар бюджет ҳисобидан амалга оширилиши, кейин эса сарфланган пул аҳолидан йиғиб олиниши айтди.

Тошкентда кузатув камералари шаҳарнинг кўпгина шоҳ кўчалари, маъмурий бинолар ва айрим автобус бекатларида мавжуд.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, ўтган бир йил ичида очилган жиноятларнинг 22 фоизга яқини кузатув камералари тасвирларини ўрганиш орқали фош этилган.

Айни пайтда¸ Озодликка мамлакат бўйлаб мактабларда ҳам ўқитувчи ва ўқувчилардан йиғилаëтган маблағ ҳисобига кузатув камералари ўрнатилаëтгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Бу жараëн¸ жорий йил баҳорида Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги мактаб ва коллежларда ИШИДга оид экани айтилган варақалар топилиб¸ Янгийўл ва Бухоро мактабларидан ИШИДникига уйқаш қора байроқ топилганидан кейин бошланган эди.

Сизнингча¸ жамоат жойлари¸ хусусан¸ мактаб ва боғчаларга кузатув камералари ўрнатилиши умумиятла хавфсизликни кучайтиришга хизмат қиладими?

Хусусан¸ фуқаролар ҳаракати турли усуллар билан қаттиқ назорат қилинаëтган Ўзбекистонда бундай камералар кўпайиши кўпроқ кимга хизмат қилади – оддий аҳолигами¸ ëки асосан улар ҳақларини топташга ўрганган ҳуқуқ тизимларигами?

Ўз уйингиз¸ болаларингиз борадиган мактаб ва ишхонангизнинг кириш-чиқишида камера ўрнатилишини қўллайсизми?

Бундай “қўшимча хавфсизлик учун” пул тўлаш талабиничи?

Бу каби саволлар атрофидаги мулоҳазаларингиз билан 21 декабрь¸ душанба куни Озодликнинг жонли мулоқотида қатнашинг.

Суҳбатга қўшилиш учун Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 гача Skype манзилларимизга қўнғироқ қилинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG