Линклар

Фарғонада милициячиларга тўппонча ўқталган фуқаро ушланди


Озодлик манбасига кўра, "яшил кийимдаги" милиция ходимлари уларни қўрқитган шахсга қаршилик кўрстмаган

Озодлик манбасига кўра, "яшил кийимдаги" милиция ходимлари уларни қўрқитган шахсга қаршилик кўрстмаган

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбаларининг маълум қилишича, 18 декабрь куни Фарғона шаҳрида милиция ходимларига тўппонча ўқталган шахс ҳибсга олинган. Исми ошкор этилмаётган мазкур шахсга “ўқотар қурол олиб юриш, сақлаш” айблови қўйилиши мумкин.

Озодлик манбаларига кўра, ҳодиса 18 декабрь куни Фарғона вилоят телевидениеси қаршисида кечки соат беш-олтилар атрофида рўй берган.

Суриштирувда ушланган шахс Нива автомашинасидан тушиб келиб, Фарғона вилояти телевидениеси олдига борган, у ерда хизмат олиб борувчи яшил хизмат кийимидаги милиционерларни ҳақорат қилиб, сўка бошлаган, - дея ҳикоя қилди Озодлик манбаси. – У милиционерларга қарата ёнида бўлган ўқ отар пистолетини кўрсатиб, “сенларни ҳаммангни отиш керак,” дея ҳақоратомуз сўзларни айтиб, ўзи бошқариб келган автомашинасига ўтириб, қочиб кетган.

Озодлик манбасининг илова қилишича, Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ходимлари уларга тўппонча билан таҳдид қилган шахсга қаршилик кўрсатишмаган.

Ушлаш чораларини кўришмаган ақлсиз милиция ходимлари жимгина қараб тураверишган, хизмат вазифаларини билишмаган”, дейди Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбаси.

Унинг сўзларига кўра, милиция ходимлари қуролли шахснинг автомашинаси рангини эслаб қолганлар ва “жиноятчини йўл патрул хизмати ходимлари ушлашган”.

Озодликнинг Ички ишлар бошқармасидаги яна бир манбаси қўлга олинган шахс “маст ҳолатида” бўлганини айтди.

Ўша куннинг ўзидаёқ ушлашди. Йигит маст ҳолатида экан. Ушлаш чоғида ёнидан пистолет топилмади”, дейди милиция зобити.

У ҳозирда тергов ишлари бошланганини маълум қилди.

Озодлик манбасининг маълум қилишича, ёши “35-40ларда бўлган бу шахс тожик миллатига мансуб” Ўзбекистон фуқаросидир.

Ички ишлар ходимларига кўра, исми ошкор этилмаётган мазкур шахсга “ўқотар қурол олиб юриш, сақлаш” айблови қўйилиши мумкин.

Озодлик манбаларидан бири милиция ходимларига тўппонча ўқталган шахсни “жиноятга ундаган мотивлар номаълум” эканини билдирди.

Фарғона вилоят телевидениесининг Озодлик боғланган ходимлари ўтган жума оқшомида юз берган ҳодисадан бехабар эканликларини айтишди.

XS
SM
MD
LG