Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:06

Москва вилоятида ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев ҳибс этилди


“Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раиси, “Мемориал” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев Москва вилоятининг Сергиев Посад шаҳри ёнидан ўтувчи трассада ушланиб, полиция бўлимига олиб кетилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Киров шаҳрига марказий-осиёлик сиёсий маҳбуслар ҳимояси билан боғлиқ анжуманга кетаётганида автомобил назорати ходимлари томонидан тўхтатилди. Машинаси мусодара қилингани ва ўзи 15 суткага қамоққа олиниши мумкинлигини Озодликка хабар қилган Баҳром Ҳамроев ўзининг хавфсизлик идоралари буйруғига қўлга олинганини тахмин қилмоқда.

Якшанба куни кундузги соат 3-ларда Подмосковьенинг Сергиев Посад туманида йўл-патруль хизмати томонидан тўхтатилган “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раиси Баҳром Ҳамроев суд қарори билан 15 суткагача қамоққа олиниши мумкин.

Ҳозирда ҳимоячи Пушкино тумани полиция бўлинмасига олиб келинди. Озодлик билан суҳбатда фаол полициячилар уни тўхтатганларига ҳайдовчилик гувоҳномаси бекор қилингани тўғрисида суд қарори борлиги билан изоҳлашганини айтади.

- Мен ҳозир Пушкино полиция бўлимидаман. Ҳайдовчилик гувоҳномангиз суд томонидан бекор қилинган, деди. Улар ҳозир ишимни қайта кўриб чиқиб, суд қарорларида хатоликлар борлиги, ўзларини хатоларини қайта кўриб чиқяпти ва умуман уларни бекор қиляпти. Тўғриси, ҳар хил хаёллар келяпти... Мени ким қачон суд қилганини мен билмайман. Кутиб ўтирибман, деди Баҳром Ҳамроев.

Суҳбатдош кейинроқ суд унинг эски яшаш манзили бўйича ўтказилгани ва у ҳақда унга хабар берилмаганини аниқлаган.

Баҳром Ҳамроев полициячилар томонидан тўхтатилишининг бошқа сабаблари бўлиши мумкинлигини айтади:

- Киров шаҳрига иш сафари билан кетаётган эдим. Кировда 2015 йилнинг 24 июлида Ўзбекистонда ҳибс этилган Россия фуқароси муфтий Темур Турсунов ҳимоясига конференция бўлиб ўтиши керак эди, яна бир нечта сиёсий маҳбуслар ҳаёти билан қизиқиб йўлга чиққан эдим. Тахмин қиляпманки, бунинг алоқаси бор: Кировдаги пресс-конференция тўхтатилди. Аммо кураш давом этади, чунки Темур Турсунов масаласи Ўзбекистон учун жиддий масала. Ҳозир Темурнинг иши ёпилиб, судга оширилди. Биринчи суд маҳкамасида унинг фамилиясини сўрашса “Мен Россия фуқароси, Темур Турсунов бўламан!”, деганда судья ишни ёпиб, бошқа кунга кўчирди. Лекин унга жиддий айбловлар қўйилган, у узоқ йилларга қатағон қилиниши мумкин .Унга “исломий” айблов қўйилгани учун Россиянинг бу масалада аниқ позицияси бўлмади. Масалан, Россия учоғи Туркияда уриб тушурилганида Туркия билан дипломатик муносабат узилишигача борди, деди ҳуқуқ фаоли.

Москвада ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев ҳибс этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:21 0:00
Бевосита линк

Ҳозирда “Мемориал” ташкилоти ўз ходими ҳимоясига катта куч ташлагани ва Ҳамроевни ҳибсга олиниши сабабларини тушунтириш талаби билан ҳукумат идораларига мурожаат қилгани аниқланди.

Озодлик суҳбатлашган “Мемориал”, “Фуқаровий кўмак” марказлари вакиллари йўл полициясининг ҳатти-ҳаракатларини "юқоридан берилган буюртма" эканига ишонишларини айтишмоқда.

Баҳром Ҳамроевга бундан олдин ҳам ҳужумлар бўлган
Баҳром Ҳамроевга бундан олдин ҳам ҳужумлар бўлган

Эслатиш жойизки, айнан “Мемориал” ва бевосита Баҳром Ҳамроевнинг ҳатти-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистонга ота-онасини кўргани бориб, бир ойга дом-дараксиз йўқолган кировлик имом Темур Турсунов дараги маҳаллий хавфсизлик хизмати ертўласидан чиқди.

90-йиллардан буён Россияда яшаб келган ва аллақачон бу мамлакат фуқаролигини олган Темур Турсунов ҳозирда Ўзбекистонда Россия фойдасига “жосусликда” ҳамда “экстремистик адабиёт сақлаганликда” айбланмоқда. Айрим маълумотларга кўра, муфтий Турсуновга 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Баҳром Ҳамроев бундан олдин ҳам полиция ва ФСБ босимига бир неча бор учрагани тўғрисида Озодлик хабар берган.

Хусусан, 2011 йилнинг 7 декабрида Озодлик мухбири кўз олдида ҳуқуқ ҳимоячиси икки нафар фсбчи томонидан қаттиқ калтакланган эди. Ўша йилнинг июнь бошларида Ҳамроев номаълум кимсалар ҳужумига учраган ва қаттиқ жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилганди.

2014 йилнинг октябрида Владимир вилоятида Ўзбекистонда қидирувда бўлган Ҳамидулло Акбаровни ўғирлаб кетаётганлар ортидан қувиб бораётган Баҳром Ҳамроев маҳаллий йўл полициячилари томонидан тўхтатилиб, бўлимга олиб кетилган эди.

Россияда фаолияти йилдан-йилга чекланиб борилаётган ва ҳукумат томонидан “хориж агенти” деб эълон қилинган “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази ва Баҳром Ҳамроев томонидан тузилган “Ёрдам” нодавлат ташкилоти Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари ва сиёсий қочқинлар ҳуқуқлари, жумладан диний таъқидга учраётган шахслар ҳимояси билан шуғулланиб келади.

.........................

Озодлик Баҳром Ҳамроевнинг Москвада ҳибс этилиши билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG