Линклар

Сирдарё вилоятида юз берган автоҳалокатда 7 киши нобуд бўлди


Самарқандда ишлаб чиқарилган Isuzu миниавтобуси

Самарқандда ишлаб чиқарилган Isuzu миниавтобуси

Шу йилнинг 17 декабрь куни Сирдарё вилояти Боёвут туманида юз берган автоҳалокатда 7 одам ҳалок бўлди ва яна 11 киши оғир жароҳат олди.

Ҳодисани Сирдарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг навбатчиси тасдиқлади.

17 декабрь куни соат 19:30 ларда содир бўлган мазкур ҳодисадан сўнг корхонанинг 15 нафарга яқин ишчиси Республика тез тиббий ёрдам марказининг Гулистон шаҳар филиалига ётқизилган.

Бошқарма навбдатчисининг Озодликка маълум қилишича, Гулистон шаҳридаги “Лола” тикув фабрикасига қарашли Isuzu автобуси ҳайдовчининг "тажрибасизлиги" туфайли ағдарилган.

"Автобус ҳайдовчининг тажрибасизлиги туфайли ағдарилиб кетган ва хўжалик ҳудудида оқиб ўтувчи зовурга қулаган. Икки аёлнинг жасади воқеа жойидан анча пастдан топилган. Сувда оқиб кетган экан. Ҳозир ишни прокуратура олган, ГАИ ҳалокат чизмалари ва экспертиза далолатномаларини тақдим қилди," дейди Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси навбатчиси.

Гулистондаги “Лола” фабрикаси ишчиларига кўра, ҳайдовчи йигит жамоат транспорти бошқарувида тажрибасиз бўлган.

"Ҳозир ГУВД корхонамизни ҳам текшир-текшир қиляпти. Аммо автоҳалокатнинг корхонага алоқаси йўқ. Аксинча, йўллар талабга жавоб бермайди. Шу боисдан ҳам кейинги ойларда ўша йилларда бир неча авариялар содир бўлди. Бизни текширгунча йўлсозлар фаолиятини тафтиш қилишса бўлармиди," дейди "Лола" фабрикаси ишчиларидан бири.

Мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши терговини олиб бораётган Боёвут тумани прокуратураси “Озодлик”нинг воқеа борасидаги сўровларини жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари туфайли етказилган зарар миқдори, расмий рақамларга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 2,8 фоизини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG