Линклар

АҚШда фоизларнинг оширилиши бошқа мамлакатларга қандай таъсир кўрсатади?


АҚШ Федерал резерв тизими охирги етти йилда илк маротаба ўз фоиз ставкасини оширди.

Натижада АҚШ доллари мустаҳкамланмоқда. Бу эса бошқа мамлакатлар иқтисодига турличатаъсир кўрсатяпти.

Марказий банк 16 декабрдаги ўзгаришдан аввал узоқ пайт ўз фоиз ставкасини 0-0,25 фоиздан оширмаган эди.

Бундан мақсад америкалик ширкат ва истеъмолчиларга қарз олишни осонлаштириш ваиқтисодий ўсишни рағбатлантириш орқали иқтисодий таназзул олдини олиш эди.

Эндиликда Федерал резерв тизими ўз ставкасини 0,25 фоиздан 0,5 фоизгача кўтарди.

Бу Марказий Банкка АҚШ иқтисодини эндиликда соғлом, деб баҳолашига асос бўла олади.

Қарз олиш нархини оширувчи ушбу қаттиқ пул-кредит сиёсати истеъмолчиларнинг қарз олиши кўламини инфляцияни авж олдириши мумкин бўлган даражалардан пастроқ ушлаб туришга қаратилган.

Қуйида АҚШ марказий банкининг бу қадами дунёнинг бошқа бурчакларидаги одамларга тўғридан-тўғри кўрсатиши мумкин бўлган таъсирлар ҳақида маълумот берилган.

1. Кучлироқ АҚШ доллари

Фоиз ставкасининг ошгани банклар қарзлар учун кўпроқ фоиз талаб қилади холос, дегани эмас. Бу яна АҚШ банклари уларга қарз берувчиларга, масалан, инвесторларга ҳам кўпроқ фоиз тўлайди, дегани. Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати облигацияларини сотиб олганлар ҳам кўпроқ фоиз оладилар.

Кўпроқ фоиз олиш имконияти хорижий инвесторларни АҚШ молиявий бозорларига чорлашини кутиш мумкин. Инвесторлар иштирок этиш учун лозим долларларни қўлга киритиш учун курашар экан, валютининг қадри ошади.

Федерал резерв тизими фоиз ставкаси ўзгаришини эълон қилганидан кейин доллар евро ва иенага нисбатан озгина қимматлашди холос, чунки банкнинг бу қадамини кўпчилик кутаётган эди. Аммо келажакда фоиз ставкаси яна кўтарилиши кутилмоқда. Бу эса долларнинг мустаҳкамланишда давом этишига олиб келади.

Долларнинг мустаҳкамланиши АҚШ валютасида белгиланган катта миқдордаги қарзга эга мамлакатлар учун салбий таъсир кўрсатади. Улар қарзларини тўлашлари учун керак долларларни қўлга киритиш учун ўз валюталарини кўпроқ сарфлашга мажбур бўладилар. Бу эса уларнинг хазиналарини емиради. Қолаверса, кучли доллар янги лойиҳаларни молиялаштириш учун долларда кредит олишни истовчи мамлакатлар учун қарз олиш нархини оширади.

Федерал резерв тизими фоиз ставкасини қандай тезлик билан яна ошириши номаълум бўлиб қолмоқда. Шундай бўлса-да, аксар мутахассислар 16 декабрь куни фоиз ставкасининг озгина оширилгани келажакда марказий банк ставкани секин ошириб боришини англатади, дейишмоқда.

Лондондаги “Капитал иқтисодиёти” изланиш марказининг ривожланаётган бозорлар бўйича мутахассиси Уильям Жексон: “Ставкадаги ўзгаришнинг кўлами нисбатан кичик бўлди. Бундан ташқари, Федерал резерв тизими келгуси йилларда ставка қадам-бақадам оширилишига урғу беришга уринди. Бундан агрессив қисқаришларни ва қарз олиш нархининг кескин ошиб кетишини кутмасак бўлади, деган хулоса келиб чиқади”, деди.

Шундай бўлса-да, долларнинг ҳар қандай даражада мустаҳкамланиши хомашё экспорт қилувчи мамлакатлар учун жиддий муаммо туғдиради. Бундай мамлакатлар шусиз ҳам нефть, металлар, озиқ-овқат каби товарлар дунё бозорларидаги ошиқча таклиф сабаб глобал миқёсда арзонлаб кетгани туфайли иқтисодий муаммоларга дуч келмоқда. Эндиликда улар экспортлари олиб келаётган тушум озайиб бораётган бир пайтда доллар олиш учун кўпроқ тўлашга мажбур бўладилар.

2. Камроқ хорижий капитал?

Ривожланаётган иқтисодлар ўсиши учун хорижий капитал лозим. Аммо энди фоиз ставкасининг оширилгани инвесторларни АҚШга чорлар экан, бунинг оқибатида бошқа молиявий бозорларга, жумладан, ривожланаётган мамлакатлардаги молиявий бозорларга камроқ инвестиция бориши мумкин.

Бу ҳол сиёсий ёки иқтисодий сабабларга кўра инвестиция қилиш хатарли ҳисобланган ривожланаётган мамлакатларда айниқса кўпроқ кузатилади. Хомашё ишлаб чиқарувчи мамлакатлар кўпроқ зарар кўради, чунки хомашёларнинг глобал нархлари ҳозир тез-тез ўзгариб турибди. Нархлардаги ноаниқликка бундай товарлар бозоридаги таклифнинг кўплиги ҳамда уларга бўлган талаб қачон ошишининг номаълум бўлиб қолаётгани сабаб бўлмоқда.

3. Юқори импорт нархлари

Доллар мустаҳкамланар экан, истеъмолчилар импорт қилинган маҳсулотларни ва импорт қилинган материаллар билан ўз мамлакатларида ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олиш учун ўз валюталарини кўпроқ сарфлашлари керак бўлади.

Бу ерда ҳам асосан хомашё экспорт қилувчи мамлакатлар кўпроқ зиён кўришини кутиш мумкин. Хомашё экспорт қилувчи айрим мамлакатлар бундай товарлар секторини ривожлантиришга бутун эътиборини қаратиб, ишлаб чиқариш каби бошқа соҳаларни ривонлантирмаган. Уларнинг бундай йўл тутишига аввалги ўн йилликларда нефть ва металларга бўлган юқори глобал талаб келтириб чиқарган баланд нархлар туртки бўлган.

4. Озгина яхши янгилик

Фоиз ставкасининг оширилиши билан мустаҳкамланган доллар бошқа иқтисодлар учун қийинчиликлар яратса-да, айрим имкониятларни ҳам туғдиради.

Бунга сабаб АҚШ экспортлари валютаси сустроқ мамлакатларнинг шунга ўхшаш экспортларига нисбатан қимматлашишидир. Европа ва Осиёдаги завод-фабрикалар бундан албатта фойда кўради. Қолаверса, дунёнинг турли бурчагида жойлашган, АҚШ ширкатларига нисбатан ўз бозор улушини оширишга ҳаракат қилаётган завод-фабрикалар ҳам кучли доллар сабаб фойда кўриши мумкин.

Бундан ташқари, АҚШ иқтисодининг қайта тикланаётгани бу мамлакатга экспорт қилувчи ҳар қандай ширкат учун яхши янгиликдир. Аввалги йилларда АҚШдаги иқтисодий таназзул сабаб кўплаб ширкатнинг бу мамлакатга эскпорти озайган эди.

“Агар Федерал резерв тизими фоиз ставкасини оширишда давом этса, бу АҚШ иқтисодининг ҳозирги аҳволи қаттиқ пул-кредит сиёсатини олиб боришга имкон яратмоқда, дегани. Шунинг ўзи ҳам дунё учун ижобий нарсадир”, дейди Жексон. “Бу АҚШ талаби ошаётганини англатади. Шундай экан, ривожланаётган бозорларда [уларнинг экспортлари учун бўлган] ташқи талабнинг ошишини кузатишимиз мумкин”.

Чарльз Рекнагель мақоласи ўзбек тилига Озодлик жамоаси томонидан ўгирилди.

XS
SM
MD
LG