Линклар

Ўзбекистон фуқаролик паспортини биометрик паспортга алмаштириш муддати 2,5 йилга узайтирилди. Ички ишлар вазирлиги вакилининг Озодликка айтишича, паспортларни алмаштириш жараёни 2018 йилнинг 1 июлига қадар давом этади.

Ўзбекистон фуқаролик паспортини биометрик паспортга алмаштириш жараёни икки ярим йилга узайтирилганини Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодликка тасдиқлади:

"Тўғри, Ўзбекистон паспортларини биометрик паспортларга алмаштириш муддати 2018 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилди. Бошқарманинг биометрик паспорт бериш муддатини узайтириш ҳақидаги таклифи юқорида тасдиқланди. Айни пайтда расмий нашрлар учун бу ҳақда ахборот тайёрланмоқда. Ҳозирча шу, қўшимча тафсилотлар расмий хабарда айтилади", деди мулозим.

ИИВ вакилининг айтишича, паспортини алмаштирмаган фуқаролар келгуси икки ярим йил ичида жаримага тортилмайди.

Ўтган ой бошида Озодлик манбалари биометрик паспорт олиш муддати камида бир йилга узайтирилиши масаласи кўриб чиқилаётганини билдирган эди. Лекин кейинчалик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси расмийлари бу ҳақда президент Ислом Каримовга киритилган таклиф бўйича қарор қабул қилинмаганини билдиришган эди.

18 декабрь куни Озодлик билан гаплашган бошқарма вакили нобиометрик паспортлар жорий йил охирида яроқсиз бўлиб қолишини таъкидлаган эди.

Ислом Каримов 2009 йил 23 июнда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда "биометрик маълумотларга эга паспортлар халқаро фуқаро аэронавигацияси хавфсизлигини таъминлаш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига қарши ҳимоя даражасини ошириш, Давлат чегарасидан ўтишда шахсни тезкор ва аниқ идентификациялаш механизмларини такомиллаштириш, халқаро авиаташишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилиши" таъкидланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG